"Лион" - "Бавария" ўйини ҳақида сиз билмаган 8 та факт
Чорак финалда фурор кўтарган ҳар иккала клуб бугун ким кучли эканлигига ойдинлик киритиб олади. Аслида, мюнхенликларнинг натижаси бир қарашда сенсация эмас, улар "Барселона"га қарши ўйин олдидан фаворит эди. Аммо Месси бошчилигидаги жамоани 6 та гол фарқи билан ютган илк жамоа айнан "Бавария" ҳисобланади. "Лион" эса ортда қолган босқичда "Манчестер Сити"ни маҳф этди. Бу натижани ҳам энг оптимистик мухлислар-да тахмин қилгани даргумон.
Демак, "Лион" ва "Бавария"дан барча нарсани кутиш мумкин. Қуйида эса ушбу баҳс ҳақида 8 та қизиқарли маълумотни эътиборингизга ҳавола қиламиз:
1. "Бавария" "Лион"га қарши кечган сўнгги 3 учрашувда ғолиб бўлган. Охирги бор УЕФА Чемпионлар Лигаси 2009/2010 йилги мавсум худди шу босқичдаги ушбу жамоалар қарама-қаршилигида мюнхенликлар 2 та баҳсни ҳам ўз ҳисобларига ҳал қилиб, якунда финал чипталарига эга чиқишган.
2. "Қизиллар" Чемпионлар Лигаси кучли тўртлигига умумий ҳисобда 12 бор чиқа олган. Бу борада фақат 13 марта бу ишни уддалаган "Реал" улардан олдинда. Энди Флик шогирдлари ўзларининг 6-титули учун курашни давом эттиради.
3. "Бавария" ушбу мавсум Чемпионлар Лигасида кетма-кет 9 учрашувдан бери фақат ғалаба қозониб келмоқда. Қизиғи, бу ўйинда зафар қучиш орқали Флик шогирдлари ўзларининг 2013 йилги натижасини такрорлаши, агар финалда ҳам ғолиб бўлса, мусобақа мутлақ рекордини ўрнатиши мумкин. "Лион"да эса "Ювентус" ва "Манчестер Сити" устидан қозонилган ғалабалар мавжуд.
4. Чорак финалда киритилган 8 тўп мюнхенликлар бу мавсумда сермаҳсуллик борасида супер натижа қайд этаётганини исботлаб турибди. Чемпионлар Лигаси тарихида "Барселона" 45 аниқ зарба билан бир мавсумда энг кўп гол урган клуб ҳисобланади. Аммо каталонияликлар бу натижага 16 ўйинда эришган. "Бавария" эса бу рекордни янгилаши мумкин.
5. Левандовскининг навбатдаги ўлжаси "Лион" ва Антонио Лопеш. Польшалик ҳужумчи мавсум давомида ўзи ҳаракат қилган барча ўйинларда гол урмоқда. Рақиб хоҳ "Челси" бўлсин, хоҳ "Барселона". Демак, суперфорвард бугун голлари натижасини яна яхшилаб олиши мумкин. Айтгандек, 14 та тўп киритган Роберт томонидан киритилиши мумкин бўлган эҳтимолий 3 гол уни амалдаги рекордчи Роналдудан олдинга олиб чиқади.
6. "Қизиллар" устози Ханс-Дитер Флик мавсум ярмида жамоани қабул қилиб олган ҳолда, чемпион бўлиш имкониятига эга. "Лион" мураббийи Руди Гарсия эса 2004 йилдан бери француз клубини Чемпионлар Лигаси финалига етаклаган илк франциялик мутахассис бўлиши мумкин.
7. Ҳар икки жамоада ҳам захирадан майдонга қўшилиб, ўйин тақдирини буткул ўзгартириб юбора оладиган ўйинчилар етарли. Масалан, чорак финалда Филиппе Коутиньо ҳам, Мусса Дембеле ҳам 75-дақиқадан кейин ўйинга қўшилиб, дублни расмийлаштирган эди.
8. Мюнхенликларнинг учрашув ўтказиладиган "Жозе Алваладе" стадиони билан боғлиқ ажойиб хотиралари мавжуд. Яъни, улар ушбу ўйингоҳда кечган охирги 9 баҳсдан бери мағлубият нималигини билмай келмоқда. Дарвоқе, "Барселона" устидан қозонилган ғалаба ҳам айнан шу майдонда содир бўлган эди.
Жавоҳир Азимов тайёрлади.
Фикрлар