Легионеримизнинг голи учрашувда бурилиш ясади
Россия Миллий футбол лигасининг 28-турида “Нефтехимик” ўз майдонида “Динамо-Брянск” футболчиларини қабул қилди.
“Нефтехимик” ўзбекистонлик футбол мухлисларининг эътиборидаги жамоа. Бу клубда икки нафар футболчимиз – Вагиз Галиулин ва Бобир Давлатов тўп тепмоқда.
Вагиз жамоанинг энг тажрибали ўйинчиси сифатида сардор вазифани ҳам бажаради. “Нефтехимик” премьер-лига йўлланмасини қўлга киритиш имконини қўлдан чиқарган бўлса-да, ҳар битта учрашувда ғалаба учун ҳаракат қилмоқда. Аслида мавсум бошида Галиулин етакчилигидаги жамоа олдига премьер-лигага чиқиш учун курашиш вазифаси қўйилган эди.
“Динамо-Брянск” бу мавсум лигада қолиш учун курашмоқда. Айни пайтда бу жамоа мусобақа жадвалида 20-поғонани эгаллаб, хавфли зонанинг қоқ марказидан турибди.
Жон сақлаб қолишга уринаётган “Динамо-Брянск” сафарда ўйнашига қарамай, мезбонларга жиддий қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилди. Жамоа ҳужумчиси Максим Данилин тўртинчи дақиқадаёқ ҳисобни очди. Бу 19 ёшли футболчининг фаолиятидаги биринчи голи сифатида қайд этилди.
Бироқ, брянскликларнинг хурсандчилиги узоққа чўзилмади. Икки дақиқадан кейин, Вагиз Галиулин ҳужумни гол билан якунлаб, учрашувда бурилиш ясади. Вагиз Галиулин жорий мавсумдаги тўртинчи голига муаллифлик қилганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Биринчи бўлим давомида “Нефтехимик” ҳужумчиси Мераби Урудия мезбонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди.
Иккинчи бўлимда нижнекамсклик футболчилар ҳужумкорликни оширди. Ўйин охиригача Александр Юшин, Фёдор Первушин ва Артём Котик биттадан гол киритиб, якуний ҳисобни йирик кўринишга олиб келди – 5:1.
Вагиз Галиулин бу учрашувда 76-дақиқагача ўйнаган бўлса, ёш ярим ҳимоячимиз Бобир Давлатов захирада қолдирилди.
Шу тариқа, 28-турдан сўнг “Нефтехимик” тўплаган очколар сони 46 тага етди ва жамоа етинчи ўринда бормоқда.
“Динамо-Брянск”нинг мағлубияти яна бир легионеримиз – Виталий Денисов сардорлик қилаётган “Томь”га қўл келди. Томскликлар сафар учрашувида “Текстильшик” билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаб, 22 очко билан “Динамо-Брянск” жамоасига етиб олди. Бу баҳсда Виталий Денисов 90 дақиқа фаол ўйнади.
“Нефтехимик” навбатдаги учрашувда “Спартак-2” жамоаси меҳмони бўлади. “Томь” футболчилари ўз майдонида мусобақа пешқадами “Крилья Советов” клубини қабул қилади. Миллий футбол лигасининг 29-тур учрашувлари 10 март куни бўлиб ўтади.
Россия клуби футболчимизнинг шартномасини бекор қилди
Фикрлар