Курашчилар рейтинг тизими Осиё қитъасидан бошланади
Ads

Паттая шаҳрида ёшлар ўртасида кураш бўйича VI Осиё чемпионати доирасида Осиё–Океания кураш конфедерациясининг III конгресси якунланди.

Ташкилот матбуот хизматининг SPORTS.uzга маълум қилишича, конгресс йиғилишида қитъамизнинг 20 га яқин давлати кураш федерациялари вакиллари иштирок этди. Конфедерация президенти Комил Рўзиевнинг барча иштирокчиларга табриги ўқиб эшиттирилгандан сўнг Конгресс фаолияти очиқ, деб эълон қилинди.

Конгрессда Таиланд кураш ассоциацияси президенти, ёшлар ўртасида VI Осиё чемпионати ташкилий қўмитаси раиси Пулсак Сажатҳамнукул ва Осиё-Океания кураш конфедерацияси вице-президенти Мирзақули Қурбонов мазкур халқаро мусобақани ўтказиш бўйича кўрилган тайёргарлик ишлари ҳақида ҳисобот тақдим этди.

Таъкидлаш лозимки, дунё сайёҳларининг севимли масканларидан бири ҳисобланадиган Паттая шаҳри мезбонлигидаги VI Осиё чемпионати юқори даражада ташкил этилди. Унда қитъамизнинг 20 га яқин давлатидан 200 дан зиёд ёш курашчи ғолиблик учн гиламга тушмоқда.

Конгрессда Кураш халқаро ассоциацияси (IKA) техник директори Ризо Нассири сўзга чиқиб, Осиё қитъаси IKA оиласида энг кучли конфедерацияларидан бири эканини қайд этди. IKA томонидан дунё курашчилари рейтинг тизими жорий этилмоқда. Мазкур тизим синов тариқасида Осиё қитъасидан бошланади, деб маълум қилди у.

Йиғилишда ташкилий масала кўриб чиқилди. Осиё-Океания кураш конфедерацияси вице-президентлари Самсудин (Индонезия) ва Ким Эур Жонг (Корея Республикаси) лавозимларидан озод этилди.

Конгрессда Бангладеш Лаос ва Қирғизистон кураш федерациялари КСАО аъзолигига қабул қилинди.

Шунингдек, Конгресс қитъамизда курашни янада ривожлантириш истиқболлари билан боғлиқ долзарб масалаларни муҳокама қилиш  майдонига айланди. Қатор таклифлар ўртага ташланди. Бу йўналишдаги ҳаракатлар дастури асосида бажарилиши лозим бўлган ишлар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.