Легионеримиз етти ойдан бери майдон ташқарисида, бу ҳол яна қачонгача давом этади?
Биз хорижда ўйнаётган ҳар бир легионеримизга алоҳида тўхталиб ўтишга ва у ҳақидаги охирги янгиликларни ёритиб боришга ҳаракат қилиб келмоқдамиз. Жумладан, Индонезия чемпионатида тўп сураётган легионеримиз Жавлон Гусейновни ҳам унутиб қўйганимиз йўқ.
У “Борнео” клубининг сардори ва етакчисидир. Бироқ Индонезия чемпионати худди Суперлигамиз сингари март ойида карантин туфайли тўхтатиб қўйилганди. Лекин шундан бери у ерда миллий биринчилик ўтказилмаяпти.
Аслида октябрнинг бошларида давом эттирилиши маълум қилинганди. Бироқ яна қолдирилгани маълум бўлди. Бир неча ойдан бери футболдан ташқарида қолиб кетаётган легионеримизнинг у ердаги ҳаёти қандай кечяпти? Футболсиз зерикмаяптими? Индонезияда яна қанча вақт қолмоқчи? Шу ва яна бошқа қизиқарли мавзулар бўйича Гусейнов sports.uz мухбирига қуйидагиларни айтди.
“3-4 кун қолганида чемпионат тўхатиб қўйилди”
- Сизлар бўлмасанглар, бизни танишмайди ҳам. Ахир икки йилдан бери Индонезиядаман, - дея гап бошлади, Гусейнов - Бу ерда чемпионат март ойида тўхтаганидан кейин 3-4 ой давомида қатъий карантин эълон қилинди. Ўша маҳалларда машғулот қилиш ҳам мумкин эмасди. Июлнинг охири августнинг бошларидан машғулотларга рухсат берилди. Жамоамиз билан шуғулланиб келаётгандик. 2 октябрда эса чемпионат ўйинлари давом эттирилиши керак эди. Лекин 3-4 кун қолганида чемпионат яна тўхтатилганини эълон қилишди.
“Бошида маошимизни кесишди, энди тўлиқ оляпмиз”
- Маош масаласида ҳаммаси яхши. Клубимиз президенти олийжаноб инсон. Апрель ва май ойлари учун иш ҳақимизни 25 фоиздан кесди. Шундан бери маошларимизни тўлиқ бериб келяпти. Ҳаммани ойлик маош қизиқтиради-а, (кулади). Худога шукр, олаётган пулимиз оилани тебратишга ва озгина ортиб йиғиб қўйишимизга ҳам етяпти.
“Маҳаллий тилни ўрганиб олдим”
- Икки йилдан бери шу ердаман. Кўп нарсага мослашиб қолганман. Анча-мунча маҳаллий тилини ҳам ўрганиб олдим. Маҳаллий аҳоли ва футболчилари билан Индонезия тилида гаплашиб юрибман. Бу ернинг табиати жуда гўзал. Сал вақт бўлди дегунча табиат қўйнида, чиройли манзаралари бор жойларда сайр қиламан. Денгизга ҳам бориб тураман ва яна бўш вақтимда китоб ўқиб тураман.
“Ўйин амалиётининг йўқлиги футболчи учун салбий”
- Албатта, ўйин амалиётининг бўлмаётгани футболчи учун салбий ҳолат. Ахир биз етти ойдан бери расмий ўйин ўйнаганимиз йўқ. Тўғри, машғулотларга рухсат берилганидан сўнг 2-3 марта ўртоқлик учрашувларида майдонга тушдик. Барибир бу ҳеч нарса эмас-да. Расмий учрашувларсиз қийин бўлади. Аммо барчаси Аллоҳдан, ҳар бир ишда ҳикмат бор. Балки бу ҳам яхшиликкадир.
“Яна легионер сифатида ўйнамоқчиман, Ўзбекистон чемпионатига қайтишга улгурарман”
- Тўғри, менга таклиф бўлди, бироқ кўп эмас. Иккита жамоадан, бошқа чемпионатлардан чақирувлар тушди. Менинг “Борнео” билан амалдаги шартномам борлиги сабабли таклифларни жиддий кўриб чиқмадим. Жамоамиз президенти билан алоқам жуда яхши. Шу сабабли ҳам бошқа клубга кетгим келмади. Гапнинг очиғи, менга ўзим ўйнаётган жамоамнинг даражасидан пастроқ бўлган клублардан таклифлар бўлгани учун айтарли ўйлаб ҳам кўрмадим десам бўлади. Бири Бангладеш, яна бири Малайзия биринчи дивизионидан таклиф тушди. Ҳозир эса вазият қандай бўлишини кутяпмиз. Агар чемпионат яна давом эттирилмасдан қолаверса, унда яна бошқа вариантларни кўриб чиқишим мумкин. “Борнео” билан шартномам келаси йилнинг 28 февраль куни тугайди. Насиб қилса, фаолиятимни яна легионер сифатида давом эттирмоқчиман. Ҳали Ўзбекистон чемпионатига қайтишга улгурарман.
“Индонезия аҳолиси жуда беғам”
- Индонезияда мени ҳайрон қолдирадиган жиҳатлари кўп, ҳаммасини айтиш учун бирма-бир эслашим керак. Мисол учун, битта Индонезия тили бор. Аммо бундан ташқари ҳар бир шаҳарининг яна алоҳида тиллари бор. Масалан, бизда ҳар бир шаҳарнинг ўз шеваси бор, у ерда эса ўз тилларида гаплашишади. Баъзи пайтларда улар бир-бирларини тушунишмайди. Ява оролининг ўзида бир нечта тил бор ва ўз тилларида гаплашишса нима дейишаётганини билишмайди. Агар ҳаммаси Индонезиянинг адабий тилида гаплашсагина тушунишлари мумкин. Индонезия халқи ҳеч қачон ҳеч қаерга шошилишмайди. Жуда ҳам беғам деса бўлади. Қандайдир учрашув белгиланган бўлса, ҳар доим кеч келишади. Ҳали бирор марта вақтида келишганини кўрмаганман.
“Улар мендан ўзбекистонлик футболчилар ҳақида сўрашади”
- Индонезия чемпионатида ўзбекистонлик футболчиларга қизиқишади. Қайсидир позицияга ўйинчи керак бўлса, мендан сўрашади ва видеолари бўлса юборгин дейишади. Бизнинг ўйинчилар эса бундай нарсага қизиқишмайди. Агар зарурат туғилиб қолганида қайсидир футболчига ўйинларинг ёзилган видеони юборгин десангиз, чала-чулпа қилиб юборишади. Бу ерда легионерларни кўпинча видеоларига қараб танлашади. Индонезияда Бразилия, Аргентинадан келган ўйинчилар кўп. Улар ҳар мавсум тугамасидан олдин ўз видеоларини янгилаб борадилар ва агентларининг қўлида бўлади. Шу боис уларга доим вариантлар кўп бўлади. Бизнинг аксарият футболчиларимиз эса бундай нарсаларга қизиқишмайди. Ҳаттоки, баъзиларига видеоинг борми, десак нима у дейишади. Бундан ажабланиб қоламан. Яқинда бир клубга дарвозабон керак бўлиб қолганди ва ўзимизнинг чемпионатдан қидирдик, аммо топа олмадик. Аниқроғи, тўлайдиган ойлик маоши озроқ бўлгани учун ушбу суммага дарвозабон топиш қийин бўлди.
Фикрлар