Мағлубиятлар эпидемияси! Абрамов ҳам "ҳайдалиш куйи"ни чаладими ёхуд "Динамо"да мураббийлар алмашинуви қанчалик тўғри?
Суперлигада энг омадсиз жамоа қайси? Бунга ҳамма турнир жадвалидан келиб чиқиб, Самарқанднинг “Динамо” клубини тилга олиши табиий. Чиндан ҳам вазият шунақа. “Динамо” жамоасининг қайд этаётган натижалари Суперлига клублари орасида энг салбий кўринишда. Шунинг учун ҳам самарқандликлар охирги ўринга “михланиб” қолган.
Ўтган йили про лигада ўз олдига қўйган мақсадига эришиб, ниҳоят кучлилар орасига қайтганди. Лекин бу жамоа ҳамон олдинги йўл қўйилган камчиликларидан тўғри хулоса чиқармаганлиги жорий мавсумда кўриниб қоляпти. Ҳаммаси қуруқ оғизда гапириляпти, амалда эса ҳеч нима йўқ. Мавсум бошида “Динамо” олдига катта мақсадлар қўяётгани, таркиб кучайтирилаётгани ҳақида айтилди. Хўш, айтилган гаплар ҳозирга келиб ўз исботини топяптими? Йўқ, албатта. Клуб сал қолса парокандаликка юз тутаётгандек. Натижаларига қараймиз: ортда қолган 17 та турда клуб 1 ғалаба, 4 дуранг ва 12 мағлубият қайд этган. Тўплар нисбати 15/32. Дарвозасидан энг кўп гол ўтказиб юборган жамоа бўлиб турибди. Бор-йўғи 7 очко ва охирги ўрин “Динамо”ники!
Клуб раҳбарияти чемпионат бошидан буён учта мураббийни ўзгартиришга улгурди. Ёдингиздан чиқмаган бўлса, йил бошида сербиялик Предраг Роган бош мураббий этиб тайинланди. Трансфер ойнаси пайтида қатор ўзгаришларга қўл урилди. Янги легионерлар ҳам олиб келинди. Бироқ унга етарлича вақт берилмади. Бизнингча, ҳамма хато шундан бошланди. Роган жамоани май ойигача бошқарди. 9-турда Бекободда “Металлург”га имконият бой берилгач, Предраг кетди. Аниқроғи, унга жавоб берилди. Кейин Андрей Шипилов бош мураббий ролида иш бошлади. Унга қадар Андрей Сергеевич “Динамо”да спорт директори эди. Шипиловнинг “Динамо” бошқарувидаги фаолияти омадли бўлмади. 5 та ўйинда фақат 1 дуранг кузатилди ва қолган 4 та учрашувда имконият бой берилди. Оқибатда Шипилов ўзини билиб, истеъфога чиқишни маъқул топди. Охирги уч ўйиндан буён Вадим Абрамов “Динамо”га устозлик қиляпти. Лекин вазият ҳамда натижа ўша-ўша. Клуб ютқазишда давом этяпти. Эътибор берган бўлсангиз, “Динамо”нинг натижалари асосан Роган пайтидаги кўрсаткичлар билан боғлиқ. Ягона ғалаба 5-турда Самарқандда “Локомотив”га қарши ўйинда қўлга киритилган бўлиб, ўша баҳсда мезбонлар 3:1 ҳисобида ғолиб чиқишган. Бу кетишда ўша ғалаба ягоналигича қолиб кетади-ёв?!
“Динамо” 4 ойдан бери ғалаба нималигини билмай келаётгани мухлисларни қаттиқ изтиробга солиб келяпти. Абрамов жамоага келибоқ, мен сеҳргар эмасман, деб айтиб ўтди. Қўшимчасига у Самарқанд футболини кўтариш учун шунга яраша мустаҳкам пойдевор қўйиш кераклигини айтиб, бу борада муаммолар борлигини ҳам таъкидлаганди. Раҳбарият нима қилаётганини ўзи яхши тушуниб турганмикин? Шипилов 5 та ўйинда 1 дуранг ва 4 мағлубиятга учраганидан кейин кетди. Вадим Абрамов ҳам жуда омадсиз бошлади: 3 та ўйин, 3 та мағлубият. Хўш, бу кетишда раҳбарият уни ҳам истеъфога чиқарадими, шунда?! Кейин нима бўлади? Аввало, жамоа мутасаддилари ортга назар ташлаб, қилинган ишларни яхшилаб таҳлил қилса мақсадга мувофиқ. Бу кетишда “Динамо” яна про лигага равона бўлади. Шундоқ ҳам бу борада энг биринчи ва муносиб номзод ҳам шу клуб бўлиб турибди.
Ёзги трансфер ойнаси вақтида таркибга Марат Бикмаев, Эркин Бойдуллаев, Шохруҳ Маҳмудхожиев, Элгужа Григалашвили каби тажрибали футболчилар қўшиб олинди. Биздаги маълумотларга қараганда, жамоада молиявий муаммолар йўқ. “Динамо” шундай тасаввур уйғотяптики, клуб эртасини ўйламасдан шу бугуни билан яшаётгандек. Айтмоқчимизки, “Динамо”нинг бундай аҳволга тушиб қолиши фақатгина мураббийлар билан ёки уларни хадеб алмаштиравериш билан боғлиқ эмаслигини вақт кўрсатиб қўймоқда.
Футболда биргина мағлубият қанчалик оғир ва руҳий зарба бўлишини футболчилар яхши ҳис қилишади. Энди ўйланг, 4 ойдан буён ютолмай келаётган “Динамо” аъзоларининг кайфияти қандай бўлиши мумкин? Руҳий муаммолар албатта ўз сўзини айтмасдан қолмайди. Вадим Абрамов ўзи йиғмаган таркиб билан ишлашга мажбур. Уларнинг орасида ўзининг услубига мос тушадигани ва мос тушмайдиганлари бор. Бу ҳолат натижаларда ўз таъсирини кўрсатяпти. Бундан эса биринчи навбатда самарқандлик ишқибозлар жабр кўрмоқда. Ўз суюклиларини бир неча йиллик танаффусдан кейин Суперлигага қайтганидан боши осмонга етган мухлисларнинг ҳозирги аҳволини тасаввур қилиш қийин эмас. Роганни “ҳайдаш”дан аввал барчасини етти ўлчаб бир кесиб кўриш керак эди. Бу қарор ўзини оқламаганини вақт ҳам, натижалар ҳам кўрсатиб қўймоқда. Агар “Динамо” ҳеч бўлмаганда охирги ўринда эмас, балки бироз бир-икки поғона юқорида бўлганида ҳам вазиятни тушунса бўларди, аммо клуб яққол аутсайдер мақомида қолаётгани сабабли мутасаддилар энди ўзларини қандай ҳис қилишяпти экан? Бу ерда қилинган қарорлар ўзини оқламасдан хато кетидан хато бўлиб чиқяпти. Агар “Динамо” яна қуйи лигага тушиб кетса, бундан Абрамов ҳеч нима ютқазмайди. У қийин ҳолатга тушиб қолган клубни қабул қилиб олди. Эпласа эплади, бўлмаса йўқ. Чунки у жамоани бу аҳволга солиб қўйгани йўқ. Аслида вазиятни шу даражага келтирмаслик чорасини топиш муҳим эди. Тўғри, олдинда яна ўйинлар бор, бироқ “Динамо” яқин таъқибчисидан 6 очкога ортда қоляпти. Ҳар ўйиндан кейин клуб бир қадам орқага қадам ташлаяпти.
Фикрлар