"Локомотив" бош мураббийи қуръадан кейин: "Рақиб ҳақида ҳеч нима билмаймиз, про лига фаворитимиз ва доим кучли "настрой"да бўламиз"

Хабарингиз бор, яқинда про лиганинг янги мавсуми учун қуръа ташланди. Мусобақа фаворитлари бор ва бу қаторда биринчи бўлиб Тошкентнинг “Локомотив” клуби тилга олинади. Таркибини яна ўзимизнинг ҳамда хорижлик ўйинчилар эвазига кучайтиришга эришган “темирйўлчилар” шу йилнинг ўзидаёқ вазифани уддалашмоқчи ва бунга кўпчилик ишоняпти ҳам.

“Локо” про лигадаги дастлабки ўйинини сафарда мусобақа дебютанти – “Андижон-SGS”га қарши ўтказадиган бўлди. “Локо” бош мураббийи Денис Коростиченко қуръа ва жамоасининг тайёргарлиги ҳақида гапирди.

“Ҳеч кимни осон рақиб дея олмайман”

- Қуръадан нима кутдик? Ҳеч нима кутмадик. Шундоқ ҳам про лиганинг ўзи кучли. Биз ҳар қандай рақибга тайёр туришимиз керак. Бу қуръа бўлгани учун унда ҳар бир жамоа билан иккитадан ўйнашимиз лозим. Бизга ким дуч келишидан қатъий назар, бу уйда бўладими ёки сафардами, тўлиқ шай ҳолатда бўлишимиз шарт. Про лигага чиққан Андижон жамоаси ҳақида тўғриси билмаймиз. Лекин эшитганмиз, ёмон эмас. Яхши рақиб. Бу жамоа Туркия йиғинига кетган. Жамоамизни ҳар бир рақибга бир хил тайёрлаймиз. Ҳеч кимни осон рақиб дея олмаймиз. Ҳар бири биз учун кучли бўлади. Ҳаракат қиламиз ва тайёрланамиз.

денис1

“Энди бошқа хато қилмаслигимиз керак”

- Биласизми, “Локомотив”да ўтган йили қандай хато қилганимизни барча яхши тушуниб турибди. Ҳозир мутлақо бўшашишга ҳаққимиз йўқ ва бу ҳақида ўйламаяпмиз ҳам. Суперлигада бўладими ёки про лигадами, энди бошқа хато қилмаслигимиз керак. Фақат олдинга қараб юрамиз ва барчасини ютишга ҳаракат қиламиз. Ҳар бир рақибга кучли “настрой” бўлади. Рақиб жамоада ёш болалар ўйнаса ҳам биз бунга аҳамият бермаймиз ва умуман бўшашмаймиз. Машғулотда нимани устида ишлаган бўлсак, шуни ўйинда кўрсатамиз.

“Эски рақиблар бир-бирини биладилар”

- 1-турда марказий ўйинларга келсак, “Машъал” – “Динамо”. Иккаласи ҳам Суперлигада ўйнаган. Эски рақиблар бир-бирини биладилар. Бундан ташқари, “Шўртан” – “Қўқон-1912” жуфтлиги ҳам бор. Қолганлари ҳам эътиборли.

денис

“Биз мусобақа фаворитимиз”

- Ҳа, мен 100 фоиз қўшиламан. Албатта, биз мусобақа фаворитимиз. Худо ҳоҳласа, про лига ғолиби бўлиб, дарҳол Суперлигага қайтишга ҳаракат қиламиз. “Динамо”, “Шўртан”, “Машъал”, “Хоразм, барчаси курашади. Албатта, “Қўқон-1912” ҳам. Табиийки, Суперлигадан тушган жамоалар яна қайтгиси келади. Ўйлашимча, “Динамо” билан “Қўқон-1912” асосий рақобатчилар. Ҳа, қолганлари ҳам курашади.

“Про лигада ёшлар учун тажриба бўлади”

- Биз ҳар доим энг кучли “настрой”да бўлишимиз муҳим. Албатта, Суперлига билан про лигани фарқи бор. Тажрибали клубларнинг барчаси Суперлигада. Маҳоратли ўйинчилар ҳам ўша ерда. Про лигада кўпроқ ёшроқ футболчилар ўйнайди. Мақсади бор клубларда албатта тажрибали футболчилар ва легионерлар бор. Жумладан, бизда ва “Динамо”да. Про лигада ўйнайдиган ёшлар учун бу тажриба мактаби ҳисобланади. Қолган нарсалар – инфраструктура ҳақида айтиш мумкин. Про лигада жамоалар стадионларини яхшилашга ҳаракат қилишади. Суперлигада барибир бу масалада даража каттароқ. Фарқлари мана шундай томонларда.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Rostgoy
23/02/2023 09:05
Еш уйинчилари купми купи кария