Россия клуби футболчимизнинг шартномасини бекор қилди

Россияда ўзини кўрсата олган футболчиларимиздан бири Вадим Афонин қисқа танаффусдан сўнг, ўзи узоқ йиллар тўп сурган қадрдон чемпионатига қайтиш имконига эга бўлганди.

Айни пайтда яна бир тажрибали легионеримиз Виталий Денисов сардорлик қилаётган “Томь” клуби яқиндагина Афонин билан шахсий шартнома имзолаганди. Бироқ, куни кеча бу келишув барбод бўлди. Буни “Томь” бош директори Татьяна Смирнова ҳам тасдиқлади.

1111

Миллий футбол лигасидаги ўрнини сақлаб қолиш учун курашаётган “Томь” таркибини кучайтириш мақсадида таянч зонада ишончли ўйнай оладиган тажрибали Вадим Афонинни мавсумнинг қолган қисмида ўйнаш учун таклиф қилганди. Гарчи Россияда трансфер мавсуми ёпилган бўлса-да, “Томь” 25 мартгача эркин агент бўлган ўйинчини мусобақа қайдномасига киритиши мумкин эди.

Маълум бўлишича, Вадим Афонин билан келишувни имзолаган “Томь” раҳбарияти футболчимизни 4 март куни бош мураббий Александр Кержаков ихтиёрига етиб келишини тайинлаган. Шартномада ҳам худди шу шарт алоҳида белгилаб қўйилган. Буни 33 ёшли ярим ҳимоячи Россия оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида ҳам тасдиқлаган. Томскликлар уни қўшимча рўйхат билан қайдномадан ўтказишни режалаштирган эди.

Вадим Афониннинг Россия чемпионатига йўл олишига оилавий вазият тўсқинлик қилди. Маълумотларга қараганда, у рафиқаси билан ажрашмоқда ва шу жараён туфайли Ўзбекистондан чиқиб кета олмаган. Ўз вақтида “Томск” клуби қароргоҳи етиб боролмаган футболчимизнинг шартномаси автоматик тарзда бекор қилинди.

1987 йилда Тошкентда туғилган Вадим Афонин фаолиятининг асосий қисмини Россияда ўтказган. Тошкентнинг “Трактор” жамоаси тарбияланувчиси бўлган футболчи профессионал фаолиятини 2005 йилда бошлаган.  У ушбу жамоада 25 та ўйин ўтказганидан кейин, 2006 йилда Россияга йўл олиб, “Рубин” таркибига қўшилган. 2006-2008 йилларда қозонликларнинг асосий жамоасига киролмаган ёш ўйинчи кейинчалик “Шўртан”да уч мавсум тўп сурди. Ғузорликлар сафида жами 69 та ўйинда тўртта гол ҳам урди.

Орада, яъни, 2010 йилда “Рубин”га қайтиб борди ва олтита учрашувда рақиб дарвозасини бир марта ишғол қилган бўлса-да, уни Қозонда олиб қолишмади.

2012 йилгача “Шўртан” шарафини ҳимоя қилган Афонин кучга тўлиб, яна Россияга қайтди. 2013 йилдан бошлаб, олти йил давомида “Салют”, “Анжи” ва “Оренбург” сафида тўп тепди. Айниқса, “Оренбург”даги фаолияти анча муваффақиятли чиқди.  Афонин бу жамоада жами 130 та ўйинда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасига 12 та гол урган.

"Оренбург" Миллий футбол лигасида ғолиб чиққан 2015/2016 йилги мавсумда ўзбекистонлик футболчи ушбу лиганинг энг яхши ярим ҳимоячиси, деб эътироф этилган эди.

16e2f2f0062a78e4a95b7f91a75e00bc

Вадим Афонин Россиядан қайтиб келгач, 2020 йилда Тошкентнинг “Локомотив” жамоаси учун 15 та ўйин ўтказди.

Шу тариқа, тажрибали ярим ҳимоячининг яна легионерга айланиш борасидаги ҳаракатлари бесамар кетди. Катта эҳтимол билан футболчи янги мавсумни миллий чемпионатимизда ўтказади.

Ўзбекистонлик футболчи Россия клубидан таклиф олди

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!