Шомуродов, энди сенга янада қийин бўлади!
“Женоа”даги ёрқин дебют мавсумидан кейин “Рома”га ўтган Элдор Шомуродов “бўрилар”нинг асосий таркибига қўшила олмади.
Жозе Моуриньо чемпионат, кубок ва халқаро ўйинларда доимий тарзда Тэмми Абрахамдан фойдаляпти. Икки ҳужумчи ўйнайдиган тактика қўлланган паллада англиялик ҳужумчи ёнида Николо Дзаньоло ҳаракат қиляпти.
Моуриньонинг ҳужумчилари рўйхатида легионеримиз анча пастга тушиб кетди. Португалиялик мутахассис Элдордан кўра Феликс Афена-Гьянни ўйнатишни маъқул кўряпти. Шунингдек, Карлес Перес ва Стефан Эл-Шаарави ҳам ҳамюртимиз сингари ўзига бериладиган имконни кутмоқда.
“Рома” раҳбарияти келаси мавсум учун янги ҳужумчи қидираётгани ҳеч кимга сир эмас. Жозе Моуриньо Тэмми Абрахамга шерик сифатида бошқа форвард тўп тепишини истаяпти. Бунга Николо Дзаньолонинг жароҳатга мойиллиги ва ёзда кетиб қолиши мумкинлиги ҳам сабаб бўлмоқда.
“Рома” спорт директори рўйхатидаги ҳужумчилар қаторига “Аталанта” вакили Луис Муриэль қўшилди.
Football Italia нашрининг маълум қилишича, римликлар колумбиялик форвард трансфери бўйича бергамоликлар билан музокарани бошлаб юборди. Муриэлнинг амалдаги шартномаси келаси йили якунланади. Ҳужумчи битимни янгилашни истамагани “Аталанта” хўжайинларини уни сотиб юборишга мажбур қилмоқда.
Маълумотларга қараганда, “Рома” бу ўйинчини 20 миллион еврога трансфер қилиши мумкин. Муриэль Бергамо клубига 2019 йили Испания чемпионати вакили “Севилья”дан кўчиб ўтган.
31 ёшли ҳужумчи 2010 йили Колумбиянинг “Депортиво Кали” жамоасидан Европага йўл олганидан кейин фаолияти давомида “Удинезе”, “Лечче”, “Сампдория”, “Фиорентина” каби жамоаларда ҳам тўп тепган.
Колумбиялик форвард жорий мавсумда барча турнирларда 37 та учрашувда қатнашиб, рақиблар дарвозасига 13 та тўп киритди ва жамоадошларини 9 та голли узатма билан таъминлади. Луис жорий мавсум “Рома”га қарши учрашувда Руй Патрисио дарвозасини ҳам ишғол қилди.
“Рома” нишонига тушган яна бир ҳужумчи Ҳамид Траоредир. Ивуарлик истеъдод эгаси “Сассуоло” шарафини ҳимоя қилмоқда.
Жозе Моуриньога 22 ёшли ўйинчининг универаллиги маъқул келмоқда. Траоре фаолиятини ҳужумкор марказий ярим ҳимоячи сифатида бошлаган бўлса-да, айни пайтга келиб, ҳар икки қанотдан ҳужум уюштириш ва иккинчи ҳужумчи вазифасини ҳам маҳорат билан бажара олишини намойиш қилиб келяпти.
Траоре “Эмполи” тарбияланувчиси ҳисобланади. 2019 йили “Сассуоло” Ҳамидни ижарага олиб, икки мавсумдан кейин унинг трансфер ҳуқуқини 16 миллион еврога тўлиқ сотиб олди.
Ивуарлик ҳужумкор футболчи жорий мавсумда А Серия ва Италия кубогида жами 29 та ўйинда қатнашиб, ўз ҳисобига саккизта гол ва тўртта самарали узатма расмийлаштирди. У А Серия беллашувларида “Рома”, “Верона”, “Фиорентина”, “Салернитана”, “Лацио” ва “Аталанта” каби жамоалар дарвозасини ишғол қилди.
Рим клубига Траорени олиш осон бўлмайди. Чунки бу ўйинчига “Милан” ва “Наполи” каби етакчи клублардан жиддий қизиқиш бўляпти. Бундан ташқари, шартномаси яна икки мавсум давом этадиган африкалик йигитнинг трансфери 30 миллион еврога баҳоланяпти.
Тьягу Пинто бу трансферларни уддалаб, “Рома”га янги ҳужумчиларни олиб келадиган бўлса, Элдор Шомуродовнинг асосий таркибга кириши янада қийинлашиб кетади. Бундай вазиятда нафақат ҳамюртимиз, балки Карлес Перес ва Стефан Эл-Шаарави каби ҳужумчиларнинг “Рома”даги ҳолати анча мураккаб бўлиб қолади.
Фикрлар