Легионеримизга Шомуродовнинг йўлини берсин!
“Рома”даги ҳамюртимиз Элдор Шомуродов УЕФА томонидан илк маротаба ўтказилган Конференциялар лигаси ғолиби ҳисобланади. 27 ёшли форвардимиз бу турнирда гол уришга ҳам эришган.
Энди Конференциялар лигасининг иккинчи мавсумида яна бир легионеримиз – Игорь Сергеев иштирок этмоқда.
Ўтган йили “Тобол” сафида Қозоғистон премьер-лигаси ғолиби бўлган Игорь Сергеев Еврокубокларнинг янги мавсумидаги юришини Чемпионлар лигасидан бошлаган эди. Бироқ, саралаш турнирида Венгриянинг “Ференцварош” клубига тўқнаш келган Кустанай клуби рақибга имкониятни бой бериб, мусобақадан чиқиб кетди.
Қозоғистонликлар икки учрашувдан бирида голсиз дуранг қайд этган бўлса, сафар учрашувида “Ференцварош”га 1:5 ҳисобида ютқазди. Венгрияликлар дарвозасига киритилган ягона голга Игорь Сергеев муаллифлик қилди ва Чемпионлар лигасида гол урган Максим Шацких ва Жасур Яхшибоев каби ўзбекистонлик чарм тўп усталари қаторига қўшилди.
УЕФА қоидасига кўра, Чемпионлар лигасидан чиқиб кетган “Тобол” юришини Европа қитъасининг учинчи мусобақаси – Конференциялар лигаси саралаш босқичида давом эттирмоқда.
“Тобол” саралаш турнирининг иккинчи босқичида Гибралтарнинг “Линкольн Ред Импс” жамоаси билан икки марта куч синашиб, 2:0 ва 1:0 ҳисобида зафар қучди. Учинчи босқичда кустанайликларга Босниянинг “Зриньски” жамоаси рўбарў келди. Сафарда ўтказилган илк учрашувда мезбонлар “Тобол”ни кичик ҳисобда мағлубиятга учратди.
Энди Қозоғистон чемпиони халқаро майдондаги юришини давом эттириш учун 11 август куни бўладиган жавоб ўйинида “Зелиньски”ни ортда қолдириши керак бўлади. Бўлажак баҳсда “Тобол”ни фақат ғалаба қониқтиради.
Жамоанинг асосий тўпурари Игорь Сергеев муҳим учрашув олдидан ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Ўзимнинг формамни ижобий баҳолайман. Охирги ўйинларда илк дақиқалардан майдонга тушганим йўқ. Лекин бу ҳеч нарсани англатмайди.
- Қарорни ҳар доим бош мураббий қабул қилади. Мен ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман ва бўлажак учрашувда ҳужумкор ўйин кўрсатамиз, - деди Игорь Сергеев.
Агар “Тобол” футболчилари “Зириньски”га қарши баҳсда ғолиб чиқиб, Конференциялар лигасининг плей-офф босқичига ўтса, Европа лигаси плей-оффидан ўрин олган “Олимпиакос” (Греция) ва “Слован” (Словакия) ўртасидаги тўқнашувда мағлуб бўлган жамоа билан тўқнаш келади.
Трансферларга ихтисослашган https://www.transfermarkt.world сайтида қайд этилишича, Игорь Сергеев фаолияти давомида клублар миқёсида 225 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 108 та гол ва 18 та ассист расмийлаштирган.
Шунингдек, 29 ёшли ҳужумчимиз Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 63 та ўйинда қатнашиб, рақиблар дарвозасини 19 марта ишғол қилган.
“Рома” Шомуродов учун сўраётган янги нарх “Болонья”ни жумбушга келтирди!
“Рома”нинг бу ўйинчиси Шомуродовни чиқиштирмаяпти!
Бизда ҳам айб бор. Шаҳбоз Умаровни бошқача жазолаш керак эди!
Шомуродов Россияга қайтадими?
“Рома”: Шомуродов супертўпурар йўлини тўсиб турибди!
Фикрлар