"Локомотив"даги кейинги тақдири ва бугунги терма жамоамиз ҳақида Марат Бикмаевнинг қарашлари
“Локомотив” клуби мазкур турда Олмалиқнинг АГМК жамоасини қабул қилди. Ўйин иккала томон учун муҳим эди. Негаки, клубларга ўз мақсади йўлида уч очко ниҳоятда зарур эди. Шу боис учрашув анча кескин ва ҳужумкор руҳда ўтди. “Локо” ҳам, АГМК ҳам мағлубиятга учрагиси келмади ва шу сабабдан ҳам жиддий қаршилик кўрсатишди.
Меҳмонлар гарчи биринчи бўлимда ҳисобни очишган бўлса-да, иккинчи бўлимда мезбонлар Бикмаевнинг пенальтидан урган голи эвазига ҳисобни тенглаштирди. Бир қарашда ўйин 1:1 билан тугайдигандек эди. Аммо ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқанинг сўнгги сонияларида Марат Бикмаев яна бир бор катта саҳнага чиқиб, учрашувдаги ўзининг дублини, жамоасининг эса иккинчи голини киритган ҳолда “Локомотив”га ўта қимматли ғалаба тортиқ этди. Бу орқали темирйўлчилар ўзига хос иродали ғалабани қўлга киритди. Ўйин қаҳрамонига айланган Марат Бикмаев таассуротларини шундай изоҳлади:
- Ўйин ҳақида гапирадиган бўлсак, иккала жамоага ҳам яхши ўйин кўрсатиши учун ноқулай об-ҳаво халақит берди. Аммо кўрган бўлсангиз, биз ҳақиқатан ушбу баҳсда ирода кучимизни намойиш эта олдик. Биринчи бўлимда ўз дарвозамиздан гол ўтказиб юборган бўлсак ҳам курашдан тўхтаб қолганимиз йўқ. Табиийки, ғалаба қозонганимиздан хурсандман. Уч очко учун ҳамма ҳаракат қилди. Шу боис жамоадошларимга ҳам алоҳида раҳмат айтмоқчиман. Диёр Туропов пенальти ишлаб берди. Охирги вазиятда эса Погребняк голга пас берди. Шунинг учун биргина мен эмас, бутун жамоамиз ютди.
Суперлига ҳам аста-секин поёнига етиб келяпти. Аммо жорий мавсум турли қийинчилигу, тўсиқлардан иборат бўлди. Шунга қарамай, Суперлига карвони бир амаллаб бўлса ҳам манзили томон яқинлашиб қолди. Бикмаев эса ортда қолган мавсум хусусида шундай деди:
- Тўғри, чемпионатимиз коронавирус сабабли анча чўзилди. Мавсумга киришдингми, уни охиригача тугатиш керак бўлади. Чунки бундай пайтда ҳамма формада бўлади, жисмоний томондан ҳам меъёрига кириб олади. Шунинг учун футболчилар ўзидаги бор иқтидорни кўрсата олишлари мумкин. Агар чемпионатда доимий тўхталишлар бўлса, унда ўйинчи спорт формасидан чиқиб кетади. Яна чемпионатга қайтиш ва формани тиклаш учун вақт керак. Натижада ҳамма бор маҳоратини кўрсата олмайди.
Кўпчиликни Маратнинг кейинги тақдири қандай кечиши ҳам қизиқтирмоқда. У яна “Локомотив”да тўп сурадими ёки жамоасини ўзгартирадими?
- Мен ҳали “Локомотив”даман. Ҳаётим айнан ушбу клуб билан боғлиқ. Чемпионат тугаса, ана шунда ўйлашга вақт бўлади. Унгача бор эътиборимни жамоамнинг ўйинларига қаратганман, - дея жавоб берди, Бикмаев.
Хоҳлаймизми-йўқми, у миллий терма жамоамиз таркибида ҳам фойдали ўйинлари билан янада ҳурмат қозонган. Ҳамма қатори Бикмаев ҳам бугунги термамиз хусусида ўз қарашларига эга. Аммо бошқалардан фарқли ўлароқ у ижобий муносабатда ва мундиалга чиқишимизга ишонаётгани борасида қуйидагиларни айтди:
- Миллий терма жамоа тўғрисида ваҳима кўтармаслик керак. Бу фақат ўртоқлик учрашувлари. Саудия Арабистонига қарши ўйин учун ҳали олдимизда вақт бор. Асосийси, ўша расмий учрашувга яхши ҳолатда етиб келиш керак. Ўтказилган иккита ўртоқлик ўйини эса ўз номи билан синов учрашуви ҳисобланади. Мана шундай ўйинлар орқали бош мураббий қаерда хато қилганини кўриб олади. Кейинги беллашувга бошқа хатога йўл қўймасликни билиб олади. Назорат учрашувлари шунинг учун ҳам керак. Ишонаманки, Ўзбекистон албатта жаҳон чемпионатига чиқади. Чиққанда ҳам тасодифий эмас, ҳар томонлама ҳақли ва муносиб эканлигини исботлаган ҳолда йўл олади. Мен эса энди терма жамоада ёшларга йўл беришим керак.
Фикрлар