“Ливерпуль”да катта йўқотиш
Англиянинг амалдаги чемпиони “Ливерпуль” учун бу галги чемпионат жуда оғир ўтмоқда. Очко жамғаришга қийналаётган ливерпулликларда кадрлар муаммоси ҳам юзага келди.
Жамоанинг ўнг қанот ҳимоячиси Конор Брэдли Англия чемпионати доирасида мусобақа пешқадами “Арсенал”га қарши ўйинда (0:0) олган жароҳати оғир бўлиб чиқди.
“Ливерпуль” матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, Брэдли учун мавсум тугаган ва футболчи узоқ муддат давомида жароҳатини даволатишига тўғри келади.
Яқин кунларда Брэдли операция қилиниши режалаштирилган, шундан кейин реабилитация даври бошланади. Тикланиш муддатлари аниқ айтилмаган, аммо тарқалган миш-мишларга қараганда, ҳимоячи бу мавсумда жамоасига ёрдам бера олмаслиги аниқ.
Жорий мавсумда 22 ёшли футболчи барча мусобақаларда 21 та ўйин ўтказиб, 2 та голли узатмага муаллиф бўлган. Унинг “Ливерпуль” билан шартномаси 2029 йил июнигача амал қилади.



Фикрлар