“Ливерпуль” билан келиша олмаган ҳимоячи кетадиган бўлди
Англия Премьер-лигасининг амалдаги ғолиби “Ливерпуль” қанот ҳимоячиси Эндрю Робертсон фаолиятини Шотландия чемпионатида давом эттириши кутиляпти.
Бу ҳақда Football Insider нашри хабар берди.
Манбага кўра, 31 ёшли футболчига Шотландия чемпионатининг энг қудратли жамоаси “Селтик” жиддий қизиқиш билдирмоқда.
2017 йилдан бери ливерпулликлар шарафини ҳимоя қилиб келаётган тажрибали ҳимоячининг амалдаги шартномаси жорий мавсум охирида якунига етади. Бироқ томонлар ҳамкорликни узайтириш бўйича бир қарорга кела олмаяпти.
Жорий мавсумда Робертсон «қизиллар» сафида 9 та ўйинда майдонга тушиб, ҳимоядаги вазифаларини бажаришдан ташқари, 1 тадан гол ва ассист қайд этди.
Transfermarkt портали экспертлари унинг бозор қийматини 15 миллион еврога баҳолаган.
Эндрю Робертсон аслида Шотландия футболи тарбияланувчиси ҳисобланади. 2014 йили “Данди Юнайтед”дан Англиянинг “Халл Сити” клубига кўчиб ўтган ва уч йилдан кейин “Ливерпуль”ни 9 миллион еврога сотиб олганди.



Фикрлар