
Легионеримиз соврин ютди ва Европага йўл олади!
Ўзбек футболининг кейинги йиллардаги энг иқтидорли тарбияланувчиларидан Умарали Раҳмоналиев легионер сифатида илк совринини қўлга киритди.
“Бунёдкор” академиясида тарбияланган ва асосий жамоада бир йил ўйнаганидан кейин 2023 йилнинг январида Россияга йўл олган ярим ҳимоячини тақдир Озарбайжонга етаклади.
“Рубин” сафида ўйин амалиётисиз қолиб кетган 21 ёшли футболчини қозонликлар шу йил бошида ижара асосида Озарбайжоннинг “Сабаҳ” жамоасига юборган эди.
Мамлакат пойтахти шарафини ҳимоя қилаётган “Сабаҳ” футболчилари Озарбайжон кубоги финалига етиб келди ва ҳал қилувчи баҳсда энг кучли клублардан бири “Карабах” билан куч синашди.
Муросасиз курашларга бой бўлган учрашувнинг асосий вақтида кучлар тенг келди – 2:2. Беллашув давомида томонлар биттадан пенальтини аниқ бажара олмагани ўйин анча асабий ўтганидан далолат беради. Қолаверса, “Сабаҳ” ҳакам томонидан тўхталишлар учун баҳс охирида қўшиб берилган еттинчи дақиқада тўп киритиб, мағлубиятдан қутилиб қолди.
Шу тариқа, ғолиб қўшимча таймларда аниқланди. Сўнгги сониялар яна “Сабаҳ” фойдасига ишлади. Теллур Муталлимов ўйин якунланиши арафасида ғалаба голини урди.
Қийин ўтган финалда 3:2 ҳисобида зафар қучган “Сабаҳ” ўз тарихида илк бор Озарбайжон кубоги соҳибига айланди. Умарали Раҳмоналиев қўшимча вақтда майдонга тушиб, ғалаба онларини жамоадошлари билан бирга нишонлади.
“Сабаҳ” Озарбайжон кубоги тарихида бу совринга эга чиққан ўнинчи клубга бўлди. Бу борада рекорд финалдаги рақиб “Карабах”га тегишли бўлиб, бу жамоа мамлакат кубогида саккиз маротаба зафар қучган.
Тарихий ғалаба “Сабах”га халқаро майдонга йўл очди. Қоидага кўра, мамлакат кубогини қўлга киритган жамоа янги мавсумда Европа лигасида иштирок этади.
Демак, Умарали Раҳмоналиев ҳам ўз фаолияти давомида илк бор Европа лигаси доирасидаги учрашувларда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлди. Чунки ҳамюртимизнинг бокуликлар билан тузган ижара шартномаси 31 декабрга қадар давом этади ва янги мавсумда Умаралида Европа лигаси ўйинларида иштирок этиш имконияти туғиляпти.
Умарали Раҳмоналиев мавсумни Россияда бошлаб, Премьер-лигада иккита ва мамлакат кубоги доирасида бешта учрашувда майдонга тушган эди. Озарбайжонда эса, легионеримиз мунтазам ўйин амалиётига эга бўлмоқда.
Хусусан, наманганлик футболчи мамлакат чемпионатида “Сабаҳ” учун 15 та учрашувда иккитадан гол ва ассист қайд этди. Озарбайжон кубогида эса, тўрт маротаба майдонга тушиб, ўз ҳисобига учта голли пас расмийлаштирди.
Эслатиб ўтамиз, асли “Рубин”га тегишли бўлган Умарали Раҳмоналиевнинг Қозон шаҳри клуби билан амалдаги шартномаси 2026 йилнинг 30 июнигача давом этади.
Файзуллаевдан хушхабар!
Файзуллаев Ҳусанов ортидан қайси футболчи “Манчестер Сити”га бора олишини айтди!
Ҳусанов, яхши бор! “Манчестер Сити” 12 нафар футболчисини кузатди
Бунақаси бўлмаган: Ҳусанов, Шомуродов ва Файзуллаев ҳақида!
Фикрлар