Марко Станоевич: "Ўзимга қолса, фаолиятимни охиригача "Насаф"да қолган бўлардим"
Бу йил 37 ёшга тўладиган сербиялик ярим ҳимоячи Марко Станоевич янги мавсумни Самарқанднинг “Динамо” клубида бошлашидан хабарингиз бўлса керак. 5 йил давомида “Насаф” шарафини муносиб ҳимоя қилган легионер учун унинг Қаршидаги ҳаёти якунига етди.
Станоевич энди “Динамо” ўйинчиси сифатида янги мавсумга эътиборини қаратган. Фурсатдан фойдаланиб, Марко билан боғландик ва у сайтимиз учун “Насаф”ни тарк этиши ва “Динамо”га ўтиши ҳақида гапирди.
- Марко, “Насаф”даги беш йиллик фаолиятингиз кутганингиздан ҳам муваффақиятли ўтдими?
- “Насаф”да ўтган беш йил жуда яхши кечди. Ўтган вақт давомида кўплаб совринлар ва унвонга эга чиқдик. “Насаф”нинг асосий мақсади ҳам аслида шу. Клуб бундай ютуқларга чиройли ўйинлари орқали эришишни ёқтиради.
- “Насаф” сизга нима берди ёки сиз клубга нима бера олдингиз?
- Ўтган беш йил давомида мен билан елкама-елка тўп сурган барча жамоадошларимдан хурсандман. Улар билан худди ака-укалардек қадрдон бўлиб кетгандик.
- Айтинг-чи, жамоадан кетишни ўзингиз хоҳладингизми ёки...
- Албатта, йўқ. Бу клуб ва мураббий томонидан қабул қилинган қарор.
- Фаолиятингиз давомида энг кўп ўйнаган жамоангиз “Насаф” бўлди. У ерда 5 йил мобайнида сизни нима ушлаб турди?
- Албатта, беш йил ҳам ўзига яраша вақт ва мен ҳаммаси шундай ниҳоясига етишини хоҳламагандим. Ўзимга қолса, то фаолиятимнинг охиригача “Насаф”да жон деб қолган бўлардим.
- “Динамо”га ўтишингизга асосий сабаб нима?
- Ҳали ҳам футбол ўйнашни хоҳлайман. Шу боис “Динамо”дан қўнғироқ қилишганидан кейин ўйланиб ўтирмадим ва дарҳол розилик бердим.
- “Насаф”да бир қанча совринларни қўлга киритдингиз. “Динамо”да нима ютишни хоҳлайсиз?
- “Насаф”да ўтказган беш йил давомида Кубокни, чемпионатни ва Суперкубокни ютдим. “Динамо”да ҳам бундай муваффақиятли одимни давом эттиришни истайман. Бу клуб билан ҳам совринларга эга чиқишимизни жуда хоҳлайман.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар