Лутфулла Тўраев: Танқид қилишаётганини билиб тураман, аммо хафа бўлмайман. Чунки бу мени янада кучли қилади

“Бунёдкор” клубининг сардори ҳамда етакчиси Лутфулла Тўраев ҳозир яхши спорт формасида. У миллий терма жамоада шу ёшида ҳам бошқаларга ўрнак бўла олаётгани таҳсинга лойиқ.

Лекин тан олиш керакки, унинг ўйини ҳаммага ҳам ёқавермайди. Лекин Тўраев клубда ҳам, терма жамоада ҳам меҳнат қилаётгани кўриниб турибди. Sports.uz мухбири у билан бир қатор қизиқарли мавзулар бўйича суҳбатлашди.

-  Мавсум якунига қадар “Бунёдкор”нинг совринли ўринлар учун курашиш имкониятини қандай баҳолайсиз? Кўпчилик эса бу борада жамоанинг имкониятини қийинроқ, деб ҳисоблаяпти.

-  “Бунёдкор” жамоасининг бу йилги Суперлигадаги иштироки ҳақида гапирадиган бўлсам, кўрдингиз пандемия, карантинлар туфайли кўп тўхталишлар бўлди. Бир машғулотлар бўлади, бир дам бўлади. Бошида қийинчиликлар бўлди. Ўша ўртадаги пайтда бир қатор дуранг ўйнаб қўйдик. Лекин, ўйлайманки, ҳали совринли ўрин учун имконият бор. Чунки олдинда қолдирилган ўйинимиз билан ҳисоблаганда яна 7 та тур бор. Бошқаларда эса 6 та. Ўйлашимча, “Бунёдкор” совринли ўринларга киради, деб ҳисоблайман.

-  Ҳозирги ёшингизга нисбатан анча яхши ўйин кўрсатаётганингизни кўпчилик кутмаганди. Вадим Абрамов ҳам бир неча бор сиз ҳақингизда илиқ фикрларни айтди. Агар майдонга тушмасангиз, ўрнингиз яққол билинаётганини айтмоқда. Таъбир жоиз бўлса, “Бунёдкор”да иккинчи ёшлигингизни ўтказяпсиз, деб айтсак ҳам бўлади. Юқори савияда тўп сураётганингиз Абрамов билан боғлиқми ёки...

-  Ҳамма мени ёши катта деб ўйласа керак. Интернетга кириб мен ҳақимдаги маълумотларни кўришмайдими, ахир энди 32 га кирган бўлсам, “Бунёдкор”да 3-4 нафар ёши катта ўйинчилар бўлса, шулардан биттасиман. Ҳаммаси меҳнат орқали. Вадим Абрамов ҳам менга ишонч билдиряпти. Жамоамиздаги ёшларга майдонда ва машғулотларда ёрдам бериб турибман. Биз асосан Вадим Карленовичнинг кўрсатмалари асосида ўйнаймиз. Машғулотларда ҳам қаттиқ меҳнат қиламиз.

тураев8

-  Беш қўл баробар эмас, деганларидек, ҳаммага ҳам бирдек ёқишнинг иложи йўқ. Ўзингиз ҳақингизда айтилаётган танқидларга қандай қарайсиз? Балки ушбу танқидлар сизни янада кучли қилаётгандир?!

-   Тўғри айтасиз, беш қўл баробар эмас. Қарс битта қўлдан эмас, иккита қўлдан чиқади, дейишганидек, ҳамма ҳар хил ўйлайди ва шунга яраша футболни ўз қарашлари бўйича кўришади. Кимдир сизга мухлис бўлиб, кимдир эса рақиб ишқибози сифатида кўради. Танқидларни яхши қабул қиламиз, ҳаммасини эшитамиз. 21-асрда яшаяпмиз, ҳамма жойда интернет бор. Ким нима деяётганини кўриб турамиз. Аксинча, бундай танқидлар менга куч беради. Натижада ўз устимда янада кўпроқ ишлашга ҳаракат қиламан. Мени танқид қилишяпти, деб хафа бўлмайман ёки тушкунликка тушиб қолмайман. Чунки ҳамманинг ўз фикри бор. Бояга гапим гап, одамлардан танқидларни эшитиб, ўз устимда кўпроқ ишлашга ҳаракат қиламан.

-  Интернет сайтларида ўзингиз ҳақингиздаги мақола ёки хабарларни қизиқиб ўқийсизми? Қолаверса, сиз тўғрингиздаги мухлисларнинг изоҳларига ҳам жиддий қарайсизми?

