"Ливерпуль" футболчисига чемпион жамоа янги таклиф тайёрлаяпти
Италиянинг амалдаги чемпиони «Интер» клуби «Ливерпуль» ярим ҳимоячиси Кёртис Жонс бўйича янги таклиф тайёрламоқда. Бу ҳақда инсайдер Бен Жейкобс ижтимоий тармоқда хабар берди.
Аввалроқ миланликлар футболчи учун «Ливерпуль»га 25 миллион евро таклиф қилган, бироқ бу миқдор англияликлар томонидан рад этилган эди. Маълумотларга кўра, «қизиллар» Жонс билан осонликча хайрлашмоқчи эмас ва уни сотиш масаласини камида 40 миллион евро атрофидаги таклифлардан бошлаб кўриб чиқишга тайёр.
Кёртис Жонс «Ливерпуль» тарбияланувчиси ҳисобланади. У асосий жамоа сафида 2020 йилдан буён майдонга тушиб келмоқда. Ўтган мавсумда 25 ёшли ярим ҳимоячи барча мусобақалар доирасида 49 та ўйинда иштирок этди, учта гол урди ва учта голли узатма амалга оширди.
Футболчининг амалдаги шартномаси «Ливерпуль» билан 2027 йил ёзига қадар мўлжалланган. Transfermarkt портали маълумотларига кўра, Жонснинг бозор қиймати 35 миллион евро атрофида баҳоланмоқда.

Фикрлар