"Лой жанги"га ўхшаш дерби, Канчельскиснинг қайтиши, ғалаба қозонишни ўрганиб олган "Қўқон-1912", автобуси бузилган "Қизилқум" ва бошқалар
26-28 август кунлари мусобақа иштирокчилари 18-тур ўйинларида майдонга тушишди.
“Металлург” мағлубиятлар сериясига барҳам берди. “Навбаҳор” мураббий алмаштиришда “Сурхон”нинг энг “яқин таъқибчиси”га айланмоқди. “Қўқон-1912” ғалаба қозонишни ўрганиб олди. Улуғбек Бақоевнинг оғир босиқлиги жиззахликларга ишонч бағишламоқда. Миржалол Қосимов ўзи қўйиб юборган Жасур Ҳасанов ва бошқалардан бекорга ҳавфсирамаган экан.
“Лой жанги”га ўхшаш дербида ғолиб номи аниқланмади. Шота Арвеладзе ҳотиржам ухласа ҳам бўлади. Чунки унинг ортидаги жамоалар тинмай очко йўқотишмоқда.
“Динамо”нинг қора чизиқлари ўчмаяпти. “Бухоро” ҳам йирик ҳисобдаги мағлубиятлар билан бирга, кўплаб голлар уришни билади. Термизда байрам.
Чемпионатнинг сўнгги икки учрашувида имкониятни бой берган “Металлург” футболчилари “Навбаҳор”га қарши ўйинга келиб бу нохуш анъанага барҳам беришди.
Беллашув муросасиз, қарама-қарши ҳужумлар остида ўтди. Ҳар иккала жамоа майдонга фақатгина ғалаба иштиёқида тушганлигини намойиш этди. Шу боисдан майдоннинг ҳар бир қаричи учун кураш кечди.
Иккинчи таймда бекободликлар ўйин суръатини янада оширишди. Меҳмонлар эса қарши ҳужумларда хавфли вазиятларни содир этишди. Беллашув тақдирини ҳал этувчи гол эса 90-дақиқада киритилди. Баҳром Абдураҳимовга нисбатан ишлатилган қўполликни Музаффар Музаффаров жазолади. Унинг чамаси 25 метрлар узоқликдан берган зарбаси гол билан якунланди.
Ушбу мағлубият сабаб “Навбаҳор”да яна мураббий алмашди. Яқиндагина жамоани қабул қилиб олган Деян Журжевич ўрнига ундан аввал Наманганда фаолият юритган Андрей Канчельскис ортга қайтарилди. Мураббий жамоа билан 3 йиллик шартнома имзолади.
Турнинг марказий учрашуви «Миллий» стадионида ўтказилди. «Бунёдкор» ниҳоят уйга қайтди. “Қалдирғочлар”га «Локомотив» рақиблик қилди.
Биринчи таймда ҳимоячиларнинг хатосидан фойдаланган Арсланмират Аманов бош билан дарвозани ишғол этди. Бу гол маълум вақт меҳмонларнинг устунлигини таъминлади.
Иккинчи бўлимда майдонга туширилган Санжар Турсунов мувозанатни тиклади. Санжар Қодирқуловга ишлатилган қўполлик учун белгиланган пенальтидан Турсунов унумли фойдаланди.
Кейинги дақиқаларда иккала жамоа ҳам голга тортадиган вазиятлар яратди. Лекин дербида ғалаба қозониш ҳеч кимга насиб этмади. Қолаверса, футболчилар ўз ўйинларини кўрсатишлари учун майдоннинг ачинарли ҳолати бунга йўл қўймади. Қайтадан экилган майсалар яна яроқсиз эканлиги кўринди.
Охирги учрашувларни муваффақиятли ўтказаётган қўқонликлар бу галги баҳсда ҳам мухлисларни хурсанд қилишди.
Илк дақиқалардан мезбонлар ҳужумга зўр беришди. 2-дақиқада жарима тўпи тепишди. Аммо Мурод Холмуҳаммедовнинг зарбаси кучли, бироқ ноаниқ кўриниш олди.
Кейинги дақиқаларда жамоалар навбати билан ҳужумларга ўтишди. “Насаф” вакиллари нисбатан камроқ вазиятлар яратишса-да, қарши ҳужумлари анча ҳавфли чиқди. Охирги беллашувларда мазкур услубдан ютаётган “аждарлар” шу куни мағлубиятга учрашди. Эътиборга молик томони, беллашувнинг учдан бир қисми ўтиб бораётганда, меҳмонлар ҳисобни очишди. Бироқ ўйиндан ташқари ҳолат борлиги учун гол инобатга олинмади.
82-дақиқада мезбонлар ҳисобни очишди. Мурод Холмуҳаммедов бунга қадар учрашувда 2 марта стандардан фойдаланолмаганди. Учинчи уринишда жаримадан тўпни қойилмақом тарзда тўрга йўллади.
Учрашувни самарқандликлар жуда яхши бошлашди. Мезбонлар ҳужумчиси Амиржон Сафаров 3 бор яккама-якка ҳолатга чиқди, аммо гол ура олмади. Якунда мана шу вазиятларнинг уволи тутди.
