"Локомотив" футболчиси: Карантин қоидаларига амал қилсак, коронавирусдан тез қутиламиз

Суперлиганинг барча клублари қатори “Локомотив” футболчилари ҳам карантинни ўз уйларида ўтказишяпти. 

Клуб матбуот хизмати карантин қандай ўтаётгани, уйда нима машқлар бажараётгани ҳамда футболни қанчалик соғинганини билиш мақсадида ҳимоячи Шерзод Файзиев билан боғланди.

- Карантиндаги вақт қандай ўтяпти? Нималар билан бандсиз?

- Ҳамма қатори мен ҳам каратинни уйда, оилам даврасида ўтказяпман. Оиламиз кўпчилик, шу боис зерикишга ҳожат қолмаяпти. Одатда фарзандларим ва жиянларимни ўйнатиш билан чалғияпман.

- Ўз спорт формангизни сақлаб туриш учун қандай машқлар бажаряпсиз?

- Жамоамиз мураббийлар штаби ҳар бир футболчига уйда бажарса бўладиган алоҳида дастур ёзиб берган. Мен ҳам шу бўйича индивидуал машғулот ўтказяпман. Жиянларим ҳам футболчи, биргаликда тўп тепяпмиз.

- Футболни қанчалик соғиндингиз?

- Жудаям соғиндим. Ахир футболга ҳаётимни бағишлаганман. Насиб қилса, тез орада яна яшил майдонга қайтамиз.

- Нима деб ўйлайсиз, карантиндан кейин ўйин ритмига тушиб олиш қийин бўладими?

- Бу энди карантин қачон тугаши ва Суперлига ўйинлари қачондан давом этишига боғлиқ. Ҳозир эса ҳаммамиз аввало соғлиқни ўйлашимиз керак. Барча уйда қолиб карантин қоидаларига амал қилса, коронавирус балосидан шунча тез қутиламиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!