“Машъал” ўз сафига янги легионер ҳужумчи қўшиб олди
“Машъал” Влатко Стояновский билан шартнома имзолади. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати маълум қилди.
“Машъал” футбол клуби янги мавсум олдидан таркибни кучайтириш мақсадида Шимолий Македония миллий терма жамоаси ҳужумчиси Влатко Стояновский билан расман шартнома имзолади.
28 ёшли марказий ҳужумчи халқаро майдонларда тобланган тажрибали футболчи ҳисобланади. У Евро-2020 финал босқичида иштирок этган бўлиб, Нидерландия терма жамоасига қарши учрашувда майдонга тушган. Стояновский терма жамоа сафида 10 та ўйин ўтказиб, 2 та гол муаллифи бўлган. 2019 йилда Австрияга қарши Евро саралаш баҳсида захирадан майдонга тушиб, қисқа вақт ичида гол уришга муваффақ бўлган. Шунингдек, Миллатлар лигасида Эстония дарвозасини ишғол қилган.
Фаолияти давомида Влатко Франциянинг «Ним» клуби сафида Лига 1 учрашувларида қатнашган, шунингдек Хорватиянинг «Горитса» ҳамда Болгариянинг «Левски» жамоаларида тўп сурган. Бўйи 187 см бўлган ҳужумчи жисмоний устунлиги ва жарима майдончасидаги самарали ҳаракатлари билан ажралиб туради.
Влатко Стояновскийнинг жамоамиз сафига қўшилиши «Машъал»нинг янги мавсум олдидан-олдига қўйган мақсадлари жиддий эканини кўрсатади”, - дейилади муборакликларнинг хабарида.

Фикрлар