"Локомотив" - "Қизилқум". Карантиндан кейин фақат ютқизаётган жамоалар тўқнашуви
1-2 июль кунлари Cоcа Cоlа Суперлигасида 7-тур учрашувлари бўлиб ўтади. Бугун “Локомотив” ўз майдонида “Қизилқум”га қарши баҳс олиб боради. "Локо" матбуот хизмати учрашувга оид маълумотларни тақдим этди.
Турнир жадвалида “Локомотив” 6та ўйиндан сўнг 6 очко билан 10-ўринда боряпти. Жамоа икки бор ғалаба қозониб, 4 марта мағлуб бўлган. Тўплар нисбати 6-10.
“Қизилқум” эса атиги 1 очко тўплаган ҳолда охирги ўринни эгаллаб турибди. Навоийликлар ҳисобида 1 дуранг, 5 мағлубият бўлиб, тўплар нисбати 3-13. “Қизилқум” бу йил Суперлигада ҳали ғалаба қозонмаган учта жамоадан биридир.
Қизиғи шундаки, ҳар икки жамоа ўз очколарини карантингача ўтган дастлабки учта турда йиққан. “Локомотив”нинг иккита ғалабаси уйда “Aндижон” ва “Бухоро” билан кечган баҳсларда қўлга киритилганди, “Қизилқум” сафарда “Машъал” билан дуранг ўйнаган.
Лекин карантиндан сўнг негадир иккала жамоанинг ҳам омади келмаяпти. “Локомотив”нинг кетма-кет уч мағлубияти “Металлург” (0:3), “Сўғдиёна” (1:2), “Бунёдкор” (0:2) билан ўйинларда қайд этилган бўлса, “Қизилқум” AГМК (0:1), “Қўқон-1912” (0:4) ва “Пахтакор” (0:2) билан кечган ўйинларда имкониятни бой берди.
Навбатдаги тўқнашув олдидан мезбон “Локомотив”нинг имкониятлари юқори баҳоланмоқда. Жамоа биринчидан ўз майдонида ўйнайди. Иккинчидан жамоа таркибида маҳоратли футболчилар кўпроқ. Лекин “Қизилқум” ҳам юқорига интилиш учун астойдил кураш олиб бормоқда. Бу эса учрашув қизиқарли кечишидан дарак беради.
“Локомотив” - “Қизилқум” баҳсини бугун соат 19:00дан бошлаб “Оилавий” телеканалида тўғридан тўғри томоша қилишингиз мумкин.
Фикрлар