"Легия"да голларимни кутишяпти - Жасур Яхшибоевнинг бу клубни танлашига нима сабаб? "Шахтёр"да кимлар билан тортишиб қолганди?
Кутилганидек, Жасур Яхшибоевнинг фаолиятида яна янги босқич бошланди. Ўтган йилги ижобий натижадан кейин уни ўз сафида кўришни истаган жамоалар кўп эди. Шу боис бўлса керак, ҳамма унинг қаерга йўл олишини интиқлик билан кутганди.
Якунда эса Жасур Польшанинг энг номдор ҳамда совриндор клуби ҳисобланган “Легия”ни танлади. Янги жамоаси уни чиройли тарзда таништирди. Шу тариқа, Яхшибоев расман шартномага имзо чекканидан кейин sports.uz мухбирининг таклифини қабул қилган ҳолда интервью беришга рози бўлди.
- “Легия” клуби аъзосига айланганингиз билан табриклайман. Дастлабки савол: бу таклиф қандай юз берди ва “Легия”ни танлашингизга нима сабаб бўлди?
- Ассалому алайкум. “Легия”га тўхталсам, бу вариантнинг қандай юзага келгани рости менга қоронғу. Бу борада асосан агентларим иш олиб борган. Нега “Легия”ни танладим? Гап шундаки, бу жамоа Европанинг топ-бешлик чемпионатларидан бирига кетишим учун трамплин вазифасини бажариб беради, деб умид қиламан. Айнан “Легия” орқали тезроқ кучли чемпионатга кета оламан. Шунинг учун ҳам мен бу ердаман.
- Илк таассуротлар қандай? Масалан, кеча жамоа бош мураббийининг сиз ҳақингизда билдирган жуда илиқ гапларини ўқидик ва ишончи катта. У билан биринчи суҳбат қандай кечди?
- Таассуротларим зўр. Клуб мени яхши кутиб олди. Бош мураббийга келсак, у тажрибали мутахассис. Ўзи айтганидек, менга ишонч билдиряпти. Бу масалада ўзи билан ҳам суҳбатлашдим. Мен тўғримда илиқ фикрда. Шундай экан, янги клубда ўзимни кўрсатиш учун яхши имконият бор.
- “Легия”да 7-рақамда тўп сурасиз. Буни ўзингиз танладингизми?
- Ҳа, бу рақамни ўзим танладим.
- “Шахтёр”ни тарк этганингиздан сўнг, янги клубга ўтишингизни анчагача кутдик ва менимча ҳам, бу жараён бироз чўзилди. Вақти-вақти билан сиз билан боғлиқ турли хабарларни ҳам эшитиб турдик. Айтайлик, “Астана”, ПСВ ёки бошқа клубларнинг сизга қизиқаётгани хусусидаги янгиликлар қулоққа чалиниб турди...
- Трансферимнинг чўзилгани сабаби, менда чиндан ҳам яна бошқа таклифлар бор эди. Яширмайман, бир-иккита жамоалар билан оғзаки келишувга ҳам эришгандик. Аммо улар билан ишимиз трансфер масаласида охиригача бормади. Шунинг учун янги клубга эга бўлишим чўзилиб кетди.
- “Легия” – бу Польшанинг қадимий ва машҳур клуби, худди ўзимизнинг “Пахтакор” сингари. Айтинг-чи, клубнинг сизга қўйган асосий талаби нимадан иборат бўлди?
- Тўғри айтасиз, “Легия” Польшанинг қадимий жамоаси. Европада ҳам ўз номига эга бўлган клуб. Жамоанинг менга қўйган талабига келсак, барибир исталган клуб ўз сафига янги легионерларни бежизга таклиф қилмайди. Айниқса, ғалабалар учун ўз ҳиссасини қўшиши ва жамоага ёрдам бериши мақсадида харид қилади. Мендан ҳам талаб қилинадигани шу, деб ўйлайман.
- Айни пайтда у ердаги янги муҳит ва янги жамоага мослашишингизда кўпроқ ким ёрдам беряпти? Шунингдек, “Легия” томонидан сизга қандай шарт-шароитлар яратиб берилди?
- Жамоада рус тилини биладиган футболчилар бор. Ҳозир улар билан гаплашиб турибман. Лекин у ерда аксарияти инглиз тилида мулоқот қиларкан. Жамоа менга қандай шароитлар яратди? Турар-жой ва машина берди.
- Дарвоқе, “Легия” билан қанча муддатга шартнома туздингиз? Шу билан бирга янги клубдаги дебютингизни қачон кўришимиз мумкин?
- Шартномам 1,5 йилга тузилган. Дебютга тўхталсам, бу кейинги турда бўлиши мумкин. “Легия”да доим битта мақсад бор: бу чемпион жамоа бўлгани сабабли ҳар йили ўз олдига фақат чемпионликни вазифа қилиб қўяди.
- Кеча янги жамоангиз 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Ҳаттоки, дебютингизни ҳам кутганлар бўлди. Бу ўйинни қаерда кузатдингиз?
- Кечаги ўйинда ўйнай олмасдим. Чунки ўйиндан бир кун олдингина шартнома имзолагандим. Шунинг учун бу баҳсда майдонга туша олмасдим. Учрашувни эса стадионда эмас, меҳмонхонада телевизор қаршисида кузатиб ўтирдим.