Иккинчи таймда тамомила ўзгарган “Бухоро” жамоаси қисқа вақт ичида 3 марта дарвозани ишғол этиб, рақибни нокаутга учратди.
Дастлаб бурчакдан оширилган тўпни жарима майдонидаги пала партишликдан сўнг Андрей Сидоров тўрга киритди. Кейин қарши ҳужумдан Саламат Қутибоев самарали фойдаланди. 73-дақиқада эса Сардор Сулаймонов мезбонларнинг умидларини батамом сўндирди.
Борган сари Жиззахда ўйнаш қийинлашмоқда. Мезбонлар рақиб ким бўлишидан қатъий назар фақат ғалаба учун курашишмоқда. Буни Улуғбек Бақоев шогирдларига сингдирмоқда. АГМКга қарши беллашувда айнан шу ҳислатни кўрдик.
Учрашув дастлабки дақиқалардан кескин курашлар остида бошланди. Илк таймда олмалиқликлар бироз устундек кўринишганди. Лекин “Сўғдиёна” танаффусдан сўнг мезбон кимлигини кўрсатиб қўйди. Кетма-кет ҳужумлар 80-дақиқада наф келтирди.
Стандартдан узатилган тўпни жарима майдони ичида ёлғиз қолдирилган Кахи Махарадзе ортиқча қийинчиликсиз дарвозага йўллади.
АГМКда ҳам кейинроқ вазиятни ўнглаш учун имкониятлар бўлди. Шаҳзодбек Нурматов ва Элгужа Григалашвилининг комбинациясидан сўнг Милан Митрович дарвозаси ишғол этилди. Бироқ ён ҳаками байроқчасини кўтаргани боис гол инобатга олинмади. Миржалол Қосимов шогирдлари омадсизликка учрашди. Жиззахликлар эса муҳим уч очкони қўлга киритишлари билан бирга 4-ўринга ҳам кўтарилишди.
Учрашувда тўлиқ ташаббусга эришган “шерлар” дастлабки дақиқалардан кетма-кет хавфли вазиятлар содир этишга тушишди. Игорь Сергеев ва Жалолиддин Машариповнинг зарбаларига аниқлик етишмади. Уюштирилган ҳужумлар 41-дақиқада самарасини берди. Бурчакдан узатилган тўпни ҳимоячилар қайтаргач, Драган Черан ўнг оёғида аниқ зарба йўллади - 1:0.
44-дақиқада Сардор Собирхўжаев чап оёғида кучли зарба билан узоқ бурчакни ишғол қилди.
Иккинчи таймда тошкентликларнинг устунлиги янада ортди. Гарчи, 57-дақиқада ҳисобни меҳмонлар Илдар Маматказиннинг боши билан берган аниқ зарбаси эвазига қисқартирган бўлишса-да, кейинги дақиқанинг ўзида мезбонлар учинчи голни уришди. Ажойиб ҳужумдан сўнг Машариповнинг узатмасидан Сергеев унумли фойдаланди.
Черан хет-трик қайд этди. Пенальти ва боши билан йўллаган аниқ зарбалари билан Драган натижани 5:1 кўринишига келтирди.
“Сурхон”нинг ишлари яхшиланмоқда. Жамоа яна ғалаба қозонишни бошлади. Турмизликлар ўз уйларида “Қизилқум”ни таслим этишди.
Биринчи таймда жамоалар эҳтиёткор ўйин намойиш этишга уринишди. Бироқ мезбонлар навоийликларга қараганда озгина фаолроқ ҳаракат қилишди. Аммо танаффусгача дарвоза ишғол этилмади.
Иккинчи бўлимда майдон эгалари яққол устунликка эришишди. Бунинг самараси ўлароқ 67-дақиқада гол уришди. Чап қанотдан бошланган комбинацияни Абдулазиз Юсупов ижобий якунлади.
Захирадан ўйинга қўшилган Шоҳназар Норбеков ҳам ўз номини таблога ёздириб қўйди. Асилбек Аманов тепган тўпни рақиб ҳимоячиси майдоннинг иккинчи қисмида қайтаришда хато қилди. Бундан эса Норбеков фойдаланди. Ҳужумчи бирга-бир вазиятдан дарвозани ишғол этди.
Ҳа айтганча, учрашувдан кейинги матбуот анжуманида Ҳамиджон Актамов ўйинга келаётганда "Қизилқум"нинг автобуси бузилиб қолган экан. Буни кўрган "Сурхон" автобуси уларга ёрдам бермай кетибди.
Қолаверса, меҳмонхона муаммосига ҳам дуч келишибди. Мана шу сабаб навоийликлар мағлубиятга учрашибди.
Фикрлар
Халкни пули кучада колмаган.
Фараз килинг уша шахсни уйида бир бечора мадикор курилиш киляпти, бирок девор сал кийшик урилган булса мадикорга рози бул деб пулини берармикан? - йук хеч качон оркасига тепиб кучага кувиб солиши аник, негаки уни кучада колган ортикча пули йук.
Халкники хам худди шундай 1 сум хам ортикчаси йук.
Эссизгина шунча пул ачинар экансанда, канчадан-канча огир касалликка чалинган гудак болажонлар тузалиб кетиши мумкин эди-я.