Мадинабону Маннопова: "Turkish Open"да кетма-кет иккинчи йил олтин медаль ютмоқчиман

Ўзбекистон таэквондо терма жамоаси айни пайтда Янгиобод ўқув базасида янги халқаро мусобақаларга тайёргарлик кўрмоқда. Февраль ойи бошида "Turkish Open" мусобақасида қатнашадиган терма жамоамиз аъзоси Мадинабону Маннопова Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси матбуот хизматига ўз фикрларини билдирди.

"Таэквондо билан 9 йилдан буён мунтазам шуғулланиб келаяпман. Биринчи мураббийим - Собир Назаралиев. Кичкиналигимдан ушбу мураббий қўл остида шуғулланиб келаяпман.

Таэквондога келишим аслида тасодифан содир бўлган. Яккакурашлар орасида айнан таэквондо мени ўзига ром қилган. Спорт кийими, спорт жиҳозлари ва зарбалари четдан қараганда жуда ҳам чиройли кўринади.

"Turkish Open" мусобақасида 2015 йил кадетлар тоифасида олтин, 2016 йил ўсмирлар тоифасида кумуш ва 2019 йил катталар ўртасида олтин медалини қўлга киритганман. Бу йил тўртинчи марта ушбу мусобақада иштирок этаман. "Turkish Open" G1 туркумига мансуб ҳисобланади ва кетма-кет иккинчи йил олтин медални қўлга киритишга ҳаракат қиламан", - дейди Мадинабону Маннопова.

3-5 февраль кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида таэквондо бўйича анъанавий "Turkish Open" мусобақаси бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон терма жамоасининг 7 нафар аъзоси қатнашади.

Манба: Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси матбуот хизмати

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!