-  Йўқ, изоҳларни ўқимайман. Сайтларга футбол ўйинлари вақтларини ва ким қандай ўйнаганини билиш учун кираман.

тураев10

-  Вадим Абрамов терма жамоага қайтганидан сўнг, сизни ҳам бош жамоамизга қайтарди ва кўз тегмасин, у ерда ҳам ўйинларингиз чакки эмас. Масалан, Тошкентда терма жамоамизнинг охирги учрашувида кўпчиликка ўйинингиз ёқди. Миллий термада ўз потенциалингизни кўрсатишингизни кутганмидингиз? Ёки терма жамоага келганда сизда қўшимча мотивация пайдо бўладими?

-  Вадим Абрамов миллий терма жамоага биринчи бор келганда ҳам мени чақирганди. Ундан кейин Миржалол Қосимов ҳам термага таклиф қилган. Айтишим жоизки, терма жамоага чақиришаётгани мен учун янгилик бўлди, демаган бўлардим. Ўз ўйинимни кўрсатишим ҳам янгилик эмас. “Бунёдкор”да қандай ўйнаётган бўлсам, миллий терма жамоада ҳам боримни бериб ўйнайман, деб айта оламан. Ўзбекистонда нечта футболчи бўлса, ҳамманинг орзуси айнан миллий термада ўйнаш. Ҳамма қатори менда ҳам шундай орзу бор. Қўлимдан келганича ёрдам беришга тайёрман.

-  Агар терма жамоада Абрамов эмас, бошқа мутахассис ишлаётганида ҳам мени термага чақирарди, деб ўйлайсизми?

-  Ҳамманинг дунёқараши бўлади. Футболни ҳар ким турлича кўради. Ҳаммаси мураббийга боғлиқ. Мени биргина Вадим Абрамов чақирмаган-ку, тўғрими? Олдин айтганимдек, Миржалол Қўшоқович ҳам таклиф қилган. “Бунёдкор”даги ҳозирги ўйинларимни кўриб, балки чақириши мумкин эди, деб ўйлайман.

тураев6

-  Абрамов ҳам катта эҳтимол билан мавсум тугаганидан кейин “Бунёдкор”дан кетиб, бор эътиборини терма жамоага қаратиши кутиляпти. Ўзингиз нима қиласиз? Мавсум тугагач, яна клубда қоласизми ёки фаолиятингизни бошқа жамоада давом эттирмоқчимисиз?

-  Боя айтдим, “Бунёдкор”ни олдинда яна еттита ўйини турибди. Бундан ташқари, яна Ўзбекистон Кубоги баҳслари ҳам бор. Ҳаммаси қачон тугашини ҳали билмаймиз. “Бунёдкор”нинг мақсади кучли учталикка кириш ва Ўзбекистон Кубогининг финалига чиқиш. Шартномам эса шу йилнинг 31 декабрь куни тугайди. Барчасини шартнома тугаганидан кейин кўриб чиқамиз. Олдиндан бирор-бир клубга бораман, деган гап йўқ. Биринчи бўлиб “Бунёдкор” билан гаплашамиз.

-  Навбатдаги савол ҳам “Бунёдкор” билан боғлиқ. Клуб раҳбари ўзгарганидан кейин ҳали мураббий ва футболчилар билан учрашмагани ҳақида кўп эшитдик. Шунингдек, молиявий томондан қарздорлик хусусида ҳам маълумотлар бор. Ушбу масала бўйича ҳам муносабатингизни айтиб ўтсангиз.

-  Клубимиз биздан қарз, бу тўғри, буни яширишни кераги йўқ. Буни бутун Ўзбекистон билса керак. Клубимизга янги директор тайинланганидан кейин биз билан учрашди. Ҳаммаси яхши бўлади, деди. Энди яхши бўлишини кутиб ўтирибмиз. Октябрь ойи тугаяпти, клубнинг биздан тўрт ойлик қарзи бор. Бундан ташқари, ҳар бир ғалаба учун бериладиган бонуслар бўйича ҳам қарздорлик бор. Бу йилнинг ҳисобидан бонуслар олганимиз йўқ. Яхши бўлади, дегани учун шуни кутяпмиз, кўрамиз нима бўлишини. Лекин биз пулга қараганимиз йўқ. Олдимизга қўйган мақсадимиз кучли учталикка кириш, деб бежизга айтмадим. Албатта, пул берса кайфият янада яхши бўлади. Бироқ пул бермаяпти, деб кайфиятимизни ва қўлимизни тушириб қўйсак ҳам бўлмайди. Агар шундай бўлса, жамоамиз охирги ўринларга тушиб кетган бўларди. Яхши бўлишини кутяпмиз. “Бунёдкор” томонлардан ҳам қуёш чиқиб қолар.

