“Лион” катта хатога йўл қўйишига бир баҳя қолди!

​“Лион”нинг янги иқтидорларидан бири, ўнг қанот ҳимоячиси Стив Канго жамоада ўз ўрнини мустаҳкамлаб бормоқда.

​Ҳозирда у Европа Лигасида икки бор майдонга тушди ва Лига 1 доирасида ҳам иккита ўйинда захирадан ўйинга қўшилди. Эйнсли Мейтленд-Найлзнинг йўқлигида у Ханс Хатебурга муносиб рақобат туғдирмоқда. Халқаро танаффус пайтида, ўтган шанба куни у кутилмаганда “National 3” (Франция 5-дивизиони) ўйинида иштирок этишига бир баҳя қолди.

“Фос-сюр-Мер” жамоасига қарши баҳсда Стив Канго асосий таркибда ва ҳатто жамоа сардори сифатида эълон қилинган эди. Бироқ, “Лион” ёшлар жамоаси 0:3 ҳисобида мағлуб бўлган ушбу учрашувда у якунда майдонга тушмади.

​Канго ундан аввал –  22 март куни асосий жамоа сафида “Монако”га қарши ўйинда майдонга тушган эди. Франция футбол Федерацияси (FFF) регламентига кўра, халқаро танаффус вақтида бундай ҳаракатлар (асосий жамоадан резервга ўтиш) тақиқланган.

​Агар “Лион” уни майдонга туширганида, клубдан очко олиб ташлаш жазосига тортилиши мумкин эди. Стив Канго жамоа билан бирга сафарга борган ва ҳатто чигалёзди машқларида қатнашган бўлса-да, сўнгги паллада раҳбарият хавфга қўл урмасликка қарор қилди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!