Легионерларимиз керак бўлмай қолди ёхуд энди кимни кузатамиз?

Ўзбек футболчиларининг хорижда тўп суришини ким ҳам хоҳламайди, дейсиз?! Легионерларимизни айниқса, савияси баланд чемпионатларда фаолият кўрсатиши футболимиз учун фойдали. Ҳозирги пайтда "Энг зўр легионеримиз ким?", деган саволга ҳамма бир овоздан Элдор Шомуродов, деб жавоб беради. Ахир у Италия А сериясида кимсан Моуриньо бошчилигидаги “Рома”да ўйнаяпти.

Шундай экан, Шомуродов Ўзбекистоннинг бугунги кундаги биринчи рақамли футболчиси. Қолган легионерларимиз-чи? Россия чемпионатидан ташқари бизда аксарияти асосан Осиё майдонларида ўйнайди. Айниқса, миллий терма жамоамизга номзод футболчилар араб чемпионатларида ва Кореяда тўп суришини биласиз. Аммо ўтган яқин бир ой мобайнида ўзбек легионерлари сони камайди.

Гап Жанубий Корея чемпионатидаги футболчиларимиз ҳақида кетмоқда. Аввало, корейслар биринчилиги Осиёда нуфузли, рейтинги баланд чемпионатлардан бири. У ерда олдиндан ўзбек футболчилари маҳоратларини кўрсатиб келган. Сервер Жепаров, Тимур Кападзе, Александр Гейнрих...Улардан кейин ҳам яна бир қанча ҳамюртларимиз Кореяга келиб-кетдилар. Шунинг учун ўзбек мухлислари ва матбуоти ҳам ҳамиша “К1” чемпионатини кузатиб келган. Чунки ҳамюртларимизнинг иштирокини кузатиш биз учун ҳам қизиқ туюларди. Лекин энди у ерда кимни кузатамиз? Қайси футболчимиз ҳақида ёзамиз? Ҳеч ким!

Гап шундаки, Жанубий Корея чемпионатида тўп сураётган ўйинчиларимиз бирданига у ердан кетиб қолишди. Рости, бу ҳол бизни хурсанд қилгани йўқ. Чунки юқорида айтганимиздек, четдаги легионерларимиз камайиб қолди. Иккинчи томондан қараганда, Икром Алибоев, Олег Зотеев, Жамшид Искандеров ва Рустам Ашурматовнинг яна чемпионатимизга қайтгани Суперлига нуфузини ошишига туртки беради. Лекин улар энди Кореяда эмас. Айнан ушбу ўйинчилар туфайли биз “К1” ва “К2” чемпионатларини диққат билан кузатиб борардик. Ёппасига ўзбек футболчиларининг у ердан кетишини кутмагандик. Бу нима билан боғлиқ? Ёки ўйинчиларимиз ишончни оқлолмай қолдиларми? Футболчиларнинг Суперлигага қайтиши майликуя, бироқ нима учун Кореядан кетишди? Шунинг моҳиятини чуқур англашимиз керак. Наҳотки, корейс клублари ҳамюртларимизга ишонмай қўйган бўлса?!

жамшид_3

Яқинда Sports.uz сайти орқали чемпионатимизга қайтган легионерларимиз ҳақида мақола ёзгандик. Унда Алибоев, Зотеев ва Искандеровга ҳам тўхталгандик. Куни кеча “Навбаҳор” билан шартнома имзолаган Рустам Ашурматов ҳам энди легионер мақомида эмас. Жанубий Корея чемпионатида бинойидек тўп суриб келаётган ҳимоячимиз ҳам клубини тарк этди ва Ўзбекистонга қайтди. Бундай ўйинчиларнинг қайтишидан аввало уларнинг янги клублари манфаатдор.

Масалан, “Навбаҳор” Искандеров билан Ашурматовни қўлга киритиш орқали таркибини кучайтирди. “Пахтакор” эса Алибоев орқали жамоасини бойитиб олди. Зотеев бўлса, фаолиятини “Қизилқум”да давом эттиришга қарор қилди. Масалан, “Пахтакор” билан шартнома тузган Икром ўзига қолса Кореядан кетмасди. Сайтимизга берган интервьюсида клуби янги шартнома таклиф қилмаганини айтди. Искандеровга ҳам “Сеонгнам” янги шартнома таклиф қилди. Қолаверса, Кореянинг яна бошқа клубларидан таклифлар бўлди. Лекин нимадир бўлди-ю, ортга қайтди. Искандеров сингари Зотеевда ҳам Жанубий Корея чемпионатида қолиш имконияти бор эди. Айниқса, собиқ жамоаси – “Чоннам Драгонс” Кубокни ютганидан кейин ҳамюртимиз билан шартномани узайтириш пайига тушиб қолганди. Бироқ Олег буни хоҳламади. Ашурматов эса “Кванжу” ва “Канвон” клубларида тўп сурди. Кореядан кетишини у яқинларини соғингани боис юртимизга қайтишга аҳд қилгани билан изоҳлади.

ашурматов ру_1

Хуллас, биз учун гўё Корея чемпионатининг қизиғи қолмагандек. Охирги йилларда у ерда ўзбекистонлик футболчилар сони бирин-кетин кўпаяётганидан қувонаётгандик. Шунчаки, бирданига “К1” ва “К2”да легионерларимиз қолмагани турли фикрларни келтириб чиқариши тайин. Йигитларимиз ўзларидан салбий таассурот қолдиришмаган, деб умид қиламиз. Балки биз билан сиз билмайдиган яна бошқа сабаблари ҳам бўлиши мумкин.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Sportchi
20/02/2022 16:26
Худдики, К1 ва К2 лигаларида уйнаган футболчиларимиз бирор ишни койиллатиб куйишгандек ёзасанларе. Хеч кимга керак булмаганлиги учун Супер Лигага кайтиб келди. Шуниям айлантириб, гапни чувалаштириб макола ёзиш шарт эмас. Булди шу.
&
Sportchi
20/02/2022 16:23
К1 лигасида бирорта жамоага керак булмагандан кейин Кореяда бало борми. Сал уйлаб ёзадида маколани.
Marifjon Turajonov
20/02/2022 11:31
Bu erda koreyadan kuproq pul taklif qilingan bulsa kerak