Лео Мессининг “Камп Ноу”даги энг зўр 5 мавсуми (рейтинг)
“Барселона” клуби етакчиси ва афсонаси Лионель Месси катта эхтимол билан ёзги трансферлар ойнасида жамоани тарк этади. У Каталония марказига ташриф буюрган илк кезларда келажакка кичик умидлари бўлган ёшгина болакай эди. Аргентинанинг Росариосидан келган Лео ўшанда ўзи ҳам бу қадар катта натижаларга эришишини кутмагани аниқ.
Сабаблар хусусида кўп суҳбатлашдик. Унинг кетишига ҳам, қолишига ҳам жуда кўп сабаблар мавжуд. Келинг, бугун юқоридаги мавзуларни четга суриб қўямиз. Вақти келганда, олти карра “Олтин тўп” соҳиби фаолияти учун фойдали бўлган қарорни ўзи қабул қилиб олаверади. Биз, бугунча, унинг энг яхши 5 та мавсумини рейтингга жойлаштириб, чиройли дамларни ёдга оламиз.
5) 2009/2010 йилги мавсум
Титуллар: Ла Лига, Испания Суперкубоги, УЕФА Суперкубоги, Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионлиги
Шахсий совринлар: “Олтин бутса”, “Олтин тўп”, Ла Лиганинг энг яхши футболчиси
Голлар: 47 та гол
Хосеп Гвардиоланинг “Барселона”даги иккинчи мавсумида Месси клубдаги мавқейини янада кўтаришда давом этди. Испания ва УЕФА Суперкубогида қаҳрамонлик амалга оширган футболчи жамоасига муҳим совринларни олиб берди.
Ушбу мавсум “Барселона”нинг дунё рекордини ўрнатган йилларига тўғри келганди. Ўшанда, “блаугранас” бир календарь йили давомида 6 та кубокни қўлга киритганди.
Ўша мавсум Месси жами 58 та голда иштирок этган. Уларнинг 47 тасини унинг ўзи жойлаган бўлса, 11 та актив ассистентлик ҳисобига қўлга киритилган. Испания Примерасининг 35 та баҳсида аргентиналик ҳужумчи 34 та гол уришга муваффақ бўлган.
У ўша мавсумда киритган 8 та голи билан УЕФА Чемпионлар Лигасининг тўпурари бўлган. Эътиборлиси, уларнинг 4 таси “Арсенал”га қарши чорак финал баҳсида урилган. Аммо “Интер”га қарши беллашувда “Барселона”га айнан унинг голлари етишмаган.
4) 2011/2012 йилги мавсум
Титуллар: Испания Суперкубоги, Қирол кубоги, УЕФА Суперкубоги, Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионлиги
Шахсий совринлар: “Олтин бутса”, “Олтин тўп”, Ла Лиганинг энг яхши футболчиси
Голлар: 73 та гол
Ҳа, Мессининг индивидуал кўрсаткичлари учун ушбу мавсум энг яхшиларидан бири бўлганди. Клуб билан у 4 тагина мусобақа ғолиблигини қўлга киритган (!). Албатта, бу йилни ҳам у қадар омадсиз, деб айта олмаймиз. Ҳар ҳолда, сўнгги йиллардаги омадсизликлардан олдин ўша мавсум “кўк-анорранглилар” наздида муваффақиятсиздек гавдаланарди.
Жозе Моуриньонинг “Реал”ига қарши Ла Лигада баҳс олиб борган “Барселона” 100 очко тўплашга муваффақ бўлган. Ўша мавсум аввалида каталонияликлар пойтахт клубини 5:4 ҳисобида таслим этган. Голларнинг учтаси Лео ҳисобига ёзилган.
Хўш, нега омадли йиллар қаторида бу қадар сермаҳсул мавсум 4-ўринда? Боиси, Европа Чемпионлар Лигаси ярим финал доирасида “Челси”га қарши ўйин Мессининг пенальтини аниқ амалга ошира олмагани сабаб бой берилган. Ҳа, ушбу ўйинда бошқа айбдорлар ҳам бор эди. Аммо “Барса”нинг асосий етакчиси сифатида мухлислар аргентиналикдан кўпроғини кутганди.
Пенальтидан гол ура олмаган бўлса ҳам, ўша йилда Месси футбол тарихидаги ягона рекордга эга бўлганди. Шу пайтгача ҳеч бир футболчи бир мавсум давомида Лионелчалик кўп гол ура олмаган. Ўша мавсумда 14 маротаба рақиб дарвозасига йўл топа олган Месси ЕЧЛнинг асосий мусобақасида бир йил давомида энг кўп гол урган футболчига айланганди. Бугун ушбу рекорд бошқа бир буюк футболчига тегишли. Ўшанда Лео барча мусобақаларда 102 та гол урганди ва Герд Мюллернинг рекордини янгилаган.
3) 2008/2009 йилги мавсум
Титуллар: Ла Лига, Қирол кубоги, УЕФА Чемпионлар Лигаси
Индивидуал совринлар: “Олтин тўп”, Ла Лиганинг энг яхши футболчиси
2008-2009 йилги мавсум Месси фаолияти мобайнидаги унутилмасларидан бири. Сабаби, айнан мана шу мусобақада Лео 21 ёшда бўлишига қарамай, клубнинг ҳақиқий етакчиси сифатида намоён бўлган. Клуб ўша мавсум ютган ҳар учала титулда аргентиналик бўлғуси афсонанинг ўрни катта эди.
