Легионеримиз хет-трикка эришган ўйиндан кейин нималар деди?
Бугун Таиланд чемпионатида 21-тур баҳслари ўтказилди. Эътиборлиси, ушбу тур ҳамюртимиз Сардор Мирзаев ва унинг жамоаси – “Муангтонг Юнайтед” учун жуда омадли келди.
Сафарда “Ратчабури” жамоаси меҳмони бўлган “Муангтонг Юнайтед” 1:3 ҳисобида ғалаба қозонди. Мирзаев эса шубҳасиз учрашув қаҳрамонига айланди. Чунки ҳамюртимиз учта гол урган ҳолда хет-трикка эришди (6, 25, 66-дақиқаларда). Табиийки, шунга яраша Сардор ўйиннинг энг яхши футболчиси ҳам бўлди. Ўйиндан кейин Мирзаев sports.uz сайти учун ўз таассуротларини қуйидагича билдирди:
- Албатта, хурсандман. Фаолиятимда биринчи марта хет-трикни нишоландим. Энг асосийси, жамоам ғалаба қозонди. Энди ҳар уч кунда ўйнаяпмиз. Чунки коронавирус сабабли январь ойида ҳам чемпионатимиз тўхтатиб қўйилганди. Энди бўлса, икки ой ичида 18 та учрашувда майдонга тушишимиз шарт. Бу албатта ўзига яраша қийин. Шундай қилиб, Таиланд чемпионатини март ойининг охиригача тугатиб қўйишмоқчи. Осиё Чемпионлар лигасининг плей-офф босқичига чиқиш учун ҳаракат қиляпмиз. Бу борада имкониятимиз бор. Мамлакат Кубогида ҳам чорак финалга чиққанмиз ва иштирокимиз давом этяпти. Мақсадимиз совринни қўлга киритиш, - дея сўзини якунлади, Мирзаев.
Эслатиб ўтамиз, айни пайтда Мирзаевнинг жамоаси чемпионатда 34 очко билан 4-ўринда боряпти.
Фикрлар