Легионерларимиз. Алишер Азизовга Уммон чемпионати ёқмадими?
Ads

Уммон чемпионатида тўп сурган ҳужумчимиз Алишер Азизов айни пайтда мавсумни тугатиб уйда ҳордиқ чиқаряпти. У ерда “Ал Салам” жамоаси шарафини ҳимоя қилди. Ушбу клуб эса илк бор Уммонинг юқори дивизионида иштирок этганини таъкидлаш жоиз. Хўш, Азизовнинг дебютант клуб сафидаги иштироки қандай кечди? Футболчи у ерда кўрган-кечирганлари ва кейинги тақдири ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

“Уммонда шубҳали ўйинлар кўпайди”

  • “Ал Салам” жамоасидаги таассуротларим ҳақида нима десам бўлади? Мен учун ҳаммаси яхши бошланганди. Лекин у ернинг об-ҳавосига мослашишим қийин бўлди. Чунки ҳавоси анча иссиқ. Уммон чемпионати яхши, ёмон эмас. Бошида ўйинлар ҳам анча зўр ўтаётганди. Аммо охирига бориб ҳаммаси ёқимсиз кўриниш олди. Айниқса, шубҳали учрашувлар кўпайиб кетди. Умуман олганда, Уммон чемпионатида деярли барча клубларнинг кучи тенг эди. Бирортасини яққол кучли деб ажратиб бўлмасди. Ҳаттоки, уларникини бизнинг чемпионат билан тенглаштириш мумкин. Кучсиз жамоасини топа олмайсиз. Шунингдек, у ерда мени овқат масаласи ҳам қийнаб қўйди. Клуб билан бошида гаплашганимизда улар бизга овқатланиш учун алоҳида пул тўлашлари керак эди ва ўзимиз шунга қараб хоҳлаган таомни истеъмол қилишимиз мумкин эди. Бироқ бунинг учун пулни вақтида тўлашмагани боис ўзларининг қандайдир таомини ейишимизга тўғри келди. Лекин у менга ёқмади. Наилож, кейин кўникишга мажбур бўлдим.

“Клубда футболчилар иш ташлашди”

  • Биласизми, Уммонда битта шаҳарнинг учта жамоаси бор ва мен тўп сураётган “Ал Салам” ўша шаҳар шарафини ҳимоя қилаётган янги жамоаси эди. Чунки биз илк бор юқори дивизионда ўйнаётгандик. Менимча, битта шаҳарнинг учта клубини ушлаб туриш уларга оғирлик қилди. Шу сабабли назаримда “Ал Салам”нинг қуйи дивизионга тушиб кетиши мутасаддиларга маъқулроқ бўлгани боис кейинчалик бизнинг жамоага эътибор камайиб кетди. Ваҳоланки, бошқа клубларга эътибор яхши, ҳар бир ўйини учун мукофот пулларини кўтариб, футболчиларини ҳар томонлама руҳлантиришди. Бизга келганда эса ҳеч нима йўқ. Клуб раҳбари ҳам бундай пайтда кўринмай қолди. Натижада клуб футболчилари иш ташлаш қилишди, жамоага келмай қўйишди. Биз легионерлар эса вазиятнинг асл моҳияти нима бўлганини яхши билмадик.

“Ал Салам”ни қуйи дивизионга тушириб юборишмоқчи”

  • “Ал Салам” чемпионатни 11-ўринда тугатди. Бунгача биз 6-ўринда эдик. Пастки ўриндаги клублар кейинчалик кетма-кет ютишни бошлашди. Қизиғи, юқори ўринда бораётган жамоалар ўша пастки поғоналардаги клубларга ютқазишни бошлашди. Натижада бизнинг клуб мазкур вазият хусусида ФИФАга хат ёзишган. “Ал Салам” Уммон чемпионатидаги янги клуб бўлгани учун ҳеч ким бизга ёрдам бермади. У ерда ҳаммаси бўлиб 14 та клуб қатнашади. Охирги иккита ўринни олган жамоалар қуйи дивизионга тушиб кетишади. Энди Уммон футболи раҳбарияти ўзгариш қилишмоқчи ва янги регламентни амалга татбиқ этишмоқчи. Унга кўра тўртта жамоа қуйи дивизионга тушиб кетиши кутиляпти. Уларнинг ўрнига янги тўртта клуб қўшилади деган гаплар пайдо бўляпти. Бизнинг жамоада эса пул муаммо бўляпти. Бизнинг ўрнимизга эса пулдор жамоаларни қўйишмоқчи.

