Манчестерда футболчилар клубдан етакчи ўйинчига янги шартнома беришни талаб қиляпти
Англия Премьер-лигасида секин-аста мавқеини тиклашга киришган “Манчестер Юнайтед” футболчилари клуб раҳбариятидан ҳимоячи Гарри Магуайр билан шартномани узайтиришни сўраяпти.
Бу ҳақда The Sun нашри хабар берди.
Манба маълумотига кўра, манчестерлик футболчилар Англия терма жамоаси марказий ҳимоячиси жамоани бепул тарк этмаслиги керак, деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, Магуайрнинг шартномаси 2026 йил ёзида тугайди ва бошқа клублар аллақачон у билан музокара олиб бориши мумкин.
Магуайр 2018-2019 йилги мавсумдан буён “Манчестер Юнайтед”да ўйнаб келмоқда. Илгари у жамоага сардорлик ҳам қилган.
Жорий мавсумда 32 ёшли ҳимоячи барча мусобақаларда 15 та ўйинда иштирок этиб, 2 та гол ва 1 та голли узатма амалга оширган. Transfermarkt маълумотига кўра, унинг бозор қиймати 10 миллион еврога баҳоланмоқда.
Фикрлар