
Бунақаси бўлмаган: Ҳусанов, Шомуродов ва Файзуллаев ҳақида!
Европанинг аксарият мамлакатларида футбол бўйича юқори дивизион мусобақалари якунланиб, чемпионлар, совриндорлар, Еврокубоклар иштирокичилари ва қуйи лигага равона бўлганлар номи аниқ бўлиб улгурди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатига чиқиш учун ҳал қилувчи икки беллашув арафасида турган вазиятда уч нафар етакчи ўйинчимиз – Элдор Шомуродов, Абдуқодир Ҳусанов ва Аббосбек Файзуллаевнинг клублари ижобий натижа қайд этганини таъкидлаш лозим.
Элдор Шомуродов – “Рома”
Терма жамоамиз сардори Элдор Шомуродовдан бошлайлик. Одатдагидек, 29 ёшли ҳужумчимиз мавсумни захира ўйинчиси сифатида бошлади. “Рома” мавсум давомида икки бор ўзбек ҳужумчисидан қутилишга ҳаракат қилиб кўрди.
Айниқса, қишки трансферлар даврида “Венеция” Шомуродовни кутиб олишга тайёргарлик кўраётганида бош мураббий Клаудио Раньерининг трансферга қарши чиққани кейинчалик “Рома” учун ўта манфаатли қарор бўлиб чиқди. 73 ёшли тажрибали мураббий қўл остида Элдор Шомуродов чемпионатнинг ҳал қилувчи палласида жамоанинг муҳим ўйинчисига айланди. Ўзбек форвардининг голлари ва ассистлари орқали келган очколар “Рома”га сўнгги паллагача Европа Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун курашиш имконини берди.
Гарчи жамоа кучли тўртликка кира олмаган бўлса-да, келаси мавсум Европа лигасида ўйнайдиган бўлди.
Шомуродов эса, 37 та учрашувда ўз ҳисобига еттита гол ва бешта ассист ёздириб қўйди. Энг муҳими, бутун Рим мухлислари Элдорни шахсий манфаатидан кўра, жамоа фойдаси учун курашадиган ўйинчи сифатида янада қадрлайдиган бўлди.
Элдорнинг мавсум давомида 37 та ўйинда иштирок этгани Италиядаги фаолияти давомида шахсий рекорди ҳисобланади. Бунгача ҳамюртимиз бир мавсумда бу қадар кўп учрашув ўтказмаган эди.
Абдуқодир Ҳусанов – “Ланс” ва “Манчестер Сити”
21 ёшли марказий ҳимоячи мавсумни Франция чемпионатида бошлаб, Англия Премьер-лигасида якунланади.
Абдуқодир Ҳусанов мавсум аввалидаёқ, “Ланс” захирасидан чиқиб, асосий таркибнинг муҳим ўйинчисига айланди. Марказий ҳимоячи Франция чемпионати, мамлакат кубоги ва Конференциялар лигаси саралаш турнирида жами 16 та учрашувда қатнашди.
Унинг юқори савиядаги ўйини топ-лигалар грандлари эътиборини қозонди ва қишки трансферлар ойнаси очилиши арафасида йигирматага яқин клуб ўзбек ҳимоячиси билан ҳамкорлик ўрнатиш имкониятларини чамалашга киришди.
Бу масалага бирданига 40 миллион евро бадал пули ва яна 10 миллион евро бонус таклиф қилган “Манчестер Сити” нуқта қўйди. 20 январь куни Абдуқодир Англиянинг ўша пайтдаги амалдаги чемпиони сафига бориб қўшилди.
Ҳусанов Хосеп Гвардиола қўл остида Англия Премьер-лигаси, мамлакат кубоги ва Европа Чемпионлар лигасида тўққизта учрашув ўтказди. Англия кубоги доирасида ўз ҳисобига гол ҳам ёздириб қўйди.
“Манчестер Сити” чемпионатнинг биринчи қисмида юз берган инқирозни енгиб ўтиб, Премьер-лигани учинчи ўринда якунлади ва келаси мавсум Европа Чемпионлар лигасига йўлланма олди. Демак, Ҳусановни бронза медаль билан ҳам табрикласак бўлаверади.
Аббосбек Файзуллаев – ЦСКА
Аббосбек Файзуллаевнинг “армиячилар” таркибидаги фаолиятини иккига бўлиш мумкин. Мавсум бошида ёрқин ўйинчилари билан ажралиб турган ҳужумкор футболчимиз чемпионатнинг иккинчи қисмида кўзга кам ташланадиган бўлиб қолди.
Бунга асосий сабаб – ЦСКА бош мураббийи Марко Николич ўйин схемасини ва бунинг ортидан Аббосбекнинг майдондаги жой ва вазифасини ўзгартирганидир.
Аббосбек қанот ҳужумчиси позициясидан олиб, марказга қўйилди. Вазифалари қаторига ҳужум уюштиришдан ташқари рақиб ҳужумларини тўхтатиш ва ҳимояга кўпроқ қайтиш юкламалари қўшилди.
Ёш футболчи оғир талабларга кўникиши бироз вақт олди. Бош мураббий Марко Николич бу пасайиш табиий ва вақтинчалик эканини айтиб, Файзуллаев янги жойга мослашиб олиши билан самарадорлигини кўтарилишини таъкидлади.
Янгича ўйин схемаси жамоа учун фойдали бўлди. ЦСКА чемпионатнинг ҳал қилувчи қисмида, яъни 2025 йил давомида мағлубиятсиз серия намойиш қилиб, учинчи ўринни нақд қилди.
Бундан ташқари, “армиячилар” 1 июнь куни Россия кубоги Суперфиналида “Ростов”га қарши ўйнайди ва чемпионатнинг бронза медали қаторига нуфузли совринни ҳам қўшиб олиш учун жуда яхши имкониятга эга. Албатта, ЦСКА эришаётган натижаларда Аббосбек Файзуллаевнинг хизматлари катта бўлмоқда.
Файзуллаев мавсум давомида 38 маротаба майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини уч марта ишғол қилди ва жамоадошларига саккизта голли пас узатди.
Таъкидлаш жоизки, Европанинг кучли чемпионатларида ўзбек легионерлари ўйнаётган жамоалар бир мавсумнинг ўзида юқори ўринларни эгаллагани илгари ҳеч кузатилмаган ҳолат сифатида намоён бўлди.
Фикрлар