“У еда 5 та ўйин 3 та гол урдим”

  • “Ал Салам” сафида дастлабки иккита ўйинда майдонга тушганимдан кейин оёғимдан жароҳат олдим. Натижада Тошкентга келиб операция қилдиришга мажбур бўлдим. Мен ўша дастлабки иккита ўйинда иккита гол ҳам ургандим. Жароҳатдан сўнг анча вақт даволандим. Умуман олганда, “Ал Салам”да ҳаммаси бўлиб бешта учрашувда иштирок этдим ва учта гол урдим. Ҳозир анча яхшиман.

“Таклифлар бор, жамоамни ўзгартирсам керак”

  • “Ал Салам” жамоасидаги кейинги тақдирим ҳақида ҳозирча бирор нима дея олмайман. Эшитишимча, клуб раҳбари алмашар экан. Яширишнинг ҳожати йўқ, менга яхшироқ таклифлар ҳам тушяпти. Шу боис бир қарорга келишдан олдин ўйлаб кўраман. Мен аввал барча вариантларим билан гаплашиб чиқаман. Лекин ўйлашимча, “Ал Салам”да қолмасам керак. У ернинг ҳавоси мен учун анча иссиқлик қилди. Менга Уммоннинг ўзидан ҳам таклиф бор. Балки яна у ерга қайтиб боришим ҳам мумкин. Шунингдек, ўзимизнинг Суперлигадан ҳам таклиф тушди. Ҳозирча бу жамоанинг номини айтмай тураман. Дарвоқе, Қирғизистон чемпионатида 1-ўринда бораётган “Олға” жамоаси ҳам менга аниқ таклиф билан чиқди. Шунинг учун таклифлар устида яхшироқ ўйлаб кўраман. “Ал Салам” билан шартномам ярим йиллик эди-да.

“Жароҳат олган пайтимда бу ерга келганимга афсусландим”

  • Уммон чемпионатида тўп сурганим тўғри қарормиди? Юқорида айтганимдек, бошида мен учун ҳаммаси яхши бошланганди. Кейин жароҳат олдим. Аммо биласизми, ўша жароҳатни аслида клуб шифокорининг нотўғри ташхиси ва мураббийнинг ўринли бўлмаган кўрсатмаси асосида орттириб олдим. Мен бу жароҳатни расмий ўйинда эмас, балки оддий машғулот чоғида олдим. Айнан ўша дамларда бу ерга келганимга афсусландим. Чемпионат қизиган пайтда клубни ташлаб кетгим келмади ва операциядан кейин яна қайтиб бордим.

“Уммонда мукофот пулини бойвачча мухлислари тўлашади”

  • Клубнинг энди биздан қарздорлиги қолмади. Куни кеча биз билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилишди. “Ал Салам”да мукофот пули йўқ. Агар хоҳлашса беришади, бўлмаса йўқ. У ерда клубнинг бойвачча мухлислари бор. Агар ютадиган бўлсак, ўйиндан кейин бой ишқибозлари пул йиғишиб кейин бизга тақсимлаб беришади. Ойлик маошим қанчалигини эса айта олмайман. Аслида у ерда шундай одат бор экан. Уммондаги барча клубларнинг бойвачча ишқибозлари бор ва улар севимли клубининг ғалабасидан қувониб 2000-3000 минг доллардан ўртага ташлашиб, йиғилган пулни ўйинчиларга бўлиб беришади. Бундай мухлислар учун бу хобби.

“Доим легионер бошқалардан кўп пул олади”

  • Легионерда доим жавобгарлик ҳисси юқори бўлади. Чунки сиздан ҳамма нимадир кутаётганини билиб турасиз. Агар ўзимизнинг чемпионатда ўйнасангиз маҳаллий футболчилардан фарқингиз қолмайди ва оддий ўйинчи қаторидасиз. Легионер бошқалардан кўпроқ пул олиши туфайли ҳам у янада яхшироқ ўйнашга мажбур. Хоҳласангиз ҳам, хоҳламасангиз маъсулият кучаяди. Бу нарса менда ҳам сезилди.


Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.

Минбар

Барча блоглар