тураев2

-  Ўзингиз ўйнаётган позицияда кимнинг ўйинларини ёқтирасиз? Кимни кумирим, деб биласиз?

-  Таянч ярим ҳимоясида ўйнайдиганлардан кўпчилиги ёқади, менга. Кумир дея олмайман-у, лекин ўйинларини ёқтирадиганларим бор. “Барселона”да Бускетс, “Манчестер Сити”да Фернандиньо. Ҳозир у ҳимояга ўтган, олдин таянч ярим ҳимоясида тўп сурарди. Яна ким? Азиз Ҳайдаровни айтишим мумкин. Яқинда футболни тугатди. Унинг ўйинлари ҳам менга ёқарди.

-  Сиздан Суперлигамизнинг савияси ҳақида сўрамоқчиман. “Пахтакор”га яна ҳеч ким бас кела олмаяпти. Чемпионатимиз даражаси қандай, қизиқарли ўтяптими ёки...

-  Олдин айтганимдек, бу йил пандемия туфайли чемпионатимизда танаффуслар кўпайиб кетди. Шунинг учун футболчиларнинг машғулотлари ва ўйинлари барқарор бўлмади ва режалар бузилиб кетди. Тўғри, “Пахтакор” кучли жамоа. Ҳеч ким қаршилик кўрсата олмаяпти. Бу йил ҳам “Пахтакор” чемпион, деб ўйлайман. Ўзбекистон футболини кўтариш учун “Пахтакор”га ўхшайдиган 5-6 та жамоа зарур. Шундан кейин рақобат бўлади.

тураев12

-  Яна бир гап: сизнинг Малайзиядаги фаолиятингиз муваффақиятли чиққанини биламиз ва ҳозиргача сизга у ердан яхши таклифлар бўлар экан, шу ростми?

-  Малайзиянинг аҳолиси футболга жуда қизиқади. У ерда бир ярим йил ўйнадим. Ҳаттоки, ўртоқлик учрашувларига ҳам кўп ишқибозлар келишарди. Малайзияда яхши хотиралар қолган, жамоам билан иккинчи ўринни эгалладик. Тан оламан, у ердан яна қизиқишлар бор. Аввало, ўзимизда чемпионат ҳамда Кубок баҳсларини яхшилаб тугатиб олайлик, кейин ҳаммасини ўйлаб кўрамиз.

-  Қизиқ, 13-рақам сизга қандай аҳамиятга эга? Чунки телефон рақамингизда ҳам 13 рақами бор ва майдонда ҳам ушбу рақам билан ўйнайсиз...

-  13-рақам ҳеч кимга керак эмас-да, шунинг учун оламан. Нечта клубга борган бўлсам, ҳамиша бу рақам бўш турган бўлади. Шу боис 13 ни оламан. Бошқа рақамлар талаш бўлади, менга 7, 9 ёки 10 керак, деб туриб олишади. 13-рақам эса ҳар доим бўш турган бўлади ва бориб ўша рақамни олиб кетавераман. Қандайдир шу рақамга ўрганиб қолганман.

тураев9

-  Футболчига рақамни қандай алоқаси бор, деб ўйлайсиз?

-  Билмадим. Балки яхши кўрган ўйинчисининг рақамида ўйнашни истаб ўшани олишга ҳаракат қилиши мумкин. Рақамларни футболчига унчалик аҳамияти йўқ.

-  Боя тўғри айтдингиз, пандемиядан кейин ҳаммаси ўзгариб кетди. Бундан ҳар ким турлича чиқди. Лекин карантиндан сиз янада кучлироқ бўлиб қайтгандексиз...

-  Пандемия даврида ҳамма уйда бўлди, кўчага чиқиш мумкин эмасди. Мен Сирдарёда уйимда эдим. Ўша пайтларда ҳар куни тонгда, соат 4 да чиқиб югурардим. Жиянларим билан ҳовлида футбол ўйнардим. Карантин пайтида уйимда ётмадим. Эрталаб туриб 4-5 километр югуриб чиқардим.

тураев7

-  Чемпионатимизда мухлисларсиз ўйнаш қандай туюляпти?

-  Мухлислар билан қизиқ бўлади. Ишқибозларсиз ўйнаш худди машғулот ўтаётгандек бўлиб қолади.

-  Футболдан кейин ўзингизни нимада тасаввур қила оласиз?

-  Бу саволингизга мураббий, менежер ёки бошқа бўламан, деб айтишим қийин. Ҳаммасини вақт кўрсатади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!