Лутфулла Тўраевнинг "машҳур финти", сюрпризлар орасидаги Жамшид Искандеров ва бошқалар ҳақида - Даврон Файзиев
“SPORTS.uz ҳафтаси” кўрсатувининг охирги сонида Ўзбекистон миллий терма жамоасига жалб этилган футболчилар орасидаги кутилмаган номлар борасида сўз юритилди. Унда кўрсатув эксперти, ЎФА матбуот хизмати раҳбати Даврон Файзиев йиғинда йиғинда иштирок этган Лутфулла Тўраев, Акбар Исматуллаев ва Жамшид Искандеров ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди. Жумладан, таниқли шарҳловчи ўзи учун ҳам улар орасидан Искандеровнинг терма жамоага жалб этилиши сюрприз эканлигини тан олди.
Даврон Файзиев терма жамоада Абрамов ўзгартирган жиҳатлар ва Купер қаттиқўллик қилган ҳолатлар ҳақида гапирди
- Таркибга жалб этилган кутилмаган футболчи? Яширишнинг ҳожати йўқ, ҳамманинг эътибори Лутфулла Тўраевда бўлди. У мисол учун терма жамоада ўйнамаган бўлса ҳам майли экан, фақат Абрамов пайтида таркибга жалб этилган бўлса ҳам майли экан. Миржалол Қосимов даврида Тўраев асосий таркибда майдонга тушарди. Тўғри, орада унинг фаолиятида пасайиш бўлди. Ҳозир у 31 ёшда. Роналду, Месси, Модрич каби футболчилар Лутфулладан катта. Яъни ёш жиҳатдан олиб қараганда, бунақа ёшдаги футболчиларнинг терма жамоада тўп тепиши нормал ҳолат. Зинедин Зидан 30 ёшлар атрофида очилган. Унинг нега ёшини гапиришмоқда, ўйинини гапиришсин.
Лутфулла Тўраевни мухлислар нега қабул қила олмади? Бунга унинг машхур финти сабабми?
- Унинг тўпни тепиб юбораётган пайтдаги ҳолати интернетда айланди. Ўша ҳаракатни ўхшата олмагани учун Тўраев ишқибозлар кўз ўнгида қолди. Бу бор гап. Қолаверса, кўринишидан ёшига нисбатан балки каттароқ кўринар. Орада терма жамоада ўйнамаган пайтлари инобатга олингандир. Лекин у айни пайтда “Бунёдкор”да ижобий томондан гавдаланмоқда.
Ҳамма мураббийларда бўлгани каби Абрамовда ҳам битта баҳсли футболчилар бўла қолсин. Чунки футбол тарихида терма жамоага чақирилганлар орасида нега уни эмас, буни жалб этилди деган саволлар доим учраган.
Акбар Исматуллаев?
- “Металлург”да сардор, лидерлик ҳусусиятлари бор, майдонда жангчи. Вадим Абрамовда доим универсаллар бўлган. Мисол учун, қайсидир позицияни ёпиб кетадиган футболчи бўлиши мумкин деб ўйлаяпман. Яъни қайси чизиққа қўйилса, шу ерда ўйнаб кетади.
Жамшид Искандеров?
- Тўғри, ўзим учун ҳам кутилмаган футболчи терма жамоага чақирилиши бўйича. Чунки ҳатто Игорь Сергеевнинг ҳам руҳий томондан ўзини тиклаши мен учун сюрприз бўлмади. Сегреевда қандайдир жангчилик ҳусусиятлари, ҳарактер бор. Лекин Жамшид Искандеровни мен ҳотиржам бола сифатида тасаввур қиламан ва унинг қайтиши сюрприз бўлди. Қайтиши ёмон эмас. Негаки ўсмирлар, ёшлар терма жамоасида етакчилик қилган. Бўлажак Миржалол Қосимов ва Сервер Жепаров сифатида қаралган. Бироқ олимпия терма жамоамизда қоқилди, шундан кейин пасайиб кетди. “Пахтакор”да ҳам хатоларга йўл қўйди, терма жамоада ҳам шу ҳолат кузатилди ҳамда натижалари салбий кўриниш олди. Искандеров ўзини тиклай олармикин, шу ҳолатни енгиб ўтишга ҳарактери етармикин деб ўйлагандим. Тўғри, “Локомотив”да фойдали ўйин кўрсатди. Лекин терма жамоага жалб этилишини кутмагандим. Айтишим мумкинки, Лутфулла Тўраев ва Акбар Исматуллаевдан ҳам кўра мен учун Жамшид Искандеровнинг чақирилиши кутилмаган ҳолат бўлди.
У истеъдодли, ярим ҳимоянинг Ўзбекистондаги энг маҳоратли вакилларидан бири. Бироқ руҳиятида озгина ўзгариш бўлди. Унга ишонч пасайди. Машғулотларда қанчалик зўр ишлади буни мен ўз кўзим билан кўрмагунимча айта олмайман. Бакли муносабати ўзгаргандир, буни мураббий ҳам сезгандир ва терма жамоага чақирди, - деди Даврон Файзиев.
Эслатиб ўтамиз, Лутфулла Тўраев терма жамоа йиғини тарк этди. Бундан кўриниб турибдики, Вадим Абрамов якуний таркибга Тўраевни киритмаган.
Фикрлар