Бу Гвардиоланинг илк мавсуми ва шу йилнинг ўзидаёқ “кўк-анорранглилар”нинг Ла Лига чемпионлигини қўлга киритган эди. Яна бир жиҳати, ўша мавсум Примерадаги иккала баҳсда ҳам “Реал” таслим этилганди. “Сантьяго Бернабеу”даги 6:2 ҳисоби эса, ҳамон каталонияликларнинг ёдида. Ҳар икки ўйинда ҳам Месси “бланкос” постига йўл топа олган.
Қирол кубоги финалидаги “Атлетик” Бильбаога қарши беллашувда ҳам, Чемпионлар Лигаси финалида “Манчестер Юнайтед”га қарши тўқнашувда ҳам Лео гол уришга эришди. Это’Онинг голида асосий ролни ўйнаган пасни узатган футболчи баҳс якуни арафасида Рио Фердинанддан баландроқ сакраб Эдвин ван дер Сар дарвозасига тўпни тушириб қўйган.
2006 йилги финални ўтказиб юборишга мажбур бўлган ҳужумчи учун бу галги ғалаба ҳақиқий завқ бағишлай олган. Унинг атрофида ўзи каби ёрқин юлдузлар: Хави, Андрес Иньеста, Это’О ва Тьерри Анри кабилар мавжуд эди.
Йил якунида Лео иккинчи ўриндаги Роналду билан рекорд даражадаги тафовутни ҳосил қилиб “Олтин тўп”ни қўлга киритди. Шу пайтгача бўлиб ўтган ҳеч бир маросимда ғолиб энг яқин таъқибчиси билан бу қадар катта фарқни юзага келтира олмаган.
2) 2014/2015 йилги мавсум
Титуллар: Ла Лига, Қирол кубоги, Чемпионлар Лигаси
Индивидуал совринлар: “Олтин тўп”, Ла Лиганинг энг яхши футболчиси
Голлар: 58 та
2014 йилги Жаҳон чемпионати финалидаги Германиядан учралган мағлубиятдан сўнг, Месси янги мавсумни супер сермаҳсуллик билан ўтказди. Мундиалдаги аламли мағлубият унинг руҳий ҳолатига жиддий таъсир кўрсатишини кутганлар адашди. Ўша мавсумда Лео “Барса” билан 2-треблни қайд этди. Рақиблари юқори формада бўлишига қарамай, “кўк-анорранглилар” лига ғолиблигини қўлга киритишга муваффақ бўлган. Айниқса, Диего Симеоне бошлиқ “Атлетико” мавсумни анча яхши ўтказганди. Ўшанда “матрасчилар”нинг “Реал”га қарши ўйини “Барселона”га чемпионликни амалда нақд қилиб берган эди. “Эль-класико”да Месси 2 та голли узатма амалга ошириб, каталонияликларга чемпионлик пойгасида катта устунлик тақдим этганди. Якунда, улар 2 очколик фарқ билан улоқни илиб кетган.
Кубок финалидаги “Атлетик”ка қарши ўйинда ҳам Лео дубль қайд этган. УЕФА Чемпионлар Лигаси финалидаги голларда у яққол иштирок этмаган бўлса-да, амалда кўп жиҳатдан баҳс тақдири унга боғлиқ бўлди.
Мавсум давомида Месси 85 та голда иштирок этганди (58 та гол, 27 та ассист).
1) 2010/2011 йилги мавсум
Титуллар: Ла Лига, Испания Суперкубоги, УЕФА Чемпионлар Лигаси
Индивидуал совринлар: “Олтин тўп”, Ла Лиганинг энг яхши футболчиси
Голлар: 53 та
Гвардиоланинг “Барселона”си ўзининг энг гуллаган даврини мана шу мавсумда ўтказгани аниқ. Ушбу ажойиб мавсумда Месси аллақачон Пеп қурган футболнинг асосий фигураси бўлиб улгурганди. Ўшанда “Реал”дан 4 очко олдинда йилни якунлаган “Барса” Ла Лига чемпионлигини кетма-кет иккинчи маротаба қўлга киритган.
Ушбу мавсум ҳақида хотирлаганда кўнгилни хира қиладиган ягона жиҳат Қирол кубоги финалида “қироллик клуби”га бой берилган учрашув бўлганди. Аммо ушбу финал алами Месси томонидан УЕФА Чемпионлар Лигаси ярим финалида олинган. “Бланкос”нинг ярим таркибини алдаган кўйи Касильяс дарвозасига тўп киритган Месси ҳақиқий шоҳ асар яратишга муваффақ бўлганди. Ўша мавсумда йилнинг энг яхши футболчиси бўлишига энг катта қадамни шу гол орқали қўйган десак, адашмаган бўламиз. Сабаби, ўша йилда Андрес Иньеста ва Хавида ҳам Леоникидан кам бўлмаган миқдорда “Олтин тўп”ни ютиш имкони мавжуд эди. Келгусида “France football” ўша йилги шубҳали танлов учун узр сўраганлиги ҳақида ҳам гап-сўзлар юради. Аммо факт шундаки, Месси ўша йили “Олтин тўп”ни қўлга киритган ва бунга етарли асослари мавжуд эди.
Абдулвосид Валихонов тайёрлади
Фикрлар