Ливакович «Барселона»нинг иккинчи рақамли дарвозабонига айланди
«Барселона»да дарвозабонлар иерархияси ўзгарди: Доминик Ливакович эндиликда иккинчи, Войцех Щесни эса учинчи рақамли дарвозабон бўлди.
«Барселона» бош мураббийи Ханс-Дитер Флик жамоадаги дарвозабонлар иерархиясига ўзгартириш киритди. Энди Доминик Ливакович Войцех Шеснидан юқорида турибди.
Шу тариқа, Ливакович «Барселона»нинг иккинчи рақамли дарвозабонига айланди, Шесни эса учинчи поғонага тушди. El Nacional нашри ёзишича, Фликнинг бу қарори фақат спорт нуқтаи назаридан қабул қилинган.
«Барселона»да Ливакович Жоан Гарсияга зарур ҳолатда муносиб ўринбосар бўла оладиган ишончлироқ дарвозабон сифатида баҳоланмоқда. Унинг халқаро майдондаги тажрибаси, босим остида ўйнай олиши ва барқарорлиги ротация учун уни ишончли вариантга айлантиради, дея қайд этилган.
Аввалроқ Шесни Фликнинг ишончидан фойдаланиб келган. Германиялик мутахассис поляк дарвозабонининг характерини ва майдондаги босимни енгиб ўта олиш қобилиятини юқори баҳолаган. Бироқ Флик турли позициялардаги иерархия бошқа футболчи яхшироқ ўйнаса, ўзгариши мумкинлигини аввал ҳам таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, «Барселона» 10 октябрь куни Ла Лига доирасида «Хетафе»ни қабул қилади.

Изоҳлар (0)