Марко Станоевич: "Суперлига охирги турларгача яхши кетаётганди, "Пахтакор"- Ўзбекистондаги энг яхши клуб! (Интервью)

Ўзбекистонда мавсум якунига етган ва жамоалар янги мавсумга тайёргарлик кўриш режаларини ишлаб чиқмоқда. Шунингдек, айрим клубларни етакчи футболчилар тарк этмоқда.

Бу мавсум ОЧЛ, Суперлига ва Ўзбекистон кубогида ғолиблик учун кураш олиб борган "Насаф" клуби якунда кетма-кет икки марта Ўзбекистон кубогида ғалабани тантана қилди. Шунингдек, "аждарлар" чемпионлар лигасида ҳам юришини давом эттирмоқда. Биз шу каби мавзулар борасида жамоанинг легионер ярим ҳимоячиси Марко Станоевичнинг фикрлари билан қизиқдик. 

У ўтган мавсумда қайд этилган натижалар, клуб билан шартномани узайтириш ёки узайтирмаслиги ва Суперлигадаги энг яхши футболчи ким экани ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди. 

маркосс

- Хайрли кун, Марко! Илк саволим ўтган мавсум ҳақида. У ҳақда нималар дея оласиз? Ҳиссиётлар жунбушга келтирган мавсум бўлди, адашмасам...

- Ҳа, албатта! Мавсум ажойиб бошланди ва шу тарзда якунланди. Охирги турларгача ҳаммаси зўр кетаётганди. Кейин мен жароҳат олдим... Шу нарса менга салбий таъсир ўтказди.

- "Насаф" якунланган мавсумни ОЧЛдаги ажойиб старт билан бошлаганди. Кейинчалик кубокда ҳам зафар қучдингиз. Суперлигада ғолиб бўлиш учун нима етишмади? Балки бу сизнинг жароҳатингиздир...

- Биз ОЧЛда тарих ярата олдик. Ўтган йилдаги каби кубокда ҳам энг кучли жамоа бўлдик. Чемпионатни ҳам ютишга ҳаракат қилдик. Аммо афсуски, бу вазифани уддалай олмадик. Балки бизга шунчаки омад етишмагандир...

маркк
 
- ОЧЛ, Суперлига ва Ўзбекистон кубогидан фақат биттасини танлаш керак бўлса, қай бирини афзал кўрардингиз?
 
- Ҳар бири муҳим. Аммо танлаш керак бўлса, менга Суперлига аҳамиятлироқ. Чунки "Насаф" чемпионатда ғалаба қозонмаган ва шунинг ўзи сабаб учун етарли бўлади. 
 
- Клуб сафида шу пайтгача сизга қийинчилик туғдириб келган нарса нима бўлди?
 
- Уч мавсумдан бери "Насаф"да тўп тепиб келмоқдаман. Бу ерда эканимдан бахтиёрман. Саволга келадиган бўлсак, бу жароҳатлар эди, дея оламан. Кўп ўйинларни айнан шу туфайли ўтказиб юбордим.
 
- "Аждарлар"нинг ОЧЛдаги имкониятини қандай баҳолайсиз?
 
- Чемпионлар лигаси - жиддий мусобақа! Биз кучли рақибга қарши баҳс олиб борамиз ва боримизни беришга тайёрмиз. 
 
станоевич
 
- Сизнингча, Ўзбекистонда "Насаф" учун энг жиддий рақиб қайси?
 
- Ўзбекистондаги энг яхши клуб - "Пахтакор"! Менимча, улар бизнинг асосий рақибимиз. "Навбаҳор" ҳам яхши жамоа. Бироқ "шерлар" чемпионатда сўнгги йилларда ғалаба қозониб келмоқда. Биз улардан яхшироқ бўлишимиз лозим.
 
- Тушунарли, чемпион бўлиш учун ҳамма нарса ўз ўрнида бўлиши керак. Аммо бу йил деярли барча клублар ҳакамлар устидан шикоят қилди. Ҳакамлик ва Ўзбекистондаги VAR тизими борасида нима дея оласиз?
 
- Ҳатто жаҳон чемпионатида ҳам шу мавзу катта баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Мен бу тўғрисида гапиришни маъқул кўрмайман. Ҳар бир инсон хато қилади ва бу табиий жараён. 
 
- Йил якунлангач, клуб билан тузилган шартномангиз ниҳоясига етади. Янги келишув борасида раҳбарият билан гаплашдингизми ёки жамоани тарк этиш ҳақида ўйлаяпсизми?
 
- Келаси мавсумга тайёргарлик олиб боряпман. Аммо ростан ҳали шартнома имзоламадим. Кўрамиз, вазият ҳозирча номаълум бўлиб турибди. 
 
стано
 
Қайси жамоалардан таклифлар мавжуд. Яна Ўзбекистонда қолиш режангизда борми?
 
- Ҳозир таклифлар ҳақида ўйлаётганим йўқ. Имкон бўлиши билан майдонга қайтишни истаяпман. "Насаф"га яхши натижалар учун ёрдам беришни хоҳлайман.
 
- Бу ерда сиз қарши тўп тепган учта энг кучли футболчи...
 
- Мамлакатингизда савияли футболчилар етарлича. Мен учун Драган Черан энг кучлиси! Охирги йилларда у фантастик ўйин намойиш этмоқда. 
 
Очиғи, ҳамма клубдан яхши футболчиларни санаб беришим мумкин. Ҳозир фақатгина икки футболчи номини айтсам, адолатсизлик қилган бўламан!

- Тушунарли! Алоҳида вақт ажратиб, жавоб берганингиз учун раҳмат! Келгуси фаолиятингизга муваффақиятлар тилаб қоламиз!!!

- Сизга ҳам раҳмат! Саломат бўлинг!!!

 

Шоҳрух Зоиров суҳбатлашди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Javli Ruzimuradov
28/12/2022 06:25
Марко сен хам ду́стинга ён босибсан