
Люпчо Дориев: "Ойнинг энг яхши футболчиси бўлиш яхши, лекин чемпионликка эришиш ундан ҳам муҳимроқдир"
"Сўғдиёна" ва Шимолий Македония ҳужумчиси ҳисобланган Люпчо Дориев Sports.uz сайтига қисқача интервью бериб, бир неча қизиқарли саволларга жавоб берди.
Авваламбор, ойнинг энг яхши футболчиси ва энг чиройли гол муаллифи бўлганингиз билан табриклайман. Ушбу сўровномада ғалаба қозониш қанчалик муҳим?
"Албатта, мукофотларни қўлга киритиш доимо яхши, лекин мен учун жамоа билан биргаликда чемпионлик ёки кубок каби совринларни ютиш ундан ҳам муҳимроқ ҳисобланади".
"Сўғдиёна" билан шартномангизнинг тугашига яна бир мавсум қолди. Шартномани узайтириш бўйича музокаралар олиб бориляптими?
"Ҳа, менинг шартномам яна бир йилга чўзилди ва 2026 йилгача "Сўғдиёна"да қоламан, ундан кейин нима бўлишини кўрамиз".
Жамоа бу мавсумда чемпионлик пойгасидан тушиб қолди. Шу вазиятни ҳисобга олган ҳолда, келгуси мавсум учун клубдаги режаларингиз ва мақсадларингиз нималардан иборат?
"Мақсадимиз кубок учун охиригача курашиш эди, аммо мағлуб бўлдик. Бу футболда бўлиб туради. Биз ишимизни давом эттирамиз, олдинга интиламиз ва умид қиламанки, келаси йил буни уддалай оламиз".
Бундан ташқари, сизнингча, бу мавсумда Суперлига чемпионлигини ким қўлга киритади?
"Бу йил қизиқарли бўлмоқда, лекин ким ғолиб чиқса, ўша жамоа бунга муносиб бўлади", - дея қисқача жавоб бериб ўтди 30 ёшли ҳужумчи.
Эслатиб ўтамиз, Дориев Суперлигада сентябрь ойининг энг яхши футболчиси ва энг чиройли гол муаллифи деб топилди. Ҳужумчи якунланган ойда 4 та учрашувда иштирок этиб, 3 та гол урди ҳамда 2 та голли узатмани ўз ҳисобига ёздириб қўйди.
Маълумот ўрнида, жиззахликлар ички чемпионатдаги навбатдаги беллашувини 17 октябрь куни "Сурхон"га қарши ўтказади.
Комментарии