“Манчестер Сити” Англиядаги қиммат ҳимоячини сотиб олиши мумкин
Мавсумнинг қизғин ва тиғиз палласида кадрлар муаммосига дуч келган “Манчестер Сити” ҳимоя чизиғидаги йўқотишлар ўрнини янги ижрочи билан тўлдириш имкониятини ўрганиб чиқмоқда.
Маълумотларга қараганда, “шаҳарликлар” жорий трансфер ойнаси даврида “Кристал Пэлас” марказий ҳимоячиси Марк Гехини жамоага таклиф этиш вариантини кўриб чиқмоқда.
Бу ҳақда BBC хабар берди.
Англиянинг қудратли клуби томонидан бундай қизиқиш жамоа ҳимоя чизиғидаги жиддий муаммоларга дуч келгани учун фавқулодда пайдо бўлди. 4 январь куни “Челси”га қарши ўйинда (1:1) жамоанинг бирданига икки нафар асосий марказий ҳимоячиси – Йошко Гвардиол ва Рубен Диаш жароҳат олди. Бундан ташқари, “шаҳарликлар”нинг яна бир ҳимоячиси Жон Стоунз ҳам анча вақтдан бери лазаретда.
Манбага кўра, “Сити” раҳбарияти Гвардиол ва Диашнинг соғлиғи бўйича тиббий хулосаларни олганидан кейин Гехи трансфери бўйича фаол қадам ташлашга киришди.
Гвардиолнинг жароҳати оғир экани тасдиқланди: хорват футболчининг катта болдир суяги синган ва у жарроҳлик амалиёти ўтказади.
Гехининг “Кристал Пэлас” билан амалдаги шартномаси 2026 йил ёзигача мўлжалланган. Агар у келишувни узайтирмаса, мавсум охирида клубни бепул тарк этиши мумкин. Бу ҳолатга “Бавария”, “Реал”, “Барселона”, “Интер”, “Атлетико” ва “Ливерпуль” каби бир қатор Европа грандлари жиддий қизиқиш билдирмоқда.
Лондонликлар эса футболчини компенсациясиз йўқотмаслик учун уни январь ойида сотиш вариантини ҳам истисно қилмаяпти.



Фикрлар