Кутилмалар ўзини оқламаяпти! "Навбаҳор" кўп нарса йўқотиб бўлди

Ўзбекистон Суперлигаси 3-туридан ўрин олган "Бунёдкор" - "Навбаҳор" баҳси бўлиб ўтди. Унда жамоалар 2:2 ҳисобидаги дурангга имзо чекди. "Лочинлар" сафида Табатадзе дубль муаллифига айланган бўлса, "қалдирғочлар"нинг голларига Мираҳмадов иккита гол уришга муваффақ бўлди. 

"Бунёдкор" Суперлига жорий мавсумидаги илк очкосини қўлга киритган бўлса, "Навбаҳор" кетма-кет иккинчи учрашув очко йўқотмоқда. 

Учрашувдан сўнг наманганликлар устози Самвел Бабаян матбуот анжуманида иштирок этди ва ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Мураббий жамоаси етарлича йўқотишларга дуч келганини таъкидлаб, "Бунёдкор" даражасидаги клубларни таслим этиш кераклигини айтиб ўтди: 



- Дастлабки уч турни ўтказдик ва рўй бериши мумкин бўлган барча омадсиз ҳодисалар шу учта ўйинда рўй берди. Кутилмаган голлар ўтказдик. Футболчи боши билан зарба берди ва тўп ноёб траектория орқали дарвозамиздан жой олди. Ҳа, майли. Мавсум энди бошланди ва ҳали олдинда ўйинлар кўп. Сабрли бўлишимиз керак. Ўйин сифати, хоҳиш, мотивация ҳаммаси жойида, аммо кутилмаган ҳодисалар рўй бермоқда. Хавфли вазиятларни голга айлантира олмаяпмиз ва йўқ жойдан гол ўтказиб юбормоқдамиз. Олдинда кичик танаффус бор ва танаффус жараёнида барчасини таҳлил қилиб чиқамиз. Ўйин ҳақида гапиргим келмаяпти. “Бунёдкор”ни ҳурмат қиламан, бироқ бундай даражадаги жамоаларни мағлуб этишимиз керак.

- “Бунёдкор”да ўзгаришлар рўй берди. Бугунги учрашувда улар тўлиқ янги таркиб билан майдонга тушишди. Аввалги икки учрашувда ҳам “қалдирғочлар” ёмон ўйнашмади, аммо ҳимоядаги хатолар сабабли жамоа кўп гол ўтказиб юбораётган эди. Бугун эса умуман бошқа футболчилар майдонга тушди. Янги футболчилар эса бизга нотаниш. Биринчи бўлимда кўпроқ босим қилишимиз керак эди. Сабаби, рақибимиз таркибидаги футболчилар ёш. Танаффусдан сўнг босимни кучайтирдик ва иккита гол урдик. Биринчи бўлимни жуда ёмон ўтказдик. “Бунёдкор”нинг мисоли, маҳаллий мутахассисларга ишонишда давом этишимиз кераклигини кўрсатиб берди. Янги мураббий жамоани бугунги учрашувга яхши тайёрлаганини кўрдингиз. “Бунёдкор” ўз академияси билан машҳур. Бугун майдонга тушган ёш футболчилар буни исботлашди. “Бунёдкор”га “респект”!



Шахсий ёндашув 


Қайд этиш лозим, айни дамда "Навбаҳор" 3-турдан сўнг Суперлига турнир жадвалида 5 очко билан 6-ўринни банд этиб турибди. "Лочинлар" илк турдаги ғалабадан сўнг кетма-кет икки учрашувда очко йўқотди. Жорий мавсум Суперлигада энг кучли таркибга эга ва бир қатор терма жамоа даражасидаги футболчиларни ўз сафига қўшиб олган "Навбаҳор"дан мухлислар ҳар доим кўпроғини кутади. Иккинчи турда ОКМКга қарши ўз майдонидаги учрашувда йўқотилган очко ҳам аслида тушунарсиз. Ҳозир клублар ўртасида таркиб ва бир қатор факторларни инобатга олсак, фарқ катта. Бироқ "Бунёдкор" ўзининг илк очкосини энг кўп нарса кутилаётган "Навбаҳор"га қарши қўлга киритгани ўтиб тушди ва клуб ишқибозларини бироз ранжитган бўлса, ажаб эмас. Демак, бу мавсум ҳам қайси жамоа чемпион бўлишидан қатъи назар, бу осон чемпионлик бўлмаслиги аниқ. Мавсум стартининг темпни белгилаб беряпти. Бизни олдинда узоқ ва интригали жараён кутиб турибди. Бабаян шогирдлари кейинги турни "Сурхон"га қарши ўтказади ва 5-турда "Насаф" билан ўйнайди. 6-турда улар "Пахтакор"ни сенсацион тарзда мағлуб этган ва яхши ўйин кўрсатаётган "Локомотив"га, 7-турда "Сўғдиёна"га ва 8-турда айни дам Суперлига пешқадами бўлиб турган "Нефтчи"га қарши майдонга чиқади. Мана шу даврга келиб, клубнинг ўйини ва даражаси мақсадларига қанчалик монанд эканлигини билиб оламиз. Ҳозирча йўқотишлар кўлами анча катта. Тахмин қилинган даражадан келиб чиқиб, албатта. 



                                                                                                                                                              Карим Худайқулов            

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Азимов Хасанбой
18/03/2024 10:49
Навбахор тугри йулда 3 йилдан бери Бабаян Навбахорни пулини кукка совуриб йулини тополмайди АФСУСССССС.
Абдухаликов Мухаммад
18/03/2024 08:08
Бабаянга яхши бош мураббий керак Бабаянни клуб директори вазифасига утказиш керак