«Лестер» ҳеч ким эътибор бермаган сенсацияни амалга оширмоқда

Воқеалар ривожини тўлиқ кузатиш учун аввал «тулкилар»нинг ўтган мавсумдаги статистикасига эътибор қаратиш лозим. Улар биринчи даврани 2-поғонада якунлагач, кўпчиликни ҳайрон қолдирган эди. Турнир финишида эса, бир нечта кераксиз очко йўқотишлар сабабли, кучли тўртликдан чиқиб кетди. Брендан Рожерснинг барча режалари барбод бўлганига қарамай, мураббий бундан тўғри хулоса чиқарди. Гап шундаки, ўтган йили «Лестер» тўлиқ Вардига боғланиб қолгани якунда панд берди. Ушбу статистикага эътибор қаратинг!

Варди қандай қилиб натижага таъсир кўрсатди?!

Vardi

Ўтган мавсумнинг биринчи даврасида «Лестер» 12 ғалаба 3 дуранг ва 4 мағлубият қайд этди. Ўртача ҳар бир ўйинда 2,05 балл жамғарди. Иккинчи давранинг статистикаси эса, бироз пассив. 6 ғалаба, 5 дуранг ва 8 мағлубият. Ўртача ўйинлардаги жамғарилган очко 1,2 га тенг. Ўйиндаги пасайиш шу статистиканинг ўзидаёқ кўзга ташланади. Бунга баъзи мутахассислар мавсумлар ўртасидаги паузани ёки клуб аъзоларининг жисмоний ҳолатини баҳона қилиб кўрсатиши мумкин, бироқ аслида сабаби бошқа. Умуман олганда, Жейми Вардининг голлари сони ҳаммасига айбдор.

2019 йилнинг кузида Варди ўз голлари билан АПЛни «ёндириб» ташлади. Илк 19 тур давомида Жейми 15 бор рақиб дарвозаларини ишғол қилди ва барча ўйинларни асосий таркибда бошлади. Иккинчи давра арафасида у оёқ мушакларидан жароҳат олди. Кўп ўтмай, яна ва яна сафдан чиқишни бошлади. Оқибатда, иккинчи даврада ҳужумчи умумий ҳисобда 6 бор гол урди. Унинг шахсий статистикаси тўлиқ «Лестер»нинг очко жамғаришига таъсир кўрсатди.

Шу ўринда, барчасини Вардига тўнкаб қўйиш ноўриндек кўриши мумкин. Таниқли аналитик дастур xG берган маълумотларга суянадиган бўлсак, барчаси ойдинлашади. «Лестер» биринчи даврада ўртача ҳар бир ўйинда ҳужум уюштириш борасида 29.9 балл олган. Иккинчи даврада эса, бу кўрсаткич 31.1 га тенг. Жамоа иккинчи даврада ўз ўйинини пасайтирмаган. Шунчаки, Варди гол уриш борасида оқсаган холос. Тўғри, жароҳатлар ва чарчоқ форвардга салбий таъсир кўрсатгани аниқ. Бу эса, ўз-ўзидан бутун бошли жамоанинг натижаларида акс этган.

Шунингдек, Ндиди ва Чиллуэлнинг жароҳат олиб сафдан чиққанини ҳам унутмаслик лозим. Нима бўлган тақдирда ҳам, ҳужумнинг сўнгги қисми панд бергани аниқ. Қолган аспектларда Брендан Рожерс ротациядан фойдаланиш орқали камчиликларни беркитган. Вардининг ўрнини боса оладиган футболчи йўқлиги эса, якунда ЕЧЛ йўлланмасидан қуруқ қолишга асосий омил бўлиб хизмат қилди.

Ҳозирги «Лестер» Вардига боғланганми?!

lgoerkogeorkge

Жорий мавсумга келиб, Рожерс хатолардан тўғри хулоса қилганини кўрсатди. Илк турлардан бошлаб, асосий урғуни жамоавий ўйинга ва позицион ҳужумларга қаратди. Ҳозир Варди ажойиб формада, аммо унга энди клуб қарам бўлиб қолгани йўқ.

Бунинг энг бирламчи сабаби сифатида Келечи Ихеаначони кўрсатиш мумкин. Нигериялик ҳужумчи Варди сингари қарши ҳужумда ёки жой танлашда ажойиб ўйин кўрсата олмайди. Шу боис, ўтган мавсумда у захирадан майдонга  тушган бирорта ўйинида Вардининг ўрнини боса олмаган эди. Энди Рожерс Келечини Жейми билан биргаликда тандемда тўп суришини таъминламоқда. Ҳимоячиларнинг аксариятини ўзи билан банд қилишга ўрганган Варди Ихеаначо учун бўш зоналар яратиб беришни таъминламоқда. Натижа ҳам чакки эмас. Нигериялик футболчи иккинчи давранинг ўзидаёқ 6 гол уришга муваффақ бўлди.

