Литовка "Андижон"нинг 5:0 ҳисобидаги ғалабаси ҳақида: "Ўйинни енгил ўтди, дея олмайман"
“Андижон”нинг “Металлург” устидан қозонган 5:0 ҳисобидаги йирик ғалабасида дарвозабонимиз Игорь Литовканинг ҳам меҳнати бор. Боиси, у керак вазиятларда муҳим сейвларни амалга ошириб, дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қола олди. Легионер посбон йирик ҳисобдаги ғалаба тўғрисида шундай деди:
"Ўйинни биз учун енгил ўтди, дея олмайман. Учрашувни яхши ўтишида тезкор голлар уриб олганимиз ҳам асосий сабаблари бири бўлди, деб ўйлайман. Айнан шу нарса ғалабамизнинг бош омили бўлди. Дарвозамиздан гол ўтказмаган ҳолда йирик ҳисобда ютганимиз ҳам жуда ёқимли бўлди. Таймни дарвозамиз дахлсизлигини сақлаб қолган равишда тугатганимиз бизга яна қўшимча куч ва имконият берди.
Бу ғалаба тезкор урилган голлар туфайли ҳам мухлисларни хурсанд қилди, деб ўйлайман. Бундан ташқари, томошабоп ўйин бўлди. Зарбаларимиз бир неча бор рақиб дарвоза тўсинига тегиб қолди. Акс ҳолда ҳисоб бундан-да йирик кўриниш оларди. Биз яна ҳам бошқа имкониятлардан фойдалана олмадик. Ўз ўрнида айтишим керакки, Рубинга ҳам қойил. У жамоамиз учун майдонда кўп ишларни қилди. Умуман олганда, бутун жамоамиз яхши ҳаракат қилди. Бизни бу ғалабага иштиёқимиз жуда кучли эди ва ўзимизни шунга тайёрлагандик", - деди Литовка.
“Андижон” матбуот хизмати.
Фикрлар