Марко Станоевич: "Рақиб ким бўлишидан қатъий назар ҳар бир ўйин биз учун финалга тенг"

Қаршининг “Насаф” клубида янги футбол мавсумини соврин ютиш билан бошлаш имконияти бор эди. Бироқ “Пахтакор” Суперкубокни “Насаф”дан кўра кўпроқ хоҳлади, чоғи. Чунки якунда Рўзиқул Бердиев жамоаси мағлубиятга учради.

Ўйинда иштирок этган қаршиликларнинг сербиялик ярим ҳимоячиси Марко Станоевичга ҳам кўп нарса боғлиқ эди. Аммо жамоа етакчисидан ҳам шу куни омад юз ўгирди. Sports.uz мухбири эса Станоевичга ўйинга тааллуқли саволлар билан мурожаат қилди.

- Марко, нима деб ўйлайсиз, “Насаф” Суперкубокда мағлубиятга лойиқ ўйин кўрсатдими?

- Биз жорий йилдаги илк расмий ўйинни ўтказдик. Ўйлайманки, Суперкубок ўйинидан хулоса чиқарадиган бўлсак, биз ҳали оптимал даражага етмадик. Бундан ҳам яхшироқ тўп сура олишимизга ишонаман. Энди навбатдаги учрашувда ўзимизнинг нималарга қодирлигимизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз.

марко1_2

- Ўйин давомида сизни кўпроқ асабийлашган ҳолда кўрдик. Нима бўлди?

- Менда жуда қулай вазият бўлганди. Шулардан фойдалана олмаганим туфайли ҳам жуда асабийлашган бўлсам керак. Эҳтимол, ҳаммаси шунга боғлиқ бўлгандир.

- Мавсумни ғалаба билан бошлаш ҳар доим ёқимли ва жуда муҳим. Лекин Суперкубокдаги мағлубият “Насаф” футболчиларининг кайфиятини тушириб юбордими?

- Албатта, бошланаётган янги мавсумни совринга эга чиқиш билан қарши олиш ажойиб иш бўларди. Бахтга қарши бунинг иложи бўлмади. Рақибнинг ким бўлишидан қатъи назар, биз учун чемпионатдаги ҳар бир учрашув финалга тенг бўлади.

марко3_2

- Олдинда “Навбаҳор”га қарши чемпионатнинг очилиш ўйини турибди. Ушбу баҳсга қандай тайёрланяпсизлар? Энди Намангандаги учрашувда бошқача “Насаф”ни кўрамизми?

- Ҳар бир учрашувга максимал даражада ҳозирлик кўриб, ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз. Бизнинг қандай ҳаракатланишимизни эса мураббийлар штаби вакиллари белгилаб беради.

- “Пахтакор”га учралган мағлубиятдан кейин бош мураббий сизларни жиддий танқид қилдими?

- Ўйиндан кейин ҳамма натижадан хафа эди. Чунки барчамизда Суперкубони ютиш истаги бор эди. Лекин бу энди мавсумнинг бошланиши холос. Олдинда ҳали кўп ўйинлар бор.

- Стадиондаги муҳит, майдоннинг ҳолати ва ташкилотчилик борасида нима дея оласиз?

- Стадиондаги муҳит жуда яхши бўлди. Суперкубок баҳсини ташкил этилиши ҳам ўз ўрнида бўлди. Бу ўйинда бизни қўллаб-қувватлаган мухлисларга миннатдорлик билдириб қоламиз.

марко2_2

- Драган Черан яна ҳаммасини ҳал қилди. Эшитишимча, сиз у билан “Насаф”да бирга тўп суришни жуда истаган экансиз. “Насаф”дагилар Черанни соғинишдими?

- Черан – катта уста. Айнан унинг ҳал қилувчи зарбаси беллашув тақдирини белгилаб берди. Черан ўтган йилги кубок учрашувида ҳам ўзини ҳақиқий профессионал сифатида кўрсатганди.

- Сизнингча, янги мавсумда қайси клублар фаворит?

- Ҳали биринчилик бошланмасдан фалон-фалон клублар асосий фаворитлар, дея санаб чиқиш тўғри иш бўлмасди. Ҳаммасини майдондаги ўйинлар белгилаб беради. Ўйлайманки, чемпионат қизиқарли руҳда ўтса керак. Юқоридаги саволингизга фақат биринчи давра беллашувлари ниҳоясига етганидан сўнг мана бу клублар совринли ўринлар учун кураша олишади, дея жавоб бериш мумкин бўлади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!