
Ҳусанов, яхши бор! “Манчестер Сити” 12 нафар футболчисини кузатди
Европанинг аксарият лигаларида навбатдаги мавсум якунланди. Жаҳон футболида клублар миқёсида бир неча халқаро финаллар қолди холос.
Шунингдек, бир неча кучли жамоалар 15 июндан ФИФА шафеълигида ташкил этиладиган янги форматдаги клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатини бошлайди.
Бу мусобақалардан четда қолаётган клублар ўйинчиларига қисқа муддатли ҳордиқ берди. Аммо ҳаммада ҳам дам олиш имкони йўқ. Ўз мамлакатларининг турли терма жамоаларига жалб қилинган маҳоратли ўйинчилар июнь ойидаги ФИФА кунларида халқаро йиғинлар ва учрашувларда иштирок этиб, икки ҳафта давомида ўз ватани олдидаги бурчини бажариб келиши керак.
Англия футболи, хусусан, “Манчестер Сити” фаолиятини ёритиб келаётган cityxtra.co.uk портали “шаҳарликлар” клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатидан олдин 12 нафар футболчисини кузатиб қўйди.
- Хосеп Гврадиола жамоасининг бир неча ўйинчиларида ҳордиқ чиқаришга вақт йўқ, чунки ўз ичига муҳим учрашувларни олган халқаро мусобақалар бошланмоқда.
Ўзи учун мураккаб ва узоқ давом этган машаққатли мавсумни якунлаб олган “Манчестер Сити” яна бир неча кундан кейин янги мусобақага киришади. Халқаро учрашувлардан кейин Гвардиола ва унинг шогирдлари охирги ёзги турнирни бошлайди.
Унгача икки ҳафта давомида терма жамоалар 2026 йилги жаҳон чемпионатининг минтақавий саралаш турнирлари, УЕФА Миллатлар лигаси ярим финал ва финал босқичлари доирасидаги расмий учрашувлар, халқаро ўртоқлик ўйинларида қатнашади.
“Манчестер Сити” клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати эски форматнинг сўнгги ғолиби сифатда бошлайди. Манчестерликлар 2023 йили Саудия Арабистонида ўтказилган турнирда зафар қучган эди. Гвардиола шогирдлари АҚШдаги янгича мусобақада Италиянинг “Ювентус”, “Бирлашган Араб Амирликларининг “Ал-Айн” ва Марокашнинг “Видад” жамоалари билан бир гуруҳда беллашади.
Унгача “Манчестер Сити” ўз юртидан чақирув олган қуйидаги ўйинчиларни терма жамоаларга юборди.
Бельгия: Кевин Де Брюйне, Жереми Доку
Шимолий Македония — Бельгия, 06.06, 2026 йилги жаҳон чемпионати саралаш турнири.
Бельгия — Уэльс, 06.09, 2026 йилги жаҳон чемпионати саралаш турнири.
Хорватия: Йошко Гвардиол, Матео Ковачич
Гибралтар — Хорватия, 06.06, 2026 йилги жаҳон чемпионати саралаш турнири.
Хорватия — Чехия, 06.09, 2026 йилги жаҳон чемпионати саралаш турнири.
Англия: Кайл Уокер
Андорра — Англия, 07.06, 2026 йилги жаҳон чемпионати саралаш турнири.
Англия — Сенегал, 10.06, халқаро ўртоқлик ўйини
Нидерландия: Натан Аке
Финляндия — Нидерландия, 07.06, 2026 йилги жаҳон чемпионати саралаш турнири.
Нидерландия — Мальта, 10.06, 2026 йилги жаҳон чемпионати саралаш турнири.
Норвегия: Оскар Бобб, Эрлинг Холинд
Норвегия — Италия, 06.06, 2026 йилги жаҳон чемпионати саралаш турнири.
Эстония — Норвегия, 06.09, 2026 йилги жаҳон чемпионати саралаш турнири.
Португалия: Рубен Диаш, Бернарду Силва
Германия — Португалия, 06.04, УЕФА Миллатлар лигаси ярим финали
Швейцария: Мануэль Аканжи
Мексика — Швейцария, 06.07, халқаро ўртоқлик ўйини
Ўзбекистон: Абдуқодир Ҳусанов
Бирлашган Араб Амирликлари — Ўзбекистон, 06.05, 2026 йилги жаҳон чемпионати саралаш турнири.
Ўзбекистон — Қатар, 06.10, 2026 йилги жаҳон чемпионати саралаш турнири.
“Манчестер Сити” асосий таркибидан ўн бир нафар ўйинчига ўз мамлакатлари терма жамоалари мураббийлар штабидан таклифлар келмади. Хусусан, жамоа дарвозабонлари Эдерсон (Бразилия) ва Стефан Ортега Морено (Германия) чорловсиз қолди.
Бразилия терма жамоаси қишда “Этиҳад”га кўчиб ўтган Витор Рейс “Сити”да дбют қилганига қарамай, ёш истеъдод эгасига эътибор қаратмади. Португалия терма жамоасида Матеус Нуньесга, Англияда Нико О’Рейлига жой топилмади.
Ярим ҳимоячилардан Клаудио Эчеверри (Аргентина), Нико Гонсалес ва Родри (Испания) кутган таклиф ҳам келмади. Англия терма жамоаси бош мураббийи Томас Тухель Фил Фоденнинг руҳий ва жисмоний ҳолатини инобатга олиб, халқаро учрашувларга жалб қилмаслик ҳақидаги сўровни қабул қилди.
Ҳужумкор футболчилардан Савиньони Бразилияга, Жек Грилишни Англия терма жамоасига чақиришгани йўқ.
Англия U-21 терма жамоаси бу ёз ёшлар ўртасидаги Европа чемпионатида иштирок этади. “Шаҳарликлар”дан Рико Льюис ва Жеймс Макэйти ана шу термага жалб қилиниши мумкин. Бироқ Хосеп Гвардиола бу ўйинчилар клубларлар ўртасидаги жаҳон чемпионати давомида жамоага керак бўлиб қолиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Бундан ташқари, Миср терма жамоаси бу галги ФИФА кунларида ўйин ўтказмайди ва шу сабабли Умар Мармуш икки ҳафта давомида дам олиш имконига эга бўлди. Англияликлардан Жон Стоунз жароҳати, дарвозабон Скотт Карсон ҳамда германиялик Илкай Гюндоған халқаро фаолиятини якунлагани боис, терма жамоадан чақирув олмади, - деб ёзмоқда cityxtra.co.uk портали эксперти Фредди Пай.
Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Ҳусанов 2023 йилнинг 11 июнида Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида дебют учрашувини ўтказган ва ҳозиргача халқаро майдонда жами йигирмата беллашувда майдонга тушди.
Фикрлар