- “Легия”даги дастлабки машғулотни бугун ўтказдингиз. Одатда, бирор клубга янги ўйинчи қўшилса, унинг илк машғулотида жамоадошлари қандайдир ўзига хос тарзда қарши олишади. Бу борада сиз билан қандай вазият юз берди?
- Тўғри, бугун “Легия”даги биринчи машғулотимни ўтказдим. Кеча расмий ўйин бўлгани сабабли футболчиларнинг кўпчилиги бугунги машғулотда йўқ эди. Очиғи, озчилик бўлиб машғулот ўтказдик. Шу сабабли ҳали барча ўйинчиларни учратганим ҳам, улар билан танишганим ҳам йўқ.
- Шунингдек, бугун миллий терма жамоамиз Дубайдаги йиғини доирасида Иорданияни 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Учрашувни кузатдингимзми? Умуман айтганда, бундан кейин термада тўп суришга бўлган имкониятингизни қандай баҳолаган бўлардингиз?
- Тўғри, бугун Ўзбекистон терма жамоаси ўйнади. Учрашувни тўлиқ кузатиб бормаган бўлсам-да, киритилган голларни ҳамда хавфли вазиятларни кўрдим. Терма жамоадаги вазиятга келсак, агар мураббий ишонч билдириб, имконият берса, қўлимдан келган бор маҳоратимни кўрсатиб, жамоага ёрдам беришга ҳаракат қиламан.
- Ўтган йилги мавсум ҳақида ҳам сўрамасам бўлмасди. “Энергетик-БГУ” ҳамда “Шахтёр” клубларида тўпурарлик салоҳиятингизни намойиш этдингиз. Бу эса фаолиятингизга ижобий таъсир кўрсатди. Аммо эшитишимга қараганда, “Шахтёр”да айрим футболчилар билан ўртангизда тортишувли вазиятлар ҳам бўлган экан. Бу қанчалик рост?
- Тўғри, ўтган йилги мавсум мен учун жуда омадли келди. “Энергетик-БГУ” ҳамда “Шахтёр”да яхши ўйинларни ўтказдик. Бу эса кейинги фаолиятимга яхши томонлама таъсир кўрсатди. “Шахтёр”даги вазиятга тўхталадиган бўлсам, тан оламан, айрим учрашувлардан кейин бир-иккита футболчилар билан тортишувли вазиятлар бўлган.
- Қизиқ, сир бўлмаса, бундай тортишувларга нима сабаб бўлди?
- Бу саволга жавоб бермайман, майлими? Бошқа саволларга жавоб бераман.
- Нима бўлганда ҳам сиз ўсиш учун янги қадам ташладингиз. Энди “Легия”да ҳамма сиздан нимадир кутяпти. Бу клубга қандай иштиёқ билан келдингиз? Масалан, олдингидек, бу ерда ҳам тўпурарлик имкониятингизни кўрсата олишингизга тўлиқ ишоняпсизми?
- “Легия” клубининг мураббийлари ва ишқибозлари менинг голларимни кутишяпти. Ўз олдимга суҳбатимиз бошида айтиб ўтганимдек, Европанинг топ-бешлик чемпионатларида тўп суришни асосий мақсад қилиб қўйганман. Бу ниятимга аста-секин эришаман деган умиддаман, Худо хоҳласа. Яна шуни ҳам қўшимча қилмоқчиманки, “Легия”га ўтишимдан аввал менга Осиёдан ҳам кўплаб таклифлар келиб тушди. Айниқса, молиявий жиҳатдан юқори даражадаги маошлар таклиф қилинди. Лекин мен осиёликларнинг таклифларини рад қилдим. Чунки менинг мақсадим Европада тўп суриш.
- Польшанинг пойтахти қандай экан? Шаҳарга дастлабки кўникма қандай кечяпти?
- Варшава – жуда чиройли шаҳар. Ҳали бу ернинг одамлари билан яқиндан мулоқотда бўлганим йўқ. Ўзи бу ерга келганимга энди уч кун бўлди. Шунинг учун менга буларнинг урф-одатлари ва менталитетини ўрганишга бироз вақт керак.
- Охирги савол: ЎФАнинг 2020 йил якунларига атаб ўтказилган тақдирлаш маросимида сизни энг яхшилар қаторида ҳаттоки номзод сифатида ҳам кўрмадик. Бу сизни ажаблантирдими ёки эътибор бермадингизми?
- Тўғрисини айтсам, ҳеч бўлмаганда номзодлар орасида бўлишимни кутгандим. Лекин у ерда йўқ эканманми, бундан асло хафа бўлмадим. Бу бир томондан яхши ҳам бўлди. Чунки менга қанақадир мотивация беради. Насиб қилса, бу йил лауреатлар қаторида бўлишга ҳаракат қиламан.
- Янги клубда сизда омад тилаймиз. Кейинги сафар чемпионликдан кейин суҳбатлашиш насиб қилсин.
- Сизга ҳам раҳмат, тилаклар учун. Худо хоҳласа, чемпионликдан кейин яна суҳбатлашамиз, деб умид қиламан.
Фикрлар