
“Манчестер Юнайтед” Рэшфордни ҳали номи чиқмаган ёш ўйинчига алиштириб юборади
“Манчестер Юнайтед” қишки трансферлар вақтида “Астон Вилла”га ижарага юборилган Маркус Рэшфорддан тўлиқ қутилиш йўлларини қидирмоқда.
Caught Offside нашрининг ёзишича, манчестерликлар 27 ёшли ҳужумчини “Бавария”да ўйнаётган 20 ёшли таянч ярим ҳимоячи Александар Павловичга алиштиришни режалаштирмоқда.
“Манчестер Юнайтед” мутасаддилари Павловични яқин келажакда унинг атрофида жанговар жамоа шакллантириш имконияти юқори бўлган ўйинчи сифатида қабул қиляпти. Агар “Бавария” бу рокировкага розилик берадиган бўлса, мюнхенликлар муайян миқдоода қўшимча маблағ ҳам тўлашига тўғри келади.
Маркус Рэшфорднинг ўзи жамоани Рубен Аморим қабул қилиб олганидан кейин клубни тарк этишга мажбур бўлди. Англиялик футболчи январда “Барселона”га ўтишни истаган эди. Бироқ каталонияликлар уни олиб келиш йўлини топа олмагани учун ҳужумчи мавсум охиригача “Астон Вилла”да ўйнаб туришга кўнди.
Фикрлар