Легионеримиз ўзига Европанинг кучли лигаларига йўл очмоқда!
Беларусь олий лигасида “Энергетик-БГУ” жамоасида ўйнаётган Бобур Абдухолиқовнинг ўйини хорижлик мухлису мутахассисларда жуда яхши таассурот қолдирмоқда.
“Насаф”да пишган тезкор ҳужумчимиз ўтган йили қишда легионер сифатида илк тажрибаси муваффақиятсиз чиққанига қарамай, руҳан синиб қолгани йўқ. Хабарингиз бор, Бобур Украина чемпионати вакили “Рух” билан шартнома имзолаб, кейинчалик уни бекор қилган ва юртимизга қайтган эди.
Бобур яқиндаги интервьюларидан бирида “Рух” бош мураббийидан уни ҳужум марказида ўйнатишни сўраганидан кейин унинг муносабати ўзгариб қолганини ва асосий жамоага жалб қилиш ваъдасини бажармаганини билиб олган эдик.
Абдухолиқов ортга қадам ташлаш бўлса-да, Украинадан қайтиб тўғри қилган экан. Ўтган йили ёзгача жамоамиз қолган ҳамюртимиз ёзда эркин агент сифатида “Энергетик-БГУ” жамоасига бориб, минскликлар билан бир ярим йиллик шартнома имзолади.
2021 йилги мавсум Бобур учун мослашиш даври бўлди. Ҳамюртимиз 14 та учрашувда майдонга тушган бўлса-да, атиги иккита гол билан кифояланди. Бу кўпроқ ҳужумчининг жисмоний ҳолати, ярим мавсум майдондан ташқарида қолгани ва янги жамоада мавсумолди тайёргарлигини тўлиқ ўтамагани билан боғлиқ.
Янги мавсум бошланиши билан Бобур Абдухолиқов яхши мактаб кўрганини намойиш қила бошлади. Айнан унинг ҳаракатлари эвазига ўтган мавсумда олий лига мусобақа жадвалининг иккинчи қисмида юрган “Энергетик-БГУ” бу гал совринларга даъвогарлик қилаётган жамоага айланди.
Саккизинчи турда “Энертегик-БГУ” ўзи билан бир хил очко жамғарган ва совринли ўринлар учун курашаётган “Минск” жамоасини қабул қилди. Мезбонлар рақиб жамоанинг ҳимоя чизиғини ёриб ўтиш учун бир бўлимдан кўпроқ вақт сарфлади.
56-дақиқада “Энергетик-БГУ” етакчиларидан Свирепа узоқ масофадан тўпни Бобур Абдухолиқов томон тепди. Ҳамюртимиз дарвоза томон қадам ташладию тўпга ҳаракат қилмадию. “Минск” дарвозабони легионеримиз ҳаракатларига чалғида ва тўп ҳеч кимга тегмасдан дарвоза тўридан жой олди.
Устунликни сақлаб қолган “талабалар” 75-дақиқага келиб пенальти тепиш ҳуқуқига эга бўлди. Нуқтага яқинлашган Абдухолиқов дарвозабонга имкон қолдирмади - 2:0.
Шу куни майдонда ҳаракат қилган ярим ҳимоячи Шоҳруҳбек Абдураҳмонов анча фаол ўйнади ва бир неча маротаба турли масофалардан хавфли зарбалар берди. 18 ёшли марказий ҳимоячи Абдулқодир Ҳусанов эса рақиб ўйинчиларини “Энергетик-БГУ” дарвозасига хавф солишига йўл қўймади.
Маълумотларга қараганда, “Энергетик-БГУ”нинг ўзбек легионерилари, Бобур Абдухолиқов ва Абдулқодир Ҳусановга кучли жамоалардан қизиқиш туғила бошлаган. Клуб раҳбарияти ёзда улардан бирини ёки иккаласини сотиб юборишга тайёр.
Муҳим ғалабадан кейин “Энергетик-БГУ” очколари сонини 16 тага етказиб, кучли учликдаги мавқеини мустаҳкамлаб олди. Чемпионат тўпурарлари пойгасида етакчилик қилаётган Бобур Абдухолиқов голлари сонини 9 тага етказди. Шунингдек, унинг ҳисобда учта голли узатма бор ва ҳамюртимиз олий лиганинг энг фойдали ўйинчиси бўлиб турибди.
Тўққизинчи турда “Энергетик-БГУ” футболчилари мусобақа аутсайдерларидан “Арсенал-Дзержинск” меҳмони бўлади.
Фикрлар