Любинко Друлович Мисрга қарши ўйиндан олдин нималар деди?

Ўзбекистон футбол ассоциациясининг ташаббуси билан Миср олимпия терма жамоаси Ўзбекистон олимпия термасига қарши иккита ўйин ўтказиш учун юртимизга етиб келди. Дастлабки учрашув эртага Андижондаги “Соғлом авлод” стадионида Ўзбекистон ҳамда Миср олимпия терма жамоалари иштирокидаги халқаро даражадаги ўртоқлик учрашуви ўтказилади. 11 июнь куни эса Наманганда ушбу жамоаларнинг иккинчи ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтади. Айни пайтда Андижонда ушбу учрашувга катта тайёргарлик кўрилмоқда. Бунгача “Соғлом авлод” стадионида ўтказилган Ўзбекистон U-18 ҳамда «Берлин» U-18 жамоалари ўртасидаги учрашув ҳам юқори даражада ташкиллаштирилганди. Навбатдаги ҳалқаро даражадаги учрашувга бўлган қизиқиш ва эътибор ҳам юқори даражада дейиш мумкин.

Андижонлик мухлислар эса ҳар иккала жамоа аъзоларини кўтаринки кайфият билан қарши олишди. “Соғлом авлод” стадионида маҳаллий ишқибозлар томонидан байрамона муҳит яратилиши кутилмоқда. Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи Любинко Друлович ҳам Мисрга қарши кечадиган баҳсда мухлисларнинг қўллаб-қувватлашига умид қилмоқда. Ушбу мутахассис мазкур беллашув олдидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Миср терма жамоасига қарши ўйин учун Андижонга келдик, - дейди Друлович. - Олдимизда эса ушбу рақибга қарши иккита ўйин турибди. Шуни айтишим мумкинки, бўлажак рақибимиз Африкадаги энг кучли жамоалардан бири ҳисобланади. Шундай экан, эртага бизни кучли рақибга қарши қизиқарли учрашув кутиб турибди.

Эртага ижобий натижага эришиш учун ҳаракат қиламиз ва умид қиламанки, стадионга йиғилган мухлисларни хурсанд эта оламиз. Бунинг учун эса андижонлик ишқибозлар ҳам жамоамизни фаол тарзда қўллаб-қувватлашларига ишонаман. Қолаверса, таркибимизда ажойиб футболчилар бор ва улар ўз вақтида Осиё чемпионига айланишган. Бундай рақибга қарши баҳсда ўзларини кўрсата оладилар деб умид қиламан.

Умуман олганда, Миср терма жамоаси ҳақида маълумотларга эгамиз. Футболчиларимиз ҳам эртага қайси рақибга қарши майдонга тушишларини яхши билиб турибдилар. Биз Мисрнинг ўйинларини жамоавий тарзда ҳам кўриб, таҳлил қилиб чиқдик. Эртага мухлисларни қизиқарли тўқнашув кутиб турибди.

Таркибимизда йўқотишлар йўқ эмас. Бир қатор футболчиларимиз миллий терма жамоамизга чақирилишган бўлса, Ислом Кенжабоев билан Жасур Яхшибоевда жароҳатлар бор. Албатта, таркибимизда янги номлар ҳам йўқ эмас. Бу ўйин эса улар учун ўзларини кўрсатишга бўлган имконият. Умуман айтганда, олимпия терма жамоасида ўзини кўрсатган ўйинчилар миллий термага ҳам жалб этилмоқдалар. Ўйлайманки, таркибимиздаги ҳар бир ўйинчи ҳам миллий термада тўп суришни истайди. Бунинг учун эса улар ўзларини ҳар томонлама кўрсата олишлари лозим. Бу борада эса ҳар бир футболчимизда бундай имконият бор. Олдимизда эса Осиё чемпионати мусобақаси турибди. Аста-секин ушбу мусобақага тайёргарлик кўриб боряпмиз. Ҳаммаси режамиз асосида давом этмоқда, - дея фикрларини якунлади, терма жамоамиз бош мураббийи.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Behzod Aliev
09/06/2019 15:18
АНДИЖОНГА хуш келибсизлар