
Ислом Исмоилов: "Бу ўйин жаҳон чемпионатидан олдин бизга фойда бўлди"
Жаҳон чемпионатига муносиб тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон U-17 терма жамоамиз кучли рақибларга қарши назорат ўйинларини ўтказишда давом этяпти.
Кеча Ислом Исмоилов бошчилигидаги U-17 терма жамоамиз туркиялик тенгқурларига қарши майдонга тушишди. Муросасиз тарзда кечган беллашувда дарвозалар дахлсиз қолди - 0:0.
Гарчи бу ўртоқлик учрашуви бўлса-да, футболчилар майдонда жон-жахдлари билан курашдилар. Балки шу боис бўлса керак, ўйин давомида бироз тортишувли вазиятлар ҳам кузатилди.
Ўйиндан кейин U-17 терма жамоамиз бош мураббийи Ислом Исмоилов ЎФА матбуот хизматига фикрлари билан ўртоқлашди.
“Бу ўйин жаҳон чемпионатидан олдин бизга фойда бўлди, деб бемалол айта оламан. Сабаби, биринчи навбатда бу ердаги муҳит. Ўйинни босими, барибир мухлислар билан бошқача руҳда ўтади. Иккала учрашувда биз икки хил тактик схемаларни назоратдан ўтказдик.
Албатта, узоқ вақтдан кейин яна уйда ўйнаяпмиз. Буни ўзига яраша яхши томонлари ҳам бор ва масъулиятли жиҳатлари ҳам кўп.
Ҳозирги замонавий футболда учинчи зонада чуқур ҳимояланаётган жамоани ёриб ўтиш қийин. Футболчилар билан бунинг устида тинимсиз ишлаяпмиз. Аммо вақти келиб бу ҳал қилса бўладиган муаммо. Ўйинни кўриб чиқиб, қаерда муаммолар бўлаётган бўлса, бартараф қилишга ҳаракат қиламиз.
Жамоамиз айни пайтда 90 фоизга тайёр. Яна қолган 10 фоизини Дубайдаги йиғинда кўрамиз. У ерда учта кучли рақибларга қарши ўйинлар ўтказамиз. Ушбу учрашувлар орқали тўлдирамиз.
Бу футболда бўладиган табиий жараён. Чунки футбол ҳиссиётларга бой ўйин. Қайси эпизодда низо келиб чиқишини билмайсиз. Туркия терма жамоаси ҳам етарлича қаршилик кўрсатди. Улар ҳам агрессив жамоа. Кўп провокацион ҳолатларни чиқаришга ҳаракат қилишди. Бироқ буларни барчаси боя айтиб ўтганимдек, жаҳон чемпионатидан олдин биз учун яхши бўлди. Футболчиларни руҳий ҳолати, жисмоний тайёргарлиги ва тактик схемаларни кўздан кечирдик", - дейди Исмоилов.
Комментарии