Vardy

Варди эса, ўтган мавсумдагидан анча сермаҳсуллигини камайтирди. Албатта, ўзи истамаган холда. «Лестер» жорий мавсумнинг илк даврасини 12 ғалаба, 2 дуранг ва 5 мағлубият билан якунлади. Иккинчи даврага келиб, натижа бироз пасайди. 10 тур давомда «тулкилар» 5 ғалаба, 2 дуранг ва 3 мағлубият қайд этди ҳамда умумий ҳисобда ҳар бир ўйинда 1.8 очко ишлашга муваффақ бўлмоқда. Чемпионат сўнгида натижа яхшиланиши мумкин.

Брендан Рожерс шогирдлари ўтган йилдаги баҳорги натижалардан тўғри хулоса чиқарган кўринади. Сабаби, 2021 йилда жамоа натижалари анча яхшиланди. Натижалар яхши бўлган бўлсада, Вардининг голлари бунда асосий омил бўлгани йўқ.

Рожерс буни қандай уддалади?

Мураббий ўз ўйин тактикасини ўзгартирди. Ўтган йилгидан фарқли ўлароқ, «Лестер» икки ҳужумчи билан тўп сурмоқда. Варди бироз ортга чекинган холда, Ихеаначони классик форвард зонасига олиб чиқмоқда. «Шеффилд»га қарши баҳсда бу омил қандай катта эффект берганини барча кўрди. Яқиндагина, «Манчестер Юнайтед» ҳам ҳужум тандемига дош бера олмади. «Лестер» Уле-Гуннар Сульшернинг жамоасига майдонда ҳеч қандай имкон қолдирмади.

vardy3r4

Аслида, «Лестер» натижалари яхшилангани фақат ҳужум чизиғидаги ўзгариш билан боғлиқ эмас. Рожерс бу мавсум 3 ҳимоячи билан тўп суришни бошлади. Ваҳоланки, Брендан айни дамда АПЛнинг энг қийин вазиятга тушиб қолган мураббийларидан бири саналади. Ҳозирги «Лестер»нинг асосий фигуралари саналган Ндиди, Сеюнжу, Перейра, Кастань, Прат сингари футболчилар 10 дан ортиқ ўйинларни жароҳат сабабли ўтказиб юборди. Шунингдек, анчадан бери Меддисон билан Барнс бир пайтда мураббий қўл остида бўлмаяпти. Бундан бир йил илгари «Лестер» ўйин структурасини сақлаб қолди, бироқ натижа тушиб кетди. Бу йилга келиб, Рожерс ўз одатига содиқ қолмади. У ўйин схемасини таркибдаги йигитларга мослаштирган холдан ўзгартирмоқда. Шу туфайли, натижалар яхшиланди. Тактик ва ўйин схемаси ўзгарган бўлса-да, «Лестер» натижа кўрсатмоқда.

Агар клубнинг сўнгги ўйинига эътибор қаратсак, жамоадаги бу ўзгариш наф бераётганини кўриш мумкин. «Манчестер Юнайтед»га қарши ўйинда «Лестер» ҳар жабҳада рақибидан кучли эканлигини кўрсатиб қўйди. Ҳужум ташкил этиш, прессинг ва тартибли ўйин сабабли «қизил иблислар» Рожерс шогирдларига қарши ҳеч нарса қила олмади.

Ўйин давомида Варди икки бор гол киритиш учун қулай имкониятга эга бўлди, аммо унумли фойдалана олмади. Бу эса, «Лестер»нинг ғалаба қозонишига тўсқинлик қилгани йўқ. Жамоа жипслашган холда тезкор ҳужумлар орқали Сульшер шогирдларига ҳеч қандай имкон қолдирмади.

vardy2

Ҳозирги «Лестер» кучли тўртликда қолиши даргумон. Сабаби, рақобатчилар катта куч билан олдинга интилмоқда. Шунга қарамай, «тулкилар»нинг ўтган йилда олган сабоқлари навбатдаги мавсумларда ўзларига қўл келиши мумкин. Рожерс вазиятдан келиб чиқиб энг тўғри қарорни қабул қилди. Мавсум сўнггида клуб чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлдан чиқариб юбормаса, ҳайрон бўлманг-а! «Лестер», ўзиниг ўтган йилги вариантидан анча кучли!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!