Левченко доим Саркисяннинг ҳурматини жойига қўяди ёхуд "Бунёдкор" - "Нефтчи" тўқнашуви олдидан

1 июнь куни Суперлигамизнинг 10-турида фақат битта ўйин ўтказилади. Тошкентдаги ҳашаматли “Бунёдкор” стадионида майдон эгалари “Нефтчи”ни қабул қилади. Шунинг учун футбол шинавандалари истасалар ҳам, истамасалар ҳам “Бунёдкор” – “Нефтчи” ўртасидаги ўйинга эътибор қаратишади. Чунки Суперлигада бугун бундан бошқа ўйин йўқ. Лекин “Бунёдкор” стадионидаги учрашувни кўринг ва уни қолдирмаслик учун асослар етарлича.

30 май куни 77 ёшини қаршилаган “Нефтчи” клубининг афсонавий мураббийи ва ҳозирда “Бунёдкор”да маслаҳатчи мураббий сифатида фаолият олиб бораётган Юрий Саркисян алоҳида мавзу бўла олади. “Нефтчи”ни 27 йил бошқарган мутахассисни “Нефтчи”нинг ҳозирги устози Виталий Левченко жуда ҳурмат қилади ва доим ҳурматини жойига қўяди. Куни кеча Саркисянни “Нефтчи” вакиллари ўзи яшаб турган меҳмонхонага таклиф қилишди. У ерда Левченко бошчилигидаги жамоа аъзолари Юрий Вазгеновичга таваллуд куни муносабати билан эҳтиром кўрсатдилар. Левченконинг бундай эъзозлаши биринчи марта эмас.

Бу ўйинга жамоалар турлича кайфиятда етиб келдилар. Ўтган турда “Бунёдкор” Жиззахда “Сўғдиёна”дан жавобсиз 4 та гол ўтказиб йирик мағлубиятга учради. “Нефтчи” Фарғонада ОКМКни 1:0 ҳисобида енгиб ғалабасиз сериясига нуқта қўйди. “Бунёдкор” клуби бу йил ўзига ўхшамаётгани рост. 9 та ўйинда 1 ғалаба, 3 дуранг ва 5 мағлубият қайд этишди. Тўплар нисбати ҳам ёмон: 7-19. “Бунёдкор” ҳозирга қадар Суперлигада энг оз гол урган ва дарвозасидан энг кўп тўп ўтказган. Бу рақамларнинг ўзиёқ жамоадаги муаммоларни айтиб турибди.

“Бунёдкор” ва “Нефтчи”нинг бу чемпионатимиздаги навбатдаги 29-ўйинига айланади. Ўзаро учрашувларда устунлик “Қалдирғочлар”да. 18 марта “Нефтчи”ни мағлуб этишган. Ўз навбатида фарғоналиклар фақат 6 марта рақибини енгга олган. 4 та баҳсда дуранг қайд этилган. Тўплар нисбати 41\18 майдон эгалари фойдасига. Ўтган йили Фарғонадаги учрашувда мезбонлар 1:0 ҳисобида устун келган. Иккинчи даврадаги баҳсда эса “Бунёдкор” ўз майдонида 2:1 натижаси билан ғалабага эришган. “Нефтчи” сафарда “Бунёдкор”ни икки марта ютган. 2015 йили 0:1, 2022 йилги мавсумда эса 1:2 ҳисоблари қайд этилган.

Гарчи ўзаро ўйинлардаги устунлик “Бунёдкор”да бўлса-да, ҳозирги вазиятда бунинг акси бўлиши ҳам мумкин. Негаки, бу жамоанинг жорий йилдаги иштирокини ҳамма кўриб турибди ва клубдаги вазиятдан ҳам қисман бўлса-да, мухлисларнинг хабари бор. “Нефтчи” чемпионлик йўлида бунгача анча-мунча очколарни йўқотиб бўлди. “Бунёдкор”ни енгиш учун салоҳияти етарли. Бироқ Илёс Зейтуллаев бошқарувидаги жамоа йирик ҳисобдаги мағлубиятдан керакли хулоса чиқаргандир. Акс ҳолда яна қоқилади. Хуллас, яхши ўйин бўлади.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Dili
01/06/2024 17:21
1__2 нефтчи фойдасига