Легионеримиз 30 метрдан супер гол урди. Бу биринчиси!
Ўзбек футболининг энг истеъдодли тарбияланувчиларидан бўлган Иброҳимхалил Йўлдошев бу йилдан эътиборан Қозоғистоннинг энг номдор клуби “Қайрат” шарафини ҳимоя қиляпти.
23 ёшли футболчимиз жамоанинг асосий фигураларидан ҳисобланади ва мунтазам бошланғич таркибда майдонга тушади.
Иброҳимхалил янги жамоасида илк голини уришга муваффақ бўлди. Бу Лига кубоги мусобақасининг биринчи турига тўғри келди. “А” гуруҳидан ўрин олган “Қайрат” ушбу мусобақадаги илк учрашувда “Акжайик” дарвозасига жавобсиз 9 та тўп киритди.
Иброҳимхалил Йўлдошев аввалига 13-дақиқада жамоасининг биринчи голига ассистентлик қилди. Ҳимоячимиз баҳснинг 28-дақиқасида узоқ масофадан аниқ зарба йўллаб, рақиб дарвозабонини ожиз қолдирди. 30 метрдан киритилган гол легионеримиз учун "Қайрат" таркибидаги дебют гол бўлди.
Учрашувда қолган голлардан учтасини Жоао Пауло, Александр Широбоков, Вячеслав Швирев 33, Элдер Сантана, Адилет Садибеков ва Гиорги Зария киритди.
Қозоғистон Лига кубогида мамлакатнинг энг кучли 16 та жамоаси тўрт гуруҳга бўлинган ҳолда ғолиблик учун курашади.
Мусобақанинг бу галги мукофот жамғармаси Қозоғистон футболи тарихида энг катта – 1 миллион АҚШ доллари қилиб белгиланди.
Мусобақа уч босқичда – гуруҳ баҳслари, ярим финал ва финал тарзида ўтказилади.
Қоидага кўра, бир даврали тизимда ўтказиладиган гуруҳ баҳсдарида биринчи ўринни эгаллаган жамоалар ярим финалда ўзаро куч синашади. Гуруҳ ғолиблари 20-21 июнга белгиланган учинчи турдан кейин аниқ бўлади.
Ярим финалларнинг дастлабки учрашувлари 10-11 август, жавоб ўйини 30 октярбь ва финал 24 ноябрга белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, Иброҳимхалил Йўлдошев аслида Россия Премьер-лигаси вакили “Нижний Новгород” футболчиси ҳисобланади. “Қайрат” чап қанот ҳимоячисини кейинчалик тўлиқ трансфер қилиш ҳуқуқи билан 2024 йилнинг охирига қадар ижарага олган.
Легионеримиз Қозоғистон Премьер-лигасида олти маротаба майдонга тушиб, битта голли пас узатди. Жорий мавсум чемпионликни мақсад қилган алматиликлар 9-турдан сўнг 15 очко жамғариб, тўплар нисбатига кўра учинчи ўринни эгаллаб турибди.
Фикрлар