Любинко Друлович Ўзбекистон ОТЖнинг йиғини, мухлислар, босим, жароҳатланганлар ва бошқалар ҳақида
Хабарингиз бор, шу йилнинг 22-26 март кунлари Тошкентда U-23 Осиё чемпионати саралашининг «F» гуруҳидан ўрин олган учрашувлар бўлиб ўтади. Мазкур саралаш баҳсларида Ўзбекистон олимпия терма жамоаси билан биргаликда Тожикистон ва Ҳиндистон терма жамоалари ҳам иштирок этишади.
Бугун ана шу саралаш ўйинлари олдидан учта терма жамоа бош мураббийлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Любинко Друлович (Ўзбекистон ОТЖ бош мураббийи): - Эртага муҳим мусобақада иштирокни бошлаймиз. Бу саралаш баҳслари олдидан Испания ва Туркияда йиғин ўтказдик. Бир қатор назорат ўйинларида майдонга тушдик. Мақсад битта – барча ўйинда ғалаба қозониб, Осиё чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш. Терма жамоага жалб қилинган футболчилардан кўнглим тўқ. Уларнинг жисмоний ҳолати мени қониқтирмоқда. Иложи борича кўпроқ гол уриб, ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз. Биз мазкур саралаш ўйинларини амалдаги Осиё чемпиони сифатида ўтказамиз.
Бу ўзига хос босим юклайди. Умуман, футболда ҳамиша босим бўлади. Бу нормал ҳолат. Эртага стадионга кўпроқ мухлислар тушиб, бизни қўллаб-қувватлаб туришса, ўйлайманки, босимни енгишимиз осонроқ бўлади. Покистон терма жамоаси мазкур саралашга кела олмаганидан афсусдаман. Покистон ҳам қатнашганда, футбол учун яхши бўларди. Кўпроқ ўйин ўтказардик. Таркибда кичик жароҳат олган футболчилар бор. Бобир Абдихолиқов ва Аброр Исмоилов ўзини бир оз ёмон ҳис қилаётганди.
Ҳиндистонга қарши ўйин олдидан машғулот ўтказамиз. Ўша машғулотдан кейин эртага асосий таркибда майдонга тушадиган футболчилар ҳақида бир тўхтамга келиб оламиз.
Деррик Перейра (Ҳиндистон ОТЖ бош мураббийи): - Тошкентда бўлиб ўтадиган саралаш баҳслари олдидан Қатарда йиғин ўтказдик. Қатар терма жамоаси билан назорат ўйинида майдонга тушдик. Тайёргарлик учун кўп вақт бўлмади. Шунга қарамай, Осиё чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш учун бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз. Таркибимизда кўплаб ёш футболчилар бор. Уларга ишонч билдириб, майдонга туширмоқчимиз. Саралашдаги рақибларни видеоёзувлар орқали ўрганиб чиқдик. Ўзбекистон мусобақанинг амалдаги чемпиони. Тожикистон ҳам анча шаклланган терма жамоа. Шу сабабли уларга қарши ўйинлар осон бўлмаслиги аниқ.
Покистон терма жамоаси келганида битта ўйин кўпроқ ўтказардик. Эндиликда Осиё чемпионати йўлланмаси учун кураш фақат иккита ўйинда кечади. Биз мусобақани ижобий натижа билан якунламоқчимиз.
Усмон Тошев (Тожикистон ОТЖ бош мураббийи): - Даставвал, барчани Наврўз айёми билан билан табриклайман. Саралаш баҳсларига жиддий тайёргарлик кўрдик. Таркибимизда яхши футболчилар бор. Умид қиламанки, ижобий натижа қайд эта оламиз. Рақиблар ҳақида нима дейишим мумкин? Ўзбекистон қитъадаги кучли терма жамоалардан бири. Ҳиндистон ҳам ўзига яраша кучли жамоа. Покистон терма жамоаси келмаганидан афсусдаман. Улар ҳам иштирок этса, кўпроқ ўйин ўтказган бўлардик. Нима бўлишидан қатъий назар, майдонда бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз.
Фикрлар