"Ливерпуль" Арне Слот билан хайрлашув ҳақида баёнот берди
"Ливерпуль" клуби эгалари бош мураббий Арне Слотнинг кетиши ортидан расмий баёнот эълон қилди.
Баёнотда бу қарор осон қабул қилинмагани, аммо клубнинг кейинги тараққиёти учун ўзгаришлар зарур деб топилгани таъкидланган.
"Бу клуб учун жуда қийин қарор бўлди. Арненинг “Ливерпуль”даги ҳиссаси катта, муҳим ва энг муҳими — муваффақиятли бўлди.
Биз унинг меҳнатсеварлиги, фидойилиги ва юқори даражадаги профессионаллигини жуда қадрлаймиз. У ўз соҳасининг етакчиларидан бири эканини яна бир бор исботлади.
Арне билан илк учрашувимизданоқ у масъулиятни нафақат зиммасига олиши, балки уни тўлиқ қабул қилиши аён бўлган эди.
Бу унинг бош мураббийликка келишида, жамоани Англия чемпиони қилишида ва ўтган мавсум давомида катта босим ҳамда қийинчиликларга қарши туришида намоён бўлди.
Шу билан бирга, клубнинг кейинги ривожланиши учун ўзгаришлар зарур деган хулосага келдик. Бу қарорни қабул қилиш жуда оғир бўлди.
Арне “Ливерпуль” тарихида клубга 20-чемпионликни тақдим этган мураббий сифатида қолади.
Бу муваффақият, айниқса, унинг илк мавсумида қўлга киритилганини ҳисобга олсак, унинг мураббийлик маҳорати ва етакчилик қобилиятидан далолат беради.
У Диогу Жота вафотидан кейинги энг оғир даврлардан бирида ҳам клубга катта ёрдам берди. Ўша вақтда намоён этган инсонийлик ва меҳр-оқибати уни шахс сифатида ҳам юксак даражада тавсифлайди.
Биз унга фақат муваффақиятлар тилаймиз. Унинг “Ливерпуль”да қолдирган мероси йиллар ўтиши билан янада қадрли бўлиб боради.
Арне клубдан миннатдорчилигимиз, Премьер-лига чемпионлиги ва “Энфилд” эшиклари унга ҳамда унинг оиласига доимо очиқ бўлиши ҳақидаги ишонч билан кетмоқда", — дейилади баёнотда.

Фикрлар