Ла Лига ва А Сериянинг тақдири нима бўлади?

Европа миллий чемпионатлари коронавирус эпидемияси сабаб номаълум муддатга таътилга чиққанидан сўнг, мавсумнинг қандай якунланиши барча учун қоронғу бўлиб қолмоқда.

Испания Ла Лигаси президенти Хавьер Тебас ушбу вазиятга изоҳ бериб, жорий ҳафта якунигача бир қарорга келиниши ҳақида маълум қилиб ўтди.

"Ўтган дам олиш кунлари Европанинг қатор клублари ва ташкилотлари билан видеомулоқотда бўлдим. Бу ҳафта биз учун муҳим бўлиши кутилмоқда.

Коронавирус муаммоси шифокорларнинг иши, бироқ биз молиявий муаммоларимизни ҳал этишимиз керак. Мавсумнинг деярли ярим ўйинлари ўтказилмади. Бизнинг кўплаб ташкилотлар билан шартномаларимиз бор, агар мавсумни якунлай олмасак биз анча катта рақамларни қўлдан бой берамиз, бироқ ҳозирги вазият чемпионатни якунлай олмаслигимизга қараб бормоқда", - дейди Тебас.

Шунингдек, Италия футбол ассоциациси президенти Дамиано Томмази мамлакат чемпионатининг кейинги тақдири ҳақида маълумот бериб ўтди.

"Апрель ойида ҳам ўйинлар ташкил этишимиз имконсиздек. Аммо май ёки июнда бўлса ҳам А Серия тикланишига умид қиляпмиз.

Аммо, гап фақат футболчиларнинг соғлиғи ҳақида эмас, чунки биз клубларда фаолият кўрсатаётган барча ҳодимларнинг соғилиғи ҳақида ҳам қайғуришимиз керак.

Бу фақатгина Италиянинг эмас, балки бутун Европанинг муаммоси", - дейди Томмази.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)