Маҳалланинг энг қилтириқ йигитидан «олтин тўп» соҳибигача! Барчасига қўл силташга шошилманг!
Ачинарлиси шундаки, сўнгги йилларда болалар футбол майдонларида кўплаб иқтидорли ёшлар қолиб кетмоқда. Деярли барча академияларга болалар биринчи навбатда жисмоний имкониятларидан келиб чиқиб таклиф этилади. Агар академияга кирмоқчи бўлган болакай нимжонроқ бўлса, унинг имкониятлари деярли нолга тенг.
Барчасига мураббийларнинг эрта натижа кўрсатишга уриниши сабаб. Асосий планга натижа кўтарилар экан, ҳеч қандай прогресс бўлмаслиги аниқ. Болалар футболининг профессионаллар билан фарқи катта. Бу ерда мутахассислари биринчи навбатда келажакда яхши натижа қайд этишга қодир болаларни кашф этиши керак. Ҳозирда кўплаб мутахассислар бугун натижа беришга қодир ёшларга эътибор қаратади. Улар жисмонан бақувват, зарбаси кучли, тезроқ югуради. Шу боис, айнан шундай йигитлар кўпроқ ўйин амалиётга ва мураббийлар эътиборига эга чиқади. Кичик мусобақаларда натижа беришни бошлагач, бу болалар жамоанинг алмаштириб бўлмас ўйинчисига айланади.
Нисбатан нимжон, паст бўйли болалар футбол академиялари эшиги тагидан қайтишга мажбур бўлмоқда. Замонавий футболда жисмоний тайёргарликка бўлган эътибор ошгач, уларнинг имкониятлари кескин камайиб кетди. Бундай болалар академияга қабул қилинса ҳам, кўпинча сояда қолиб кетади. Улар орасида майдонни кўриши ёки ўйинни ўқий оладиганлари кўп учрасада, барибир натижа беришга қодир ёш футболчиларга бўлган талаб ҳамма жойда юқори.
Бундай пайтларда кўплаб болаларда ўз кучига бўлган ишонч йўқолади. Айримлари футболдан совиб ҳам кетади. Агар мураббийлари томонидан керакли сўзлар айтилмаса, деярли 75 фоиз ёшлар футболни ташлаб кетади. Айнан шу омил сабабли, бутун жаҳон футболи йилига 10 ёки 20 та "янги Мессилар"ни қўлдан чиқаради.
Ҳозирги кунда жисмоний имкониятлари паст бўлишига қарамай, футбол ўйнашда давом этаётганлар учун Лука Модрич чинакам намуна бўлиши мумкин. Қаҳрамонимиз 8 ёшида Хорватиянинг «Хайдук» жамоасига кўригига ҳатто киргазилмайди. Икки йилдан сўнг, иккинчи бор келганида, у тенгдошлари ичида энг ориқ бола эди. Илк назорат машғулотидаёқ, бу фактор дарров кўзга ташланади. Академия мураббийлари Луканинг дадасига ўғлидан футболчи чиқмаслигини айтиб, ортга жўнатиб юборади. 10 ёшли болакай эса, кўзда ёш билан уйига қайтиб келади. Кейин Модрич футболни ташлаб юборади. Унинг машғулотларига келмай қўйганидан хабар топган биринчи мураббийи ишга аралашади. Уни яна футболга қайтишга кўндиради.
Югославиядаги урушдан қочиб келган оилада жуда қашшоқ эди. Дадаси маошининг деярли 80 фоизини ўғлининг тўгараги учун сарфлар, қолгани рўзғорга аранг етар эди. Шунга қарамай, Лука ҳаракатдан тўхтаб қолгани йўқ. 15 ёшга қадар бирорта клуб академияси уни ўз сафида кўришни истамади. Аллақачон ўспирин ёшига етган бўлса-да, унинг гавдаси 12 ёшдаги болакайларни эслатиб юборгани панд берди.
16 ёшга тўлай деганида, Загребнинг «Динамо» жамоаси уни ўз қармоғига олди. Афсуски, мураббийлар ёш йигитдаги техника ва майдонни кўра билиш қобилиятига эътибор қаратгани йўқ. Лука дарров қуйи лига вакилига ижарага бериб юборилди. Пастки лигаларда эса, Модричнинг аҳволи анча оғирлашди. Асосан қўпол футбол намойиш этувчи ҳимоячилар билан тўқнашувлардан сўнг, Модрич бир нарсани англаб етди. Курашларга кирмаслик учун тўп билан чаққон ҳаракат қилиш ва майдонда тезда қарор қабул қилиш лозим! Шу тамойил асосида ўзнинг ўйин манерасини секин-аста ўзгартириб борди.
Хорватиянинг пастки дивизонларида тўп билан «учиб» кетаётган болакай ҳақида ОАВ ёзишни бошлаб юборади. Кейинроқ, «Хайдук» Модричнинг дадаси билан алоқага чиқди. Бундан хабар топган «Динамо» йигитчани асосий жамоага қайтарди.
Модрич ўзи сингари ориқ йигитлар учун ғалаба формуласини яратди десак, адашмаган бўламиз. Марказда тўп билан чаққон ҳаракат қилиши, тўп учун курашда тезлик эвазига ғалаба қозониши билан Лука тезда мураббийлар ишончини оқлади. 3 йил давомида мамлакат чемпионлигини қўлга киритди. Қаторасига ички чемпионат олтин медаллига эга бўлгач, терма жамоадан таклиф олди.
Шу билан унинг ҳаётида яхши кунлар бошланди деб ўйласангиз, адашасиз! Модрич 2008 йилдаги Европа биринчилигида иштирок этгач, кўплаб грандлар эътиборига тушди. Улар орасида «Барселона» ва «Арсенал» ярим ҳимоячи учун асосий даъвогар эди. Лука ёшлигидан Каталония клуби мухлиси бўлгани учун трансфер ойнасининг сўнгги кунига қадар таклиф келиб тушишини кутди. Афсуски, унинг агентлари «Барселона» Модричдан жисмонан заифроқ бўлгани учун воз кечгани ҳақидаги аламли хабарни эшитди. Арсен Венгер эса, Модрични АПЛнинг контактларга бой ўйинлардаги босимни кўтара олмаслиги ҳақидаги башоратни ОАВ орқали ўқиб қолди. У ҳеч қачон Европанинг кучли клубларида тўп сурмаслиги мумкинлигидан сиқилди, аммо қўлларини тушириб юборгани йўқ. Дедлайннинг сўнгги соатларида «Тоттенхэм» билан шартнома имзолади.
Унинг Лондондаги саргузаштлари бошланиб кетди. Хорватиядаги футбол асосан техникага таянгани учун тўқнашувлар сони бир неча баробар кам. Англияда эса, бурчак байроқчаси олдида ҳам рақиб катта тезликда сенга ташланиши мумкин. Буни англаб етган Модрич бор эътиборини тезкорликка қаратди. Унинг ўз устида тинимсиз ишлаши самара берди. Қисқа фурсат ичида, Лука АПЛнинг энг кучли универсал ярим ҳимоячисига айланди. 2012 йилда Мадриднинг «Реал» жамоаси томонидан сотиб олинди.
Унинг Испаниядаги фаолияти совринларга бой ўтмоқда. 4 бор ЕЧЛ ғолиблиги ва Испания чемпионлиги! 2018 йилда «олтин тўп». Бир қарашда Мадрид клубида Лука ўзини эркин ҳис қилгандек туюлиши мумкин, лекин барчаси сиз ўйлагандек осон эмас.
2012/13 йилги мавсум сўнггида, Испаниянинг кўплаб нашрлари Модрич трансфери сабабли, «Реал»ни кескин танқид қилди. Майдон марказида пассив, иккинчи қаватдаги курашларда бефойда, жисмонан нимжон йигит қандай қилиб бутун ўйиннинг темпини белгилаб бериши мумкин? Модричнинг «Қироллик клуби» сафидаги илк мавсуми жуда омадсиз ўтди. Ҳатто, унга Лондонга қайтиш таклифи ҳам берилди, бироқ қаҳрамонимиз характер кўрсатди. Мадридда қолди ва яна курашга қўшилди. Унинг тинимсиз ўз устида ишлаши, машғулотлардаги меҳнати бесамар кетгани йўқ. Хорват 2014/15 йилги мавсумдан бошлаб, клубнинг асосий фигурасига айланди. Орадан 6 йил ўтган бўлса-да, ҳали ҳеч ким Лукани асосий таркибдан сиқиб чиқаришни уддалай олмади. Бундай ютуқлар ортида улкан меҳнат ва кучли ирода борлигини пайқаш қийин эмас.
Тасаввур қилиб кўринг! Агар у 10 ёшда «Хайдук» кўригидан сўнг, қўлларини тушириб юборганда нима бўлар эди? ! Қаҳрамонимиз бутун фаолияти давомида ўз камчилигини беркитиш мақсадида бошқа томондан кучли бўлишга интилди ва буни уддалади.
Яхёхўжа Улуғхўжаев
Фикрлар