“Локомотив” ПФК меҳрибонлик уйининг чемпион болалари учун ифторлик дастурхони ёзди (Видео)
Ads

Яқиндагина Россия пойтахти Москва шаҳрида Меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган болалар ўртасидаги Жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Унда илк бора Ўзбекистон терма жамоаси ҳам иштирок этди.

Ҳамюртларимиз ўзларининг илк иштироки бўлишига қарамай барча рақибларини мардонавор тарзда мағлуб этишди ва якунда Жаҳон чемпиони унвонига эга чиқишди. Жамшид Асадов шогирдлари ушбу турнирда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя этишнинг уддасидан чиқишди.

Қўлга киритилган бундай муваффақият “Локомотив” профессионал футбол клуби раҳбарияти ва ҳодимларини ҳам бефарқ қолдирмади. Зеро “Локомотив” ПФК жорий йил аввалидан буён пойтахтимизда жойлашган 23-сонли меҳрибонлик уйи футбол жамоасини ҳар томонлама қўллаб-қуватлаб, уларга ҳомийлик қилиб келмоқда. Мундиалда иштирок этган терма жамоамиз ўзагини ҳам ушбу меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ташкил этишди.

Муборак Рамазон ойи давом этаётган ушбу қутлуғ кунларда “Локомотив” ПФК Жаҳон чемпионлигини қўлга киритган меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун ифторлик дастурхони ёзди. Бугун терма жамоамиз вакиллари “Локомотив” стадионига ташриф буюришди. Улар клуб қароргоҳида “Локомотив” асосий таркиби футболчилари ҳамда мураббийлари билан суҳбат қуриб, Жаҳон чемпионати таассуротлари билан ўртоқлашишди. Катта акалари эса ушбу ёш футболчиларга келажакда улкан муваффақиятлар тилашди.

- Сизлар ўзингиздан кутилган ўйинни намойиш эта олдингиз ва Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилдингиз. Сизлар билан ҳар қанча фархланса арзийди. Сиздек футболга улкан меҳр қўйган йигитларга келажакда улкан мувваффақиятлар тилаймиз. Ҳали катта футболда ҳам яхши натижалар қайд этишингизга ишонамиз, – деди “Локомотив” ПФК бош мураббийи вазифасини бажарувчи Андрей Фёдоров.

- Укаларим, Жаҳон чемпионатидаги ажойиб ўйинингиз учун сизга ташаккур. Сизларда улкан иқтидор бор эканига амин бўлдик. Келажакда сизлардан миллий терма жамоада ҳам ўйнайдиган машхур футболчилар етишиб чиқишига тилак билдирамиз, – деди Олег